10.03.2023
Президент Шавкат Мирзиёев 10 март куни қурилиш лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимиз тараққиёти ва ҳаёт талаби билан бунёдкорлик кўлами ортмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳрида жуда кўп ижтимоий-иқтисодий иншоотлар қурилди. Давлатимиз раҳбари бу масалани алоҳида эътиборга олиб, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш, келгусидаги қурилишларни шаҳар ташқарисида қилиш вазифасини қўйган эди.
Шунга мувофиқ, Янги Тошкент шаҳарчаси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Тақдимотда Президентимизга шу ҳақида ахборот берилди.
Унга кўра, биринчи босқичда 6 минг гектарда бунёдкорлик қилиш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, истиқболли қурилиш ҳудудлари, янги шаҳар билан пойтахтни бирлаштирувчи асосий йўллар схемалари ишлаб чиқилган.
Шаҳарча янги маъмурий ва иқтисодий марказ бўлади. Пойтахтимизнинг шарқий қисмида, Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида барпо этилади. 800 минг аҳолига мўлжалланган бўлади.
У ерда вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари, театр, кутубхона, меҳмонхоналар, турар жой бинолари, боғлар ўрин олади. Хусусан, яшил ҳудудлар 363 гектарни ташкил қилиши кўзда тутилган.
Маълумки, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Бугунги кунда бинолар қуриб битказилмоқда. Мажмуа деворлари миллий нақшлар билан сайқалланади, наққошлик ва хаттотлик санъати уйғунлашади. Унинг деворларига қадимий услубда Қуръони карим суралари ва ҳадислар ёзилади.
Президентимиз ташаббуси билан мажмуада Имом Бухорий музейи ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Тадбирда ушбу музейнинг концептуал лойиҳаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
Музей бой маданий қадриятларимизни ўзида жам қилиш баробарида замонавий дизайнга эга бўлади. 8 та павильон, хусусан, Муҳаммад алайҳиссалом ва нубувват тарихи, ҳадис илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти, Имом Бухорий фазилатлари, болалар бўлими, “Ал-жоме ас-саҳиҳ” - ислом динининг иккинчи манбаси, Имом Бухорий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий ислоҳотлар ва Имом Бухорий меросига эътибор каби мавзуларга бўлинади.
Давлатимиз раҳбари музейдан ўрин олган ҳар бир ашё ва визуал маълумот зиёратчиларга маърифат етказиши кераклигини алоҳида қайд этди.
Мамлакатимизда бизнес муҳит яхшилангани сари ташқи савдо алоқалари ҳам кенгайиб бормоқда. Бунга мутаносиб равишда божхона инфратузилмасини ҳам ривожлантириш зарурати туғилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадаги “Ғишткўприк” божхона пости орқали ҳар куни кўплаб инсонлар ўтади.
Шу боис мазкур божхона пости учун замонавий мажмуа барпо этиш режалаштирилган. Янги терминал, автомобиль йўли, автотураргоҳ, ошхона, тиббиёт хонаси, савдо ва маиший хизмат шохобчалари барпо этилиши кўзда тутилмоқда.
Президент мажмуада йўловчилар учун барча қулайликларни яратиш, божхона назорати ва юкларни ўтказиш жараёнини рақамлаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Тақдимотда, шунингдек, мамлакатимизнинг Бирлашган Араб Амирликлари ва Озарбайжон Республикасидаги элчихоналарининг янги бинолари лойиҳалари ҳақида ҳам ахборот берилди.