
11.06.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг “China State Construction”, “China General Nuclear Power”, “CAMCE”, “Goldwind” ва “ZTO Express” компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Хитой бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ҳар доимгидек юқори эканини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида ушбу мамлакатдан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
"China State Construction" компанияси директорлар кенгаши раиси Чжен Сюэсюан билан суҳбатда Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик натижалари юксак баҳоланди. Тошкент шаҳрида маданият объектларини ташкил этиш бўйича истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Тошкент вилоятида саноат зонасини барпо этиш лойиҳасини бошлаш ҳамда компания автомобиль йўллари қурилишида иштирок этиши тўғрисида келишиб олинди.
"China General Nuclear Power" корпорацияси раиси Ян Чанли билан музокараларда тоғ-кон саноатида шерикликни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди. Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва янги конларни ўзлаштиришга қизиқиш билдирилди. Компаниянинг гибрид қуёш электр станциясини қуриш ва божхона юкларини сканерлаш технологияларини жорий қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
"CAMCE" корпорацияси раиси Ван Бо билан пойтахтимизда Олимпия шаҳарчасини барпо этиш бўйича биргаликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Компания бошқарувида Тошкент шаҳридаги "Янги авлод" индустриал технопарки жадал ривожланаётгани қайд этилди.
Қўшма ташаббуслар портфелини кенгайтириш, хусусан, электр энергетикаси ва Янги Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантириш лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
"Goldwind" компанияси раиси Ву Ганг билан компаниянинг "яшил" энергетикани ривожлантиришдаги иштироки юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда компания билан биргаликда шамол электр станциялари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шамол генераторлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
"ZTO Express" компанияси раҳбари Ху Сянлян давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонда товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишга кўмаклашиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш ва "ақлли" логистика омборларини ташкил этиш нияти ҳақида маълумот берди.