14.04.2026
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 апрель куни уй-жой қурилиши ва урбанизация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда жойлардаги студиялардан видеоалоқа орқали 500 дан зиёд тадбиркор, қурувчи, лойиҳачи, архитектор ва урбанистлар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари барча тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш бўйича белгиланган катта марраларга эришишда қурилиш соҳаси алоҳида ўрин тутишини таъкидлади. Таҳлилларга кўра, қурилишга киритилган ҳар 1 доллар иқтисодиётга 2-3 долларлик самара келтиради, соҳада яратилган битта иш ўрни эса бошқа тармоқларда яна 5 тагача иш ўрнининг пайдо бўлишига хизмат қилади.
Сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизда қарийб 10 мингта янги қурилиш корхонаси иш бошлади. Айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та, 100 миллиард сўмдан юқори кўрсаткичга чиққан 365 та йирик компания шаклланди. Лойиҳа ташкилотлари сони 2 мингдан ошиб, уларнинг 650 дан зиёди халқаро сертификат олди.
Шу даврда қурилиш соҳасида рухсат бериш босқичлари 3 карра, муддатлар 4 карра қисқартирилди. 420 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари бирлаштирилиб, эскилари бекор қилинди ва 140 та янги норма ва қоида тасдиқланди.
Натижада ўтган йиллар мобайнида 210 миллион квадрат метр бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жой барпо этилди. Қурилиш ишларининг ҳажми 2016 йилдаги 30 триллион сўмдан ўтган йили 314 триллион сўмга етди. Бугун қурилиш, қурилиш материаллари ва уларга ёндош соҳаларда 3,5 миллион аҳоли банд.
Таъкидланганидек, тадбиркорлик учун ҳар йили 6,5 минг гектар ер, 600 минг квадрат метр бино-иншоотлар савдога чиқарилмоқда, кичик ва ўрта бизнес учун 140 триллион сўм ресурс ажратилмоқда. Лекин ер ва кредит каби асосий масалалар ҳал этилган бўлса-да, тадбиркорлар қурилишни бошлаш босқичида ҳалигача турли тўсиқларга дуч келмоқда, бу жараёнлар ойлаб-йиллаб чўзилмоқда.
Йиғилишда урбанизация масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда юртимиз аҳолиси 38 миллиондан ошиб, урбанизация даражаси 51 фоизга етган, қарийб 20 миллион нафар аҳоли шаҳарларда яшамоқда. Давлатимиз раҳбари урбанизация даражасининг ҳар 1 фоизга ўсиши иқтисодиётга камида 1 фоиз қўшимча ўсиш олиб келишини, инвестиция оқими, бизнес ва стартаплар фаоллиги, меҳнат унумдорлиги шунга мутаносиб равишда ортишини таъкидлади. Шу боис, республикада урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича ягона ёндашув бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Қайд этилганидек, бош режаларни ишлаб чиқиш учун бюджетдан йилига 200-250 миллиард сўм ажратилмоқда. Мазкур маблағлар, аввало, бош режаси йўқ ёки эскирган ҳудудларга йўналтирилиши лозим. Айни пайтда кичик шаҳар ва шаҳарчаларда ҳам йирик лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлар кўп, аммо шаҳарсозлик ҳужжатлари йўқлиги туфайли уларнинг ишлари тўхтаб қолмоқда.
Вилоят ҳокимлари ва Урбанизация қўмитасига жорий йилнинг ўзида бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та шаҳар ва 44 та шаҳарча бўйича бош режаларни, 104 та қишлоқ бўйича мастер-режаларни якунлаш, бундан ташқари, ташаббускор тадбиркорлар билан бирга яна 50 та аҳоли пункти учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.
Йиғилишда бош режа йўқлиги важи билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилгани, бу эса 4 минг гектар ерни активга айлантириш имконияти ва бюджет учун қўшимча 550 миллиард сўм тушумни бой беришга сабаб бўлгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан уч ой ичида ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз, 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш вазифаси қўйилди.
Қолаверса, бош режаларни тасдиқлаш билан чекланиб қолиш мумкин эмаслиги таъкидланди. Уларда белгиланган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр тармоқлари ва йўлларнинг қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилиши аниқ кўрсатилмагани танқид қилинди. Ҳар бир тасдиқланган бош режа бўйича уни амалга оширишнинг йилма-йил комплекс дастурлари ишлаб чиқилиши, бу аҳоли, тадбиркорлар ва мутасаддиларга етказилиши шартлиги қайд этилди.
Шу боис, ҳар бир вилоят ҳокимига икки ой муддатда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни яратиш топширилди. Улардаги тадбирларнинг қайси қисми республика ва маҳаллий бюджетдан, қайси қисми халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан молиялаштирилиши аниқ белгилаб берилиши шартлиги кўрсатилди.
Ер ва объектларни иқтисодий фаолиятга жалб этиш бўйича ҳам жиддий камчиликлар қайд этилди. Сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ернинг 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Шунингдек, аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси ва 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай тургани кўрсатиб ўтилди.
