01.03.2022
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарориМамлакатимизда жорий этилаётган хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида хорижга чиқиб кетаётган фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш, хорижда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ижтимоий ва ахборот-маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, хорижда меҳнат мигрантларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш кўламини ошириш, иш жойларидаги муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва уларни ҳал қилиш бўйича зарур амалий ёрдам кўрсатиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиб бориш зарурияти сезилмоқда.
Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш тизимини кенгайтириш мақсадида:
1. 2022 йил 1 июндан бошлаб Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг 1-иловада кўрсатилган ҳудудларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вакиллик институти (кейинги ўринларда — вакил) жорий қилинсин.
Белгилансинки:
мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган ҳар бир ҳудудга камида икки нафар вакил бириктирилади;
вакиллар Россия Федерациясида — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси ходимлари сифатида, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасида — ушбу давлатлардаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ходимлари сифатида аккредитациядан ўтказилади;
вакилларнинг бир нафари устувор равишда хорижий давлатларда ишлаш тажрибасига эга бўлган, юқори малакали мутахассислар орасидан танлаб олинади ва Ўзбекистон Республикасидан юборилади, иккинчиси эса хорижий давлатда яшовчи обрў-эътиборли, кенг дунёқарашга эга ватандошлар ёки зарур малака ва тажрибага эга бўлган бошқа шахслар орасидан жалб қилинади;
Ўзбекистон Республикасида танланган вакиллар Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасига узоқ муддатли хизмат сафарига юборилади;
вакилларнинг фаолияти, асосан, Ўзбекистон Республикасининг кўп сонли фуқаролари уюшган ҳолда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий корхоналар ёки таҳсил олаётган таълим ташкилотларида ташкил этилади;
хорижий давлатларда вакиллар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарлари томонидан амалга оширилади;
вакил лавозими Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ходимлари сонини кўпайтириш ҳисобига жорий этилади;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда вакилларни уларнинг мазкур қарор билан чекланган штатлари сони доирасида бошқа ҳудудларга бириктириш ёки сонини қисқартириш ҳуқуқи берилади.
2. Қуйидагилар вакилнинг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан ҳамкорликда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
хориждаги ватандошлар ва ўзбек миллий-маданий ташкилотлари билан яқин алоқаларни ўрнатиш ҳамда мустаҳкамлаш, улар билан ҳамкорликда мунтазам равишда меҳнат мигрантлари учун маданий ва маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, фуқаролар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар тўғрисида хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида кенг қамровли тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш кўламини кенгайтириш, ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш, салоҳиятли иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш;
хорижда бўлиб турган даврида зўравонлик, мажбурий меҳнат ва таҳқирланишга дучор бўлган, жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага учраган, оғир касалликка чалинган, мураккаб молиявий аҳволга тушиб қолган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ёки маблағсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёрдам кўрсатиш;
хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, меҳнат органлари ва миграция марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида ахборот ва маслаҳатлар бериш, ушбу хизматлардан фойдаланишда уларга кўмаклашиш.
3. Белгилаб қўйилсинки, вакиллар фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан уларга иш ҳақи тўлаш, хизмат сафари ва хорижий давлатдаги яшаш харажатларини қоплаб бериш ҳамда уларни транспорт, хизмат бинолари, алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш:
2022 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан;
2023 йилдан бошлаб Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китобларига кўра ҳар йили Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига ажратиладиган бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасидаги вакиллар фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун маблағлар Ташқи ишлар вазирлигига ўтказиб борилади.
Молия вазирлиги (Т. Ишметов) 2023 йил ва кейинги йиллар учун Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда вакиллар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасига зарур маблағлар ажратишни назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси (А. Бекмуродов) Ташқи ишлар вазирлиги (А. Камилов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов) билан биргаликда:
2022 йил 1 майга қадар вакиллар учун янги жорий этилаётган тизимнинг моҳияти ва мазмунини тушунтиришга қаратилган ўқув-семинарларни ташкил этсин;
ўқув-семинарларга вазирлик, идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг етарли малака ва тажрибага эга бўлган ходимларини жалб қилсин.
