
19.03.2025
Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди.
Юртимизда бу соҳа иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналишга айланди. Сўнгги беш йилда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони 2 карра кўпайди. Уларда 10 миллион 500 минг одам – жами банд аҳолининг 74 фоизи даромад топиб, рўзғор тебратаяпти. Иқтисодиёт ҳажмининг ярмидан кўпи, саноат ва экспортнинг учдан бири шу соҳа вакиллари ҳиссасига тўғри келаяпти.
Ушбу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатимиз иқтисодиёти учун кичик ва ўрта бизнес қанчалик муҳимлигини яққол кўрсатиб турибди. Давлатимиз раҳбари шу боис бу йўналишни қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлади.
– Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – бизнинг стратегик йўлимиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда кичик ва ўрта бизнес йўналишидаги устувор вазифалар ҳақида фикр алмашилди.
Хусусан, 2025 йилда унинг иқтисодиётдаги улушини 55 фоизга кўтариб, 70 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратиш;
- янги бозорларга кириб боришда транспорт, сертификат ва стандартига кўмаклашиб, кичик бизнес экспортини ўтган йилги 9 миллиарддан 12 миллиард долларга олиб чиқиш;
- ичимлик суви, канализация, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик, етказиб бериш, утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда кичик бизнес улушини 2-3 карра ошириш;
- 1,5 миллион доимий иш ўрни ташкил қилиб, соҳада банд аҳоли улушини 75 фоизга етказиш;
- 100 нафардан кўп ишчиси бор корхоналарни 4 мингтага олиб чиқиш;
- кичик бизнесда янги 100 та бренд маҳсулот чиқаришни йўлга қўйиш;
- кичик бизнес иштирокида 200 та стартап лойиҳаларни молиялаштириш каби катта мақсадлар қўйилмоқда.
Бу борада хорижий экспертлар билан бирга дастур ишлаб чиқилди. Унга 2025 йилда барча манбалар ҳисобидан 10 миллиард доллар йўналтирилмоқда.
Президентимиз бунинг самарасида кичик ва ўрта бизнесга яратиладиган янги имкониятларни алоҳида қайд этиб ўтди.
Хусусан, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 22 триллион сўмлик имтиёзли ресурс ажратилади. Шунинг 2,5 триллион сўми ёшларга, яна шунчаси аёллар тадбиркорлиги лойиҳалари учун йўналтирилади. Аёл тадбиркорларга кредит ставкаси бошқаларга нисбатан 2 фоиз арзон бўлади.
Жорий йилдан кичик бизнесга 300 миллион сўмгача кредит берила бошланди. Энди охирги бир йилда йириклашиб, кичик ёки ўрта корхонага айланган тадбиркорларга шунинг 150 миллион сўми гаровсиз берилади. Шунингдек, оилавий тадбиркорлик бўйича ҳам 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит бўлади.
Бизнесни молиялаштиришда муқобил манба сифатида венчур фондлар оммалашмоқда. Беш йилда улар иштирокида 145 миллион долларлик 53 та стартап лойиҳа амалга оширилган.
Буни кенгайтириш мақсадида давлат банклари томонидан яна 3 та венчур компания очилиб, 50 миллион доллар фонд шакллантирилди. Хориждан ҳам яна 50 миллион доллар жалб қилинади. Бу бизнесни бошлаётган тадбиркорлар учун қўшимча имконият бўлади. Энг муҳими, бундай лойиҳалар иқтисодиётга янги йўналиш, технология, инновация ва юқори қўшилган қиймат олиб киради.
Стартап орқали яратилган юқори самарали инновацион маҳсулот ёки хизматлар техник регламент ва стандартларга киритилади. Бу уларга давлат буюртмаси учун йўл очади.
Бизнес учун яратилган шароитлар эвазига сўнгги уч йилда 250 минг янги корхона ташкил топди. Энди уларнинг фаолияти кенгайиши учун жой ва бино керак. Шу боис ҳокимлар ер танлашда, энг аввало, ишини йўлга қўйиб, ривожланиш истагида юрган тадбиркорлар сўраган жойларни аукционга чиқариши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Яна бир янгилик: бу йил Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот туманлари ҳамда Янгийўл ва Марғилон шаҳарларида барча давлат идоралари битта кўп қаватли бинога кўчирилади. Улардан бўшайдиган 150 та бино аукционда тадбиркорларга таклиф қилинади.
