14.01.2020
Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари!
Қадрли юртдошлар!
Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда барчамиз аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларимизни, фидойи
ота-боболаримизни, ҳақиқий ватанпарвар инсонларни шарафлаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ҳарбий хизматчиларимизга ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Армиямизнинг куч-қудрати ҳарбий хизматчилар билан бутун жамиятимизнинг бирлиги ва ҳамжиҳатлигида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, ҳеч қандай ёвуз куч Ўзбекистон мустақиллигига, тинч ва осуда ҳаётимизга рахна сололмайди, бизни демократик ўзгаришлар йўлидан ортга қайтара олмайди.
Муҳтарам дўстлар!
Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 28 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда.
Минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган янги сиёсатни амалга ошириш доирасида Қуролли Кучларимиз Марказий Осиёнинг барча мамлакатларидаги ҳамкасблари билан яқин шериклик алоқаларини ўрнатди ва мустаҳкамламоқда. Сўнгги йилларда биз бир қатор қўшма ўқув машғулотларини биргаликда ўтказдик. Шунингдек, юқори даражадаги ҳарбий делегацияларнинг ташрифларини ташкил этдик, тезкор ва жанговар тайёргарлик борасида тажриба алмашдик.
Бизнинг тобора кучайиб бораётган бундай ҳамкорлигимиз бугунги кунда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни, Марказий Осиё деб аталмиш умумий уйимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бормоқда.
Дунёдаги энг юксак стандартлар даражасида ташкил этилган узлуксиз ҳарбий таълим тизими изчил ривожланмоқда. Ҳозирги пайтда янгитдан тузилган, моҳият эътибори билан ноёб бўлган Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти мамлакатимизнинг замонавий олий таълим муассасалари қаторидан муносиб жой эгаллади.
Шу билан бирга, бошқарувнинг тезкор-стратегик бўғинида хизмат қиладиган офицер кадрларни тайёрлайдиган янги факультет ташкил этилди, Қуролли Кучлