27.07.2023
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Хитой маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди.
Бу ерда 2 минг 800 нафарга яқин аҳоли яшайди. Одамлар томорқадан унумли фойдаланади. Аёллар тикувчилик билан шуғулланади. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик рўзғорларга барака киритган.
Ўндан ортиқ савдо дўконлари, мебелсозлик корхонаси, сартарошхона, тикувчилик ва ҳунармандчилик устахоналарида аҳоли иш билан банд. Шунингдек, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши учун яхши шароит бор. Маҳаллада охирги икки йилда бирорта жиноят содир этилмаган.
Давлатимиз раҳбари шу ерлик Абдуғаффор Ҳалилов хонадонида бўлиб, маҳалла вакиллари билан суҳбатлашди.
- Бугун келиб, Фарғонадаги ривожланишни, маҳаллалардаги шароитни кўриб хурсанд бўлдим, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ислоҳотларни ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис қилиши учун ҳамма ишларни қуйи тизимда ташкил этяпмиз. Фарғона вилоятида 1062 та маҳалла бор. Улардаги муаммоларни, муҳтож оилаларнинг талаб-истакларини жойида ҳал этиб, одамларни рози қилиш зарур. Барча раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, халқимизга муносиб бўлиб, меҳнат қилиши керак.
Самимий суҳбатда нуронийлар сўнгги йилларда маҳалла қиёфаси яхшилангани, «Очиқ бюджет» ташаббуси орқали кўчалар обод бўлганини айтди. Хусусан, 5 километр ички йўлга асфальт ётқизилган. Электр тармоқлари ва трансформатор янгиланган.
Президент суҳбатда билдирилган фикрларни қўллаб-қувватлаб, маҳалла идорасини таъмирлаш, мактаб учун қўшимча бино қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Ёшларни ўқитиш ва ҳунар ўргатиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш муҳимлиги ҳақида сўз юритилди.