27.07.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, №ПҚ-3149, 27 июль 2017 йил
Ижро иши юритишни амалга оширишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, нарх-наво манипуляцияси ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари сўзсиз ижро этилишини таъминлаш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки, 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдолари фақатгина “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилади;
электрон онлайн-аукционлар уларда Интернет тармоғи орқали иштирок этиш имконини берадиган ҳамда буюртмаларни қабул қилиш ва ғолибни аниқлаш тартиб-таомилларига аралашувни истисно этадиган махсус дастурий маҳсулотдан фойдаланилган ҳолда ўтказилади;
электрон онлайн-аукционлар ўтказилиши ҳақидаги хабарнома ва лот тўғрисидаги маълумот электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли операторнинг веб-порталида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармалари веб-сайтларида аукцион ўтказиш бошланишига 10 календарь кундан кечиктирмасдан жойлаштирилади;
электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон буюртма бериш ва закалат киритиш орқали амалга оширилади;
дастлабки электрон онлайн-аукцион нархни ошириб бориш тамойили, такрорийлари эса нархни тушириб бориш тамойили бўйича ўтказилади;
мол-мулк электрон онлайн-аукционга баҳолаш қиймати бўйича қўйилади;
давлат ижрочилари электрон онлайн-аукционларда сотилмаган мол-мулкни арзонлаштиришга ҳақли эмас.
2. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Бюро ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил қилиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш;
мол-мулкни электрон онлайн-аукционларда реализация қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
фуқароларни электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш тартиби, шунингдек, савдога қўйилган мол-мулк ҳақида кенг хабардор қилиш;
электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш учун электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини бериш;
мол-мулкни сақлаш, ташиш, сақлаб туриш ва савдога тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Бюро Марказнинг муассиси (мулкдори) ҳисобланади;
Марказ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли оператор ҳисобланади;
Марказ ўз фаолиятини амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида филиаллар ташкил этишга ҳақли;
Марказ фаолиятини молиялаштириш электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш, электрон рақамли имзо калитларини бериш хизматлари учун тушаётган маблағлар, асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар, шунингдек, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
5. Қуйидагилар:
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Бюро бир ой муддатда:
Марказнинг Уставини тасдиқласин ва унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Марказни унинг фаолиятини юқори ва профессионал даражада самарали ташкил этишга қодир бўлган малакали кадрлар билан тўлдирсин;
Марказни мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва бошқа зарур моддий-техника ресурслари билан жиҳозласин.
7. Марказ унинг моддий-техника базасини ривожлантириш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, компьютер ва сервер техникаси, техника воситалари, дастурий маҳсулот ва бошқа моддий-техника ресурслари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан 3 йил муддатга озод қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. Бюро Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда теле- ва радиоканалларда, босма нашрларда, Интернет тармоғида, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситаларида мазкур қарор нормаларининг мазмун-моҳияти электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш ва уни ўтказиш натижаларига кўра мол-мулкни реализация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда кенг ёритилишини ташкил қилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри, 2017 йил 27 июль
Суд ҳокимияти қарорларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган одил судловни қарор топтириш борасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий йўналишларидан бири бу – суд қарорларини ижро этишнинг самарали тизимини яратиш ҳисобланади.
Шу мақсадда мамлакатимизда қонунийлик, адолат ва ижро иши юритишдаги томонлар ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш принциплари асосида фаолият юритадиган мажбурий ижро институтларини шакллантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Бюро фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича “Йўл харитаси” фаол амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил ижро ишини юритишда коррупциявий хавф-хатарларни ўз ичига олган, қонунларнинг бузилиши ва фуқароларнинг асосли норозилигига сабаб бўлаётган айрим механизмлар ҳанузгача сақланиб келаётганлигини кўрсатди.
Суд қарорларини ижро этиш доирасида ташкил этилаётган оммавий савдолар замонавий талабларга жавоб бермайди ҳамда хатланган мол-мулкнинг олди-сотди бозорини монополиялаштиришга, нарх бўйича манипуляцияларга ва бошқа коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга замин яратган.
Аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабарномаларни фақат босма нашрларда чоп этишни, аукционларга иштирок этишга ёзма равишда шахсан бериладиган аризалар асосида қўйишни назарда тутувчи оммавий савдоларни ташкил этишнинг анъанавий усуллари инсофсиз савдо ташкилотчилари томонидан салоҳиятли харидорларнинг аукционда иштирок этишини чеклаш, мол-мулкни паст нархларда сотиш учун сохта аукционларни ўтказишга ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл очиб берган.
Ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги юқорида кўрсатилган камчиликлар сотувга чиқарилган мол-мулкнинг бир неча маротаба арзонлаштирилишига, мол-мулкни сотиш жараёнларининг чўзилиб кетишига олиб келган ва пировард натижада суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишига имкон бермаган.
