10.12.2021
Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич!
Ҳурматли Нурсултон Абишевич!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши навбатдаги йиғилишининг барча иштирокчиларини қутлашдан бағоят мамнунман.
Ҳамкасбларимнинг сўзларига қўшилган ҳолда, Қозоғистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги муваффақиятли раислигини қайд этмоқчиман.
Қозоғистонлик ҳамкорларимиз ташаббуси билан Бирлашма доирасидаги кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга хизмат қилган муҳим қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ўртасидаги конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирлар қўллаб-қувватлангани учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўзбекистон Республикаси Евроосиё иқтисодий кенгашига кузатувчи сифатида қўшилганига роппа-роса бир йил бўлди.
Ўтган даврда биз узоқ муддатли муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратдик.
Евроосиё иқтисодий комиссияси билан тизимли ва самарали иш йўлга қўйилди.
Меморандум ва уч йиллик аниқ Чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа органлари ишида ҳам фаол қатнашмоқда.
Биз миллий қонунчиликни Евроосиё иқтисодий иттифоқи нормалари билан, биринчи навбатда, стандартлаштириш ва ташқи савдони нотариф тартибга солиш чоралари соҳасида яқинлаштириш масаласида изчил ҳаракат қилмоқдамиз.
Юртимиз “COVIDсиз саёҳат қиламан” рақамли платформасига уланди.
Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш жараёни бошланди.
Бугунги давр қийинчиликларига қарамай, мураккаб шароитларга мослашиш ва янги “ўсиш нуқталари”ни излаб топишга муваффақ бўляпмиз.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг 11 ойида 30 фоизга ортди.
Айни пайтда, пандемиядан аввалги 2019 йил билан таққослаганда, Бирлашма мамлакатлари билан ўзаро савдомиз 11 фоизга ошди.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Ўзбекистон Ташкилотимизга аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларда ижобий суръатни сақлаб қолиш ва уларни барқарор ривожлантириш бўйича ўзаро келишилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши тарафдоридир.
Шу муносабат билан қўшма қарорлар қабул қилишни тақозо этаётган энг долзарб вазифаларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Ўзаро савдодаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этишни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрмиз.
Техник тартибга солиш нормалари, санитария, фитосанитария ва ветеринария талабларини уйғунлаштириш ишларини давом эттирмоқдамиз.
Бу борада Евроосиё иқтисодий комиссияси билан биргаликда алоҳида “Йўл харитаси”ни келишиш жараёнини якунлаяпмиз.
Иккинчи. Аввалги саммитда саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳим экани хусусида анча сўз юритилди.
Бугун ушбу йўналишдаги ишларимиз иштирокчи давлатлар билан кўпроқ икки томонлама асосда олиб борилмоқда.
Биз Россия, Қозоғистон, Беларусь ва Қирғизистон билан саноат кооперациясини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харита”ларини қабул қилганмиз ва изчил амалга оширяпмиз.
Бирлашма билан тегишли ҳамкорликни тизимли асосда ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Жумладан, Евроосиё иқтисодий кенгашининг Индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этишга тайёрмиз.
Учинчи. Янги транспорт йўлакларини барпо этиш лойиҳаларини илгари суриш мамлакатларимиз транзит салоҳиятини ошириш борасидаги биргаликдаги ишларга қўшимча суръат бағишлайди.
Ўзбекистоннинг бугун имзоланаётган битимга мувофиқ амалга ошириладиган юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий этиш бўйича дастурга қўшилиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз.
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг Логистика занжирларини ривожлантиришнинг рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги янги ташаббус ҳам бизда қизиқиш уйғотмоқда.
Тўртинчи. Глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олиб, аъзо ва кузатувчи давлатларнинг “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир.
Шу муносабат билан, ҳозиргина Владимир Владимирович айтган Юқори даражадаги ишчи гуруҳга қўшилишга тайёрмиз ҳамда унинг доирасида “яшил” тараққиёт соҳасидаги қўшма Чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этамиз.
Бешинчи. Рақамли иқтисодиётга ўтиш, инновациялар ва илғор IT-ечимларни кенг жорий қилиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Бу борада билим, тажриба ва илғор технологиялар алмашиш, мамлакатларимиз IT-парклари ва марказлари ўртасида тизимли ҳамкорликни ривожлантириш, соҳада ишбилармонлар шериклигини кенгайтириш мақсадида навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этамиз.
Олтинчи. Евроосиё маконидаги муҳим ишбилармонлик ташаббуслари ва дастурларини амалга оширишга кузатувчи давлатларни янада фаол жалб этиш юзасидан ўзаро келишилган таклифлар тайёрлаш, илмий-техник ва гуманитар алмашинувни рағбатлантириш мақсадида Евроосиё иқтисодий иттифоқи Тараққиёт маркази имкониятларидан самарали фойдаланиш ниятидамиз.
Бунинг учун марказ негизида мамлакатларимиз тараққиёт институтларининг фаол иштирокида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича туркум тадбирлар ўтказишни таклиф этамиз.
Еттинчи. Иқтисодий интеграция мақсадларидан келиб чиқиб, кузатувчи мамлакатларнинг Евроосиё иқтисодий комиссияси Кенгаши ва органлари ишида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришни истардик.
Бу ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва қўшма қарорларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайман.
Сўзим якунида Евроосиё иқтисодий иттифоқига раислик Қирғизистонга ўтгани муносабати билан Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нургожоевич Жапаровга катта муваффақиятлар тилайман.
Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли дўстлар, сизларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва ўз олдингизга қўйган мақсадларнинг рўёбини тилайман.
Эътиборингиз учун раҳмат.