
30.07.2025
Давлатимиз раҳбарига 30 июль куни Самарқанд вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар юзасидан ахборот берилди.
Самарқанд – аҳоли сони ва ўсиши бўйича республикамизда энг йирик ҳудуд ҳисобланади. Бу янги уй-жойлар, инфратузилма, иш ўрни, таълим ва тиббиётга талаб ошади, дегани. Сўнгги саккиз йилда вилоятда 1 минг 132 та кўп қаватли уй қурилиб, 56 минг оиланинг турмуш шароити яхшиланган. Мактабгача таълим қамрови 21 фоиздан 73 фоизга, олий таълимда 10 фоиздан 45 фоизга етган.
Иқтисодиётда тўқимачилик, металлургия, электр техникаси, қурилиш материаллари, туризм жадал ривожланмоқда. Бунёдкорлик, йирик лойиҳалар ва юқори даромадли иш ўринлари аҳолининг эртанги кунга ишончини оширмоқда.
Вилоятда камбағаллик даражаси йил бошидан бери 7,5 фоиздан 6,4 фоизга камайган. Йил якунигача 150 минг одамни ишга жойлаб, 90 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсад қилинган.
Ўтган саккиз йилда ҳудудда саноат маҳсулотлари 1,7 баробар ўсиб, ҳозир 45 триллион сўмдан ошган. Лекин бу натижаларнинг 37 фоизи Самарқанд шаҳрига, 23 фоизи Жомбой, Самарқанд ва Ургут туманларига тўғри келади. Қўшработ, Пайариқ ва Нурободда саноат нисбатан ривожланмаган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббусига мувофиқ, Самарқанд вилоятида ҳам “Ислоҳотлар штаби” тузилди. Тақдимотда тадбиркорларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.
Масалан, Нуробод туманида 115 гектарда махсус саноат зонаси ташкил қилиш таклиф этилмоқда. У ерда 472 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 1 минг 200 та иш ўрни яратилади. Қўшработ туманида хитойлик инвесторнинг 40 миллион доллар тўғридан-тўғри сармояси ҳисобига гранит тошини қазиб олиш ва қайта ишлаш мўлжалланган.
Булунғурлик тадбиркор “in vitro” лаборатория ташкил этиб, картошка уруғи бўйича бренд яратишга киришган. Туманда 100 миллион долларлик биофармацевтика корхонасини ишга тушириш ҳам режалаштирилган.
Умуман, вилоятда 1 миллиард 200 миллион долларлик 14 та янги лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 12 минг иш ўрни, 82 миллион долларлик экспорт имконияти очилиши кўзда тутилган.
Президентимиз бу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, лойиҳаларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Ҳар бир туман-шаҳарнинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт имкониятларини тенгма-тенг ошириш зарурлиги таъкидланди.