09.08.2024
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни Остона шаҳрида Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил июль ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари, шунингдек, Туркманистон маҳсулотлари кўргазмасининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқлари, жумладан, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.