Белгилансинки, ўқув-семинарларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Ташқи ишлар вазирлиги (А. Камилов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов) билан биргаликда:
вакиллар фаолиятини ташкил этиш учун зарур шароитларни яратсин, шу жумладан хизмат хоналари ва моддий-техник жиҳозлар (мебель, компьютер тўплами, планшетлар, алоқа, Интернет ва бошқалар) билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатсин;
обрў-эътиборли, кенг дунёқарашга эга ватандошлар ёки зарур малака ва тажрибага эга бошқа шахсларни вакил сифатида жалб қилиш чораларини кўрсин;
вакилларга улар фаолият юритаётган хорижий давлатдаги маҳаллий ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа муассасалар, шунингдек, ўзбек миллий-маданий ташкилотлари ва ватандошлар билан алоқалар ўрнатишда ёрдам кўрсатсин;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий давлатларда ишга жойлаштириш, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалаларида вакиллар билан доимий ҳамкорлик ўрнатсин;
вакиллар фаолиятини моддий ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг тўғри тақсимланиши ва мақсадли сарфланиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
6. Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳуқуқий, ижтимоий ва маданий-маърифий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича «йўл харитаси» 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов) бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда «йўл харитаси»да назарда тутилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2022 йил 1 майдан бошлаб Федерация маблағлари ҳисобидан ҳар йили:
а) маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг (кейинги ўринларда — ҳоким ёрдамчилари) ёзма тавсияномасига асосан:
боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма бериш;
б) маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар бериш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
8. Белгилансинки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда:
а) ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар «Labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;
б) ёрдам пуллари ва йўлланмаларни олиш учун талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига «Labor migration» дастурий мажмуаси орқали электрон тарзда мурожаат қилади;
в) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
талабгорлардан электрон мурожаат келиб тушган вақтдан бошлаб беш кун ичида уларнинг мазкур қарорнинг 7-бандида назарда тутилган талабларга жавоб беришини қўшимча ҳужжатларни сўраб олмаган ҳолда идоралараро электрон ахборот алмашинуви орқали бошқа вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар асосида текширади ҳамда ҳоким ёрдамчилари ва маҳаллалардаги ёшлар етакчиларидан ёзма тавсиянома олади;
мазкур қарорнинг 7-бандида назарда тутилган талабларга жавоб берадиган талабгорларнинг рўйхатини шакллантиради ва ҳар ойнинг 25-санасигача Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига тақдим этиб боради.
9. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов) 2022 йил 1 майга қадар:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда «Labor migration» дастурий мажмуасини ҳоким ёрдамчилари учун ишлаб чиқилган ахборот тизимлари ва «Ёшлар портали» электрон платформаси билан интеграция қилсин;
«Labor migration» дастурий мажмуасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнат мигрантининг оила аъзоларига кўрсатиладиган ёрдамлардан фойдаланиш имкониятини берувчи махсус саҳифа яратсин.
10. Туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳоким ёрдамчилари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва маҳалла раислари мунтазам равишда:
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзолари ҳолидан хонадонбай хабар олиш, муаммолари ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал этишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг моддий, ижтимоий ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича манзилли ишларни амалга оширсин;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар оила аъзоларининг қизиқишларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтириш чораларини кўрсин ҳамда ўқишни тамомлаган битирувчиларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашсин;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар оила аъзоларига ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолиятни йўлга қўйишда ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатсин;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар билан уларнинг оила аъзолари иштирокида Интернет тармоғи ва бошқа алоқа воситалари орқали боғланиб, суҳбатлар уюштириб борсин ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда ушбу фуқароларнинг суҳбат натижасида аниқланган муаммоларини ҳал қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин;
меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш бўйича самарали ишларни ташкил қилсин, уларни миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга кенг жалб қилсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур йўналишларда амалга оширилган ишлар бўйича ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган ахборот киритиб борсин.
11. Ёшлар ишлари агентлиги (А. Саъдуллаев), Ташқи ишлар вазирлиги (А. Камилов), Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Э. Мухитдинов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Шерматов) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда:
хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ва таълим олаётган ўзбекистонлик ёшларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида «Хориждаги ёшлар баланси»ни шакллантирсин ва улар тўғрисидаги зарур маълумотларни «Ёшлар портали» электрон платформасига киритиб борсин;
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан биргаликда хорижда бўлиб турган ўзбекистонлик ёшлар учун сайёр қабуллар ташкил этсин;
«Хориждаги ёшлар баланси»ни шакллантириш ва сайёр қабулларни ўтказиш вақтида ўзбекистонлик ёшларнинг аниқланган муаммолари ва эҳтиёжларини ҳал қилиш бўйича зарур чораларни кўрсин.
Ёшлар ишлари агентлиги (А. Саъдуллаев) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу бандда белгиланган чора-тадбирлардан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2022 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4829-сон қарори 11-бандида назарда тутилган микроқарзлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳам тўланади;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги «Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5205-сон қарорида назарда тутилган малака имтиҳонларини топшириш, йўл чиптасини харид қилиш ва «ишчи виза»ни расмийлаштириш бўйича компенсациялар 2023 йил 1 январга қадар тўланади.
13. Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерацияси, Туркия Республикаси ва Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари раҳбарлари хорижда бўлиб турган фуқаролар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот ўрнатиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин, шу жумладан:
мунтазам равишда Ўзбекистон Республикасининг кўп сонли фуқаролари уюшган ҳолда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий корхоналар ёки таҳсил олаётган таълим ташкилотларида сайёр учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этиб борсин;
хорижда бўлиб турган фуқароларни дипломатик ваколатхона ва консуллик муассаса фаолиятининг асосий йўналишлари билан таништириш мақсадида мунтазам равишда «Очиқ эшиклар куни»ни ўтказсин;
меҳнат мигрантлари ҳаётидан ижобий мисоллар ва уларнинг қаҳрамонликлари акс эттирилган видеоматериаллар тайёрласин ҳамда ҳар ойда камида бир маротаба хорижий оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб ташқи ишлар вазири А.Ҳ. Камилов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.М. Мухитдинов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси М.А. Хайриддинов белгилансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда ахборот киритиб борилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