icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Халқ қаҳрамонлари ҳурмат ва эъзозда

08.05.2025

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган.

Мажмуа юқоридан қараганда давлатимиз байроғидаги ярим ой ва ўн икки юлдуз шаклида намоён бўлади. Қарийб икки метрли юлдузларнинг қирралари битиктош вазифасини ҳам ўтайди. Уларнинг ён тарафларига 196 нафар қаҳрамонларимиз номи зарҳал ҳарфлар билан ёзилган. Бу битиклар ёнига мониторлар ўрнатилган бўлиб, миллат фидойилари  тўғрисида маълумотлар фото ва видеолар орқали намойиш этиб борилади. Яъни, уларнинг фақат номи эмас, болалиги, орзулари, иши ва оиласи кўз олдимизда жонланади.

Байроғимиздаги ярим ой мўъжаз амфитеатр шаклида хиёбонга кўрк бағишлаган. Унинг тепасидан поклик рамзи – сув оқиб туради. Ойнинг орқа тарафидаги ҳайкалтарошлик композицияси бадиий ғояга якун ясаган. Унинг марказида фарзандини ҳарбий хизматга кузатган ота-она сиймоси гавдалантирилган. Икки ёнида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Олий суд ва прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия каби тузилмалар хизматчилари акс эттирилган.

Президентимиз шу ерда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди.

– Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирди.

– Бу жасур ўғлонлар таҳликали вазиятда ўзини ўйламай, бурчига содиқ қолиб, халқи учун жонини фидо қилган. Ҳозирги тинчликда, осмонимиз мусаффолигида уларнинг катта ҳиссаси бор. Оилалари, барча яқинлари билиши керакки, улар орамизда худди тирикдек, номлари ҳеч қачон ўчмайди. Буни мана шу майдонда муҳрлаб қўйдик. Мен уларнинг ота-оналарига, турмуш ўртоқларига таъзим қиламан. Фарзандлари қаҳрамон оталарига муносиб бўлишини истайман, – дея таъкидлади Президент.

Миллат фидойилари туғилган туманларда хотира тадбирлари ўтказиш, уларнинг мардлигини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, қаҳрамонликлари ҳақида асарлар ёзиш зарурлиги таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

– Аввало, сизларни, сиз орқали барча фахрийларимизни Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклайман. Халқимиз номидан барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сизларнинг қаҳрамонлигингиз туфайли бугунги авлодлар шундай тинчлик-фаровонликда яшаяпти. Бу тинчликнинг қадрини ёшларимизга сизлар орқали етказишимиз керак. Ҳаётингизнинг ўзи бизга намуна. Ҳар бир гапингиз жуда катта таълим, билим. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам бўлиб, кўп йиллар фахримиз, дуогўйимиз бўлиб юринг, – дея тилак билдирди Шавкат Мирзиёев.

Нуронийлар юртимизда тарихий хотира улуғлангани, кексаларга катта ҳурмат-эътибор кўрсатилаётганини айтиб, дуолар қилишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19 февралдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб ҳурмат кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари берилмоқда. Кўплаб муҳтарам нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилмоқда.

Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.

Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, юмушларига ёрдамлашилмоқда.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo