01.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармониОила, хотин-қизлар ва кекса авлод вакиллари билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш;
гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш;
ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш;
турар жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, турмуш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини кўпайтириш борасида тизимли чора-тадбирларни белгилаш;
оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларни «Аёллар дафтари» орқали манзилли қўллаб-қувватлаш;
жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш;
оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш ва уларнинг фаровонлик даражасини ошириш.
2. Республикада оила ва хотин-қизларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, уларнинг муаммоларига тизимли ечим топиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Қўмита), унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилсин.
3. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш;
оила ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш;
хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш;
хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш;
хотин-қизлар йўналишидаги нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятига ёрдам кўрсатиш.
4. Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасини Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этиш ҳамда Қўмита тузилмасига ўтказиш;
«Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтини «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этиш ҳамда Қўмита тузилмасига ўтказиш;
Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси, «Оила ва жамият» газетаси, «Саодат» журнали, «Марказий Осиёда жамият, гендер ва оила» халқаро илмий журналини Қўмита тузилмасига ўтказиш;
«Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» фаолиятини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш.
5. Қуйидагилар:
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасига — Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси лавозими;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасига — Қўмита раиси билан келишилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларига — Қўмита раиси билан келишилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ҳоким ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозимлари;
туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларига — Қўмита раиси билан келишилган ҳолда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ҳоким ўринбосарлари — оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари киритилсин.
6. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасидаги — Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозими;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларидаги — ҳоким ўринбосарлари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари лавозимлари;
туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларидаги — ҳоким ўринбосарлари — маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари лавозимлари тугатилсин.
7. Ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда бир нафардан жорий этилсин.
8. Қуйидагилар маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, унинг маънавий-ахлоқий муҳитини ва анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;
хотин-қизларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш, улар фаолиятига кредит, субсидия ва бошқа ёрдам чораларини жалб қилиш бўйича маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорлик қилади;
«Аёллар маслаҳат кенгашлари» билан яқин ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, бизнесга оид намунавий режаларни ишлаб чиқиш ва кредит олишда уларга кўмаклашиш, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишларни амалга ошириш;
хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни олиб бориш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш.
9. Белгилансинки:
Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Қўмита билан келишилади;
Қўмита томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади;
Қўмита хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотларга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга масъул ҳисобланади;
маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ўз фаолиятида Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига бўйсунади ҳамда улар олдида ҳисобдор бўлади.
10. Қўмита қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
бир ҳафта муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Қўмита фаолиятини ташкил этиш юзасидан;
икки ҳафта муддатда оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш юзасидан;
уч ой муддатда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, «Оила ва хотин-қизлар» илмий-тадқиқот институти ҳамда «Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» фаолиятини такомиллаштириш юзасидан.
11. Қуйидагилар нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ижтимоий ҳамжиҳатлик ва адолатлилик тамойиллари асосида кекса авлод вакилларининг ҳаёт сифати ва узоқ умр кўриш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
кекса авлод вакилларига ўз вақтида, манзилли ва самарали ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, уларга соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим, маданият ва транспорт тизимларидан кенг фойдаланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
кекса авлод вакилларининг кафолатли ижтимоий ва моддий таъминотини ташкил этиш;
замонавий иқтисодиётда кекса авлод вакилларининг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини ошириб боришга шароитлар яратиш;
кекса авлод вакилларининг тизимли равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитларни яратиш.
12. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари негизида тегишинча Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари амалдаги молиялаштириш тартиби ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақлаб қолинган ҳолда ташкил этилсин.
13. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
маҳаллалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
маҳаллаларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;
нуроний ва кексаларни маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик сингари анъаналарни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга кенг жалб этиш;
нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг ижроси, шу жумладан ҳудудларда, айниқса, олис қишлоқларда кекса авлод вакилларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатилишини мувофиқлаштириб бориш;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда ҳал этиш чораларини кўриш;
маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
14. Белгилаб қўйилсинки:
Вазирлик нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади;
маҳалла, нуроний ва кексалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Вазирлик билан келишилади;
Вазирлик томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг ижроси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади;
Вазирлик Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг тегишли ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
15. Вазирлик қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
бир ҳафта муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Вазирлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан;
икки ҳафта муддатда нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳаёт даражасини ошириш юзасидан;
икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда маҳалла тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан.
16. Давлат органлари ва ташкилотларининг алоҳида эътибори қаратилсинки, маҳалла раиси маҳалла ҳудудининг аҳоли томонидан сайланган обрўли шахси бўлиб, аҳоли манфаатларини ифодалайди ҳамда ҳудудни комплекс ривожлантириш вазифалари амалга оширилишини ва фуқаролар муаммолари самарали ҳал этилишини ташкил этади.
17. Маҳалла раисига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилсин:
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторлари фаолиятини ҳудуддаги биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни бартараф этишга йўналтириш ҳамда бу борада жамоатчилик назоратини ўрнатиш;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторлари фаолиятини баҳолаш ҳамда натижалари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ахборот киритиб бориш;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш.
18. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар «Маҳалла тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, шу жумладан қуйидагилар назарда тутилсин:
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаолини маҳалла кенгаши таркибига киритиш;
маҳалла раиси, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторининг маҳалла ҳудудида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари ҳамда маҳаллани комплекс ривожлантириш бўйича коллегиал масъулияти ва жавобгарлиги доирасини аниқ белгилаш;
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторининг ўзаро ҳамкорлиги ҳамда уларнинг маҳалла раиси билан келишган ҳолда фаолият юритиши;
маҳалла раисларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, шу жумладан соғлиғини тиклаш (бепул тиббий даволаниш, санаторийларга имтиёзли йўлланмалар бериш) ҳамда давлат мажбурий суғуртаси (фаолияти давомида меҳнат лаёқатини йўқотганда ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш);
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги ПФ-60-сон Фармонининг 3-бандида назарда тутилган қоидалар.
19. Аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали «маҳалла-туман-вилоят-республика» тизими жорий этилсин.
20. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:
ҳудудда маҳалла раиси томонидан аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамалар ўтказилади;
ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахбороти эшитилади ҳамда муаммоларнинг бартараф этилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади;
маҳалла раиси ҳар чоракда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маҳаллада амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда бартараф этилмаган тизимли муаммолар бўйича тегишли туман (шаҳар) халқ қабулхонасига маълумотлар киритиб боради;
туман (шаҳар) халқ қабулхонаси маҳалла раиси маълумотига асосан тегишли давлат органлари ва ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади ҳамда масъул ходимларни рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига таклифлар беради.
21. Қўмита Вазирлик билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар олти ой якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