Бундай янгиликлар қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бор. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Тошкент ва водий вилоятларида 5 минг гектардан зиёд ер янгича тартибда ижарага берилмоқда. У ерда тадбиркорлар ўзи хоҳлаган экинни экиб, бир қисмига сақлаш, саралаш, қадоқлаш қувватлари қуриши ҳам мумкин. Бу йил яна 30 минг гектар ер шундай тизим асосида савдога чиқарилиши айтилди.
Яқинда “Узагростар” холдинг компанияси ташкил қилинган эди. Унинг таркибида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 16 та компания очилди. Энди, бу компаниялар ҳар бир вилоятда мева-сабзавотни қайта ишлайдиган агросаноат мажмуалари қуради. Бунга дастлабки босқичда яна 200 миллиард сўм берилади.
Салоҳиятли йўналишлардан яна бири – ишлаб чиқариш. Жойларда бунга интилувчилар кўп, лекин ҳаммаси ҳам ишни нимадан бошлаш, қаердан мутахассис ва технология олиб келишни билмайди.
Шу боис, 20 та туманда кичик ва ўрта саноат корхоналарини ривожлантириш бўйича лойиҳа офислари очилиши маълум қилинди. Уларга хорижий муҳандис, технолог, дизайнер, бухгалтер ва маркетологлар олиб келинади. Бунга шу йилнинг ўзида 100 миллиард сўм ажратилади.
Бундан ташқари, кичик бизнесда янги “драйвер” бўладиган ускуна ва дастгоҳлар, тиббий воситалар, электроника саноати, логистика каби соҳаларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилиниши айтилди.
Янги тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” учун фаолиятининг биринчи йили муҳим. Шу боис уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “биринчи имконият” тамойили жорий этилади. Яъни, илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик қилган тадбиркор жавобгарликдан озод қилиниб, камчиликни бартараф этиш учун имконият берилади.
Ҳозирда фаолиятни тугатиш учун барча тоифадаги тадбиркорларга бир хил талаб белгиланган. Энди бу жараён ҳам соддалашади. Охирги уч йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошмаган, солиқдан қарзи бўлмаган корхонани ихтиёрий тугатишда текширув ўтказилмайди.
Маълумки, юртимизда 2028 йил 1 январга қадар қўшимча қиймат солиғи ва фойда солиғи ставкаси оширилмаслиги белгиланган. Энди кичик ва ўрта бизнесга қўшимча талаб ва мажбурият юклайдиган меъёрий ҳужжатлар қабул қилишга ҳам уч йиллик мораторий эълон қилинди.
Фермерлар учун ҳам муҳим янгилик: солиқдан қарзини вақтида тўлай олмагани учун шу пайтгача йиғилиб қолган 1 триллион сўмлик пеняни ундиришдан воз кечилди.
Дунёда кенг ривожланаётган сунъий интеллект, рақамли ва яшил технологиялар, креатив хизматлар соҳасидаги лойиҳаларга ҳам қулай шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.
Ўзбекистонда кичик бизнесни ривожлантириш стратегиясини халқаро молия ташкилотлари ҳам қўллаб-қувватламоқда. Президентимиз учрашувда Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлигининг ваколатхоналари раҳбарлари билан ҳам мулоқот қилди. Халқаро молия ташкилотларига амалий ҳамкорлиги ва кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Учрашувда тадбиркорлар сўзга чиқиб, фаолиятини кенгайтириш, янги бозорларга кириб бориш, стандартларни ўрганиш, бренд яратиш, стартапларни юзага чиқариш бўйича таклифларини айтди. Давлатимиз раҳбари бунинг учун Кичик бизнес уюшмаси ташкил қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Тадбиркорлар ҳамиша қонун ва давлат ҳимоясида экани таъкидланди.
– Президент доимо сизларга энг яқин кўмакчи, таянч ва суянч бўлади. Сизлар янгилик қилишдан чарчаманглар, мен қўллаб-қувватлашдан чарчамайман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Учрашувда муҳокама қилинган масалалар ва таклифлардан келиб чиқиб, Президент фармони қабул қилинадиган бўлди. Ушбу фармондаги енгилликлар қўшимча ҳужжатларни кутмасдан тўғридан-тўғри амалиётга киритилади.