
30.05.2025

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Саммитни юксак даражада ташкил этгани ва анъанавий меҳмондўстлик учун Қозоғистон Республикаси Президенти, ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелович Тоқаев шаънига айтилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Италия Вазирлар Кенгаши Раиси, ҳурматли Жоржиа Мелони хонимга бугунги учрашувни ташкил этиш ҳақидаги ташаббуси учун яна бир бор ташаккур изҳор этаман.
Биз ушбу анжуманни яқинда Самарқанд шаҳрида ўтказилган саммитда Марказий Осиё минтақасининг Европа билан стратегик шериклиги ҳақида эришилган келишувлар натижаси, деб билишимизни таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ўзбекистон томони ушбу форматдаги самарали амалий ҳамкорликни, аввало, мамлакатларимизнинг технологик, саноат ва интеллектуал салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ривожлантиришга қатъий азму қарор қилган.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Учрашувимиз учун таклиф этилган кун тартибини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Глобал ва минтақавий сиёсий жараёнларнинг бугунги реал шароитида, хавфсизлик ва тараққиётга умумий таҳдидлар кучайиб бораётган бир пайтда Италия билан кўптомонлама мулоқот майдонини ишга туширишимиз ниҳоятда зарур эди, деб ҳисоблайман.
Мамлакатларимизни кўп асрлик савдо ва маданий алоқалар тарихи ўзаро боғлаб туришини ҳам алоҳида қайд этишни истар эдим. Илк дипломатик алмашувлар Кушонлар подшоҳлиги ва император Август ҳукмронлиги даврига тўғри келади. Бундан минг йиллар муқаддам солномачилар, шоир ва мутафаккирлар шаҳарларимиз юқори даражадаги цивилизациявий тараққиётга эришганини қайд этишган.
Яна бир далил – XII асрдан бошлаб италиялик олимлар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Синонинг бебаҳо асарларини ўрганишган ва таржима қилишган. Минтақамиздан етишиб чиққан Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абдураҳмон Жомий, Маҳтумқули Фироғий ва бошқа машҳур мутафаккирлар асарларининг ноёб нусхалари Италия кутубхоналарида асраб-авайлаб сақланмоқда.
Муносабатларимизнинг бундай бой тарихи янги босқичда кенг кўламли шериклик учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳурматли ҳамкасблар!
“Марказий Осиё – Италия” форматида ўзаро ҳамкорликнинг устувор жиҳатлари ҳақидаги қарашларимиз ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.
Сиёсий соҳада ташқи сиёсат идоралари даражасида доимий мулоқотларни давом эттириш тарафдоримиз. Халқаро кун тартибида ўзаро мувофиқлаштириш ва келишилган ёндашувларни талаб этадиган бир қатор долзарб масалалар мавжуд.
Италия Бош вазири, ҳурматли Мелони хонимнинг Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш учун тўғридан-тўғри музокараларни тезроқ бошлаш бўйича фаол дипломатик саъй-ҳаракатларини олқишлаймиз.
Сизнинг Яқин Шарқ муаммоси ва Афғонистон билан ҳамкорлик истиқболларига оид қарашларингиз учун миннатдорлик билдираман.
Кеча Самарқандда биз бу нозик масалаларни батафсил муҳокама қилдик ва ёндашувларимиз ўхшаш эканини қайд этдик.
Терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга қарши курашишда кўптомонлама форматларда ишчи механизмларни ва махсус хизматларимиз ўртасида ахборот алмашишни йўлга қўйишни таклиф этаман.
Иқтисодиёт соҳасида сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ва инвестициялар ҳажми салкам уч баробар ўсганини таъкидлайман.
Италиянинг етакчи компаниялари билан биргаликда технологик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мамлакатни инновацион ривожлантиришда Италия ишбилармонлар ҳамжамиятининг анъанавий кучли позициясини инобатга олиб, савдо-саноат палаталаримиз шафелигида бизнес-мулоқот учун доимий майдон – “Марказий Осиё – Италия” ишбилармонлар клубини тузишни таклиф этаман. Тадбиркорларнинг кенг иштирокидаги бундай учрашувлар ҳар йили мамлакатларимиз пойтахтларида ўтказилиши ҳамда савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиши мумкин.
Биз, шунингдек, кўп томонлама Саноат ва технологик кооперация дастури ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши муҳим, деб ҳисоблаймиз. Бу ўринда гап технологиялар трансфери, илғор билимлар ва энг яхши амалиётларни жорий этиш, юқори технологик саноат корхоналарини яратиш учун қулай шароитларни шакллантириш ҳақида бормоқда.
Мавжуд муваффақиятли тажрибани инобатга олиб, минерал ресурслар ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, электротехника, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва бошқа қайта ишлаш соҳалари учун замонавий асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, эҳтиёт қисмлар ва саноат маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, Италиянинг етакчи брендлари билан ҳамкорликда дизайн марказларини яратиш кооперациянинг муҳим йўналишларига айланиши мумкин.
Минтақавий аҳамиятга молик бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун Тошкент ҳудудида Европа оператори бошқаруви остида махсус саноат паркини яратиш ишларига киришдик.
Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун Италиянинг «SACE» ва «SIMEST» давлат агентликлари, шунингдек, қўшма инвестиция жамғармаларини жалб қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биз Италия ҳукумати билан “яшил” трансформация соҳасидаги самарали ҳамкорликни юксак қадрлаймиз. Зарарли газлар чиқаришни қисқартириш бўйича миллий дастурлар ижросига кўмаклашишга қаратилган кўптомонлама платформаларни ишга тушириш орқали кенг кўламли шерикликни ривожлантиришга умид қиламиз.
Италиянинг етакчи ишлаб чиқариш ва муҳандислик компанияларини жалб этган ҳолда, қайта тикланадиган энергетика, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатларига “яшил” энергия етказиб бериш, корхоналар аудити ва энергия самарадорлигини ошириш, сув инфратузилмалари объектларини модернизация қилиш, водород технологияларини ривожлантириш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.
Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик ҳақида сўз юритганда, ўзининг таълим дастурларини сезиларли равишда кенгайтириб бораётган Турин политехника ва Пиза университетларининг Тошкентдаги филиаллари самарали фаолият кўрсатаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Италиянинг бошқа етакчи олий таълим муассасаларининг минтақамизга нисбатан ортиб бораётган қизиқишини олқишлаймиз.
Муҳандислик, дизайн, сувни тежаш ва биологик технологиялар каби йўналишларда илмий ишланмалар яратиш ва молиялаштириш, академик алмашувлар ва кадрлар тайёрлаш дастурлари учун “Марказий Осиё – Италия” илмий-таълим консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Етакчи операторлар ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва қўшма туристик маҳсулотларни яратиш учун сайёҳлик альянсини ишга туширишдан манфаатдормиз.
Яқинда Рим ва Флоренция шаҳарларида ўтказилган кўргазма ва маданий тадбирлар италиялик дўстларимизда жуда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаш ўринлидир.
Шу муносабат билан келгуси йили Хивада минтақа мамлакатлари ва Италия ёшларининг Креатив иқтисодиёт ва маданий алмашувлар форумини ўтказишни таклиф этаман.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Нутқимнинг якунида Ўзбекистон “Марказий Осиё – Италия” форматида ўзаро манфаатли ва кўпқиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга содиқ эканини яна бир бор тасдиқлайман.