Бунда хусусийлаштириш дастурини шакллантиришда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни сезилмаётгани, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаётгани танқид қилинди. Аслида, ҳар бир объектни сотишда ҳудудга инвестиция жалб қилиш ва маҳалла учун янги иш ўрни яратиш биринчи ўринда туриши лозимлиги таъкидланди.
Шу боис, энди хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлигини таъминлашда ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенг масъул бўлиши белгиланди. Хусусийлаштириш доирасида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш амалиёти ҳам бекор қилинади.
Йиғилишда қурилиш соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Ўтган йили қурилиш билан боғлиқ 2 миллион 600 мингдан зиёд аризанинг учдан бири рад этилгани, бу ҳолат ортида кўп ҳолларда коррупция ва ортиқча бюрократик ғовлар тургани қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бундай муаммоларга барҳам беришнинг энг самарали йўли рақамлаштириш ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш эканини таъкидлади.
Ҳозирги тизимда аҳоли ва тадбиркорлар аввал лойиҳалашга рухсат олиш, кейин архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш учун алоҳида-алоҳида ариза бериб, ойлаб вақт йўқотмоқда. Тошкент шаҳрида ушбу икки хизматни бир босқичда кўриб чиқиш тажрибаси жорий этилгани ва натижада ҳужжатларни келишиш муддати 3-4 карра қисқаргани маълум қилинди. Мазкур тажрибани 1 июлдан бошлаб барча ҳудудларда жорий қилиш топширилди.
Коммунал тармоқларга уланиш бўйича техник шарт олишда ҳам аҳоли ҳар бир идорага алоҳида мурожаат қилишига тўғри келмоқда. Энди 1 июлдан битта ариза ва битта тўлов орқали электр, газ, сув ва канализация тармоқлари бўйича техник шарт олиш имкони яратилади.
Сансалорликнинг яна бир сабаби сифатида жойларда шаҳарсозлик кенгашига аъзо 26 та идора ўртасида ўзаро мулоқот ва ҳамкорлик йўқлиги кўрсатилди. Шу муносабат билан шаҳарсозлик кенгашига Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг ўзи бошчилик қилиши, тадбиркор масаласига якуний ечим берадиган тизим жорий этилиши белгиланди.
Мутасаддиларга уч ой ичида қурилишга рухсат олишдан тортиб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, талаблар, муддатлар ва тўловларни камида икки баробарга қисқартириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Қурилиш сифати ва назорат масалалари ҳам танқидий муҳокама қилинди. Ўтган йили қурилиш объектларида лойиҳачи ва буюртмачи назоратчилари томонидан 42 мингта камчилик, Қурилиш инспекцияси томонидан эса яна 250 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланган. Бунга лойиҳачи ва буюртмачиларда муаллифлик ҳамда техник назорат бўйича манфаатдорлик пастлиги сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Шу боис, жорий йил 1 июндан бошлаб давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ KPI асосида баҳоланиши, ходимлар ойлиги 3 карра оширилиши белгиланди. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун объект қийматининг 5 фоизигача маблағ ажратилади, муаллифлик назорати учун эса алоҳида шартнома асосида тўлов қилинади. Энди техник ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудратчи билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўрилади, лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги пасайтирилади.
Йиғилишда халқаро молия ташкилотлари иштирокида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ҳозирги кунда мазкур йўналишда 20 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мутасаддилар ва буюртмачи вазирлик-идоралар халқаро молия ташкилотлари билан музокараларда маҳаллий қурувчилар имкониятларини етарлича ҳимоя қилмаётгани, шартнома шартларини белгилашда уларнинг манфаатини кўзламаётгани, халқаро тендерларда иштирок этиш шартларини ўргатиш бўйича тизимли иш олиб бормаётгани танқид қилинди.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини таъминлаш масаласи доимий диққат марказида бўлиши шартлиги таъкидланди. Сўнгги йилларда 56 та “Янги Ўзбекистон” массиви инфратузилмаси учун 4 триллион 100 миллиард сўм ажратилган, жорий йилда эса ушбу мақсадлар учун яна 1 триллион 400 миллиард сўм йўналтирилмоқда.
Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар бу йил мазкур массивларда 34 минг хонадонни қуриб битказиши шартлиги қайд этилди. Қурилиши давом этаётган массивларни кенгайтириш фақат ўша ҳудуддаги квартираларнинг камида 85 фоизи эгаларига топширилганидан кейин рухсат этилиши белгиланди.
Умуман, жорий йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш зарурлиги таъкидланди. Бунда реновацияга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги билдирилди.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш ва креатив муҳитни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Архитектор, лойиҳачи ва урбанистика соҳаси учун биринчи креатив паркни Тошкент шаҳрида ташкил қилиш, кейинчалик бундай паркларни ҳудудларда ҳам барпо этиш ишларини бошлаш топширилди. Бундан ташқари, янги ўқув йилидан урбанизация, кадастр ва геодезия соҳалари учун кадрлар тайёрлайдиган, ўзини ўзи молиялаштирувчи олийгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Унинг таркибида ўрта бўғин мутахассислари учун техникум ҳам ташкил этилади.
Йиғилиш якунида Президентимиз соҳа ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади. Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди.