Шу муносабат билан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси талаблари ижроси юзасидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида хатланган мол-мулкни реализация қилиш механизмларини тубдан ўзгартириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва онлайн-савдо усулларини жорий этиш орқали аукцион ўтказиш тартиботларининг максимал шаффофлигини таъминлаш кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2017 йил 1 сентябрдан бошлаб хатланган мол-мулкни сотиш бўйича оммавий савдолар фақат “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилади.
Савдоларни ўтказишнинг янги тартиби фуқаролар учун электрон онлайн-аукционларда кенг иштирок этиш ҳамда кўчмас мол-мулк, автотранспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни адолатли ва шаффоф савдоларда сотиб олиш имкониятини таъминлайди.
Электрон онлайн-аукционлар Интернет тармоғида аризаларни қабул қилиш ва ғолибни аниқлаш жараёнларига ҳар қандай аралашувга йўл қўймайдиган махсус дастурий мажмуадан фойдаланган ҳолда ташкил этилади ва ўтказилади.
Электрон онлайн-аукционларга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон аризани Интернет тармоғи орқали берган ва мол-мулк баҳоланган қийматининг 5 фоизи миқдоридаги закалат пулини тўлаган шахслар қўйилади.
Бунда киритилган закалат пуллари ғолиб томонидан мол-мулкнинг қийматини тўлашда тўлов суммасига қўшиб ҳисобланади. Аукционда ғолиб бўлмаган бошқа иштирокчиларга эса аукцион якунлангандан сўнг закалат пуллари тўлиқ қайтарилади, аукцион давомида ўз мажбуриятларини бажармаган иштирокчилар бундан мустасно.
Электрон рақамли имзога эга бўлмаган иштирокчиларга уни Интернет орқали буюртма қилиш имконияти яратилади.
Электрон онлайн-аукционлар ҳар куни соат 9.00 дан 18.00 га қадар ўтказилади. Иштирокчилар унда масофадан туриб, шу жумладан, мобиль дастурий иловалардан фойдаланган ҳолда иштирок этишлари мумкин.
Дастлабки аукционлар нархни ошириб бориш тамойили асосида ўтказилиб, унда лот нархи бўйича охирги тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб топилади. Агар аукцион бошланиши пайтига қадар унда иштирок этишга фақат 1 нафар иштирокчи томонидан ариза берилган бўлса, бу иштирокчи мол-мулкни аукционга қўйилган бошланғич нархда сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Дастлабки аукционлар мол-мулкка қизиқиш бўлмаганлиги сабабли ўтказилмаган деб топилган тақдирда, нархни тушириб бориш тамойили асосида такрорий аукционлар ўтказилади. Бундай аукционларда эълон қилинган лот нархини биринчи тасдиқлаган иштирокчи ғолиб деб топилади.
Электрон онлайн-аукционларда ғолибларни аниқлаш ташқаридан аралашувни истисно қилган ҳолда автоматик тарзда амалга оширилади. Аукцион ғолиби аукцион якунланиши билан дарҳол эълон қилиниб, аукцион натижалари тўғрисидаги баённома автоматик равишда шакллантирилади.
Аукцион ғолиби сотиб олинган мол-мулкнинг тўлиқ қийматини аукцион якунланган кундан бошлаб 5 иш куни давомида тўлаш ҳуқуқига эга бўлиб, тўлов амалга оширилгандан сўнг унга махсус бланкда расмийлаштирилган аукцион натижалари тўғрисидаги баённома топширилади ёки почта жўнатмаси билан жўнатилади.
Аукцион натижалари тўғрисидаги баённома олди-сотди шартномаси кучига эга бўлиб, мол-мулкка қўйилган тақиқни ечишга, уни ғолибга топширишга, шунингдек, мол-мулкни, унга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа мулкий ҳуқуқларни ғолиб номига рўйхатга ёки ҳисобга қўйишга асос бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари, қарор билан Бюро ҳузурида «Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш бўйича марказ» давлат унитар корхонаси ташкил этилди ва у "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишга ваколатли оператор ҳисобланади.
Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш;
мол-мулкни электрон онлайн-аукционларда реализация қилиш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш;
фуқароларни электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш тартиби, шунингдек, савдога қўйилган мол-мулк тўғрисида кенг хабардор қилиш;
электрон онлайн-аукционларда иштирок этиш учун электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини бериш;
мол-мулкни сақлаш, ташиш, сақлаб туриш ва савдога тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш.
Шу билан бирга, қарор билан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарор суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бозорини монополиядан чиқариш ва унинг максимал шаффофлигини таъминлаш, ушбу соҳада нарх билан боғлиқ найранглар ва бошқа коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, уй-жой ва нотурар кўчмас мулкларни, автотранспорт воситалари ва бошқа турдаги мол-мулкни очиқ ва адолатли оммавий савдоларда (электрон онлайн-аукционларда) сотиб олиш жараёнларига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этишга қаратилган.