28.12.2023
28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон Президенти ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси бир-бирини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан дилдан қутлаб, қардош халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини билдирдилар.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини йўллади.
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва чуқурлашган стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Илгари эришилган, шу жумладан парламентлараро мулоқот доирасидаги келишувлар ижросининг бориши муҳокама қилинди.
Томонлар барча устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли фаоллашганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ўзаро савдо ҳажми ошмоқда – 2023 йил якуни билан товар айирбошлаш 1 миллиард доллардан ортади. Пойтахт Тошкент ва Ашхобод шаҳарларида савдо уйлари очилди, биргаликда “Шовот-Тошовуз” чегараолди савдо зонасини барпо этиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларида икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси кучаймоқда, ҳудудлараро алоқалар кенгаймоқда. Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.
Қўшма маданий-гуманитар тадбирлар, шу жумладан Маданият кунлари ва ижодий жамоаларнинг сафарлари ўтказилмоқда.
Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди. 2024 йилга мўлжалланган учрашувлар режаси кўриб чиқилди.