13.05.2021
13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари бир-бирларини ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг биродар халқларини муқаддас Рамазон ҳайити билан дилдан қутладилар, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Шу ҳафта Тошкент шаҳрида Бош вазирлар раислигида ўтадиган қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида асосий вазифа узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни излаш экани таъкидланди.
Мулоқот чоғида етакчилар минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини ҳам муҳокама қилдилар. Шу маънода томонлар Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида Тожикистон-Қирғизистон чегарасидаги вазият барқарорлашганини мамнуният билан қайд этдилар.