26.04.2023
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан 26 апрель куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо муносабатлари суръатини таъминлаш ва етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.
Икки мамлакат етакчилари шу кунларда ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг самарали натижаларини катта мамнуният билан қайд этдилар. Ушбу тадбирда 35 мамлакат бизнесининг 5 минг нафардан зиёд вакили иштирок этмоқда.
Суҳбат чоғида автомобилсозлик, темир йўл транспорти, фармацевтика, кимё саноати ва бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Саноат ипотекаси, кластерлар, индустриал ривожланиш жамғармаси каби воситаларни ривожлантириш борасидаги илғор тажрибани ўрганишдан манфаатдорлик билдирилди.
Минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мулоқот якунида Ўзбекистон Президенти Конституция бўйича бўлажак референдумнинг Россия Федерацияси ҳудудида ўтказилишига кўрсатилаётган кўмак учун Россия Президентига самимий миннатдорлик билдирди.