25.12.2020
Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этади.
Мамлакатимиз тарихида илк марта ўтказилаётган ушбу йирик тадбирни ташкил этиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 20 ноябрь куни илгари сурилган эди.
18 декабрь куни Тошкент шаҳрида бошланган форум тадбирлари янада кенг кўлам касб этиб, юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди. Ёшларимиз вазир ва ҳокимлар билан очиқ мулоқот қилиш, ҳокимият ва бошқарув органларининг бошқа вакиллари билан учрашиш, етакчи эксперт ва жамоатчилик фаоллари билан муҳокамаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Бугунги тадбир Ўзбекистон ёшлари форумининг мантиқий якуни бўлади.
Президент форумда нутқ сўзлайди ва ёшлар билан мулоқот қилади. Тадбирнинг ўзида 3 минг 300 нафардан зиёд, шунингдек, ҳудудлардаги студияларда 26 минг нафар йигит-қиз қатнашиши кутилмоқда.