27.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассирни қабул қилди.
Янги ўрта муддатли шериклик дастури доирасида Банк гуруҳи билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели иқтисодиётнинг устувор тармоқларини қамраб олган ҳолда 1,3 миллиард доллардан ошгани мамнуният билан қайд этилди. Форум доирасида қишлоқ ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимлар имзоланди.
Учрашувда амалий ҳамкорликни ривожлантириш, тадбиркорлик ва хусусий инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, молиявий воситаларни такомиллаштириш, Банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилиш борасида аниқ лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга қўшилиши ва инновацион экотизимни яратиш масалаларида техник кўмакни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.