31.10.2024
Президент Шавкат Мирзиёев Навоий шаҳридаги саноат зонасида “Universal filter” бренди остидаги маҳаллий маҳсулотларни кўздан кечирди. Бу ерда транспортлар учун ҳаво ва мой фильтрлари, металлургия, нефьт-газ ва кимё саноати корхоналари учун буюмлар - жами 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Ўз фаолиятини 2007 йилда қурилиш материаллари тармоғидан бошлаган тадбиркор 2020-2023 йилларда 20 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширган. Бугунги кунда уч гектар майдонда 6 та йўналиш йўлга қўйилган. Корхоналарга Россия, Хитой, Словакия каби давлатлардан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилган.
Тадбиркорнинг айланма маблағи бундан етти-саккиз йил олдин атиги 1 миллиард сўм эди. Эндиликда жорий йил якунига қадар 200 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. 250 кишининг доимий бандлиги таъминлангани эса ижтимоий муҳим жиҳат.
Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёни ва маҳсулотлар билан танишди.
Мамлакатимизда атмосфера ҳавосига таъсири бўлган 3 мингдан зиёд саноат корхонаси мавжуд. Улардаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг кўпи эскирган. Илгари бу йўналиш фақат чет элга боғланиб қолгани учун фильтрларни янгилаш йиллаб чўзилган. Энди бу соҳада ҳам импортга рақобатдош ўз маҳсулотларимиз ва хизмат кўрсатиш пайдо бўлмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида юздан ортиқ корхонанинг чанг-газ тозалаш ускуналари янгиланди.
Бундай ишларда мазкур корхонанинг ҳам ўрни бор. Ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортмоқда. Маҳсулотлар маҳаллийлаштирилиши натижасида сифатни йўқотмаган ҳолда таннархни туширишга эришилмоқда.
Корхона маҳсулотлари Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Озарбайжонга ҳам жўнатилмоқда. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажми 1 миллион долларга етиши кутилмоқда. Келгусида бу географияни ва миқдорни ошириш мақсад қилинган.
Шу ерда Навоий вилоятининг саноат маҳсулотлари кўздан кечирилди. Жумладан, оғир ва енгил саноат учун деталлар, ускуналар, компрессорлар, электротехника жиҳозлари, мис ва пластик қувурлар, насос қисмлари намойиш этилди. Уларни бирлаштирувчи жиҳат - маҳаллийлаштирилгани.
Президент мамлакатимизда гидроэнергетикани янада ривожлантириш мақсад қилинганини таъкидлаб, кичик ва микроГЭСлар қуриш ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича топшириқ берди. Навоий кон-металлургия комбинати каби йирик корхоналар учун маҳаллийлаштириш лойиҳаларини кучайтириш орқали вилоятда ишсизликни камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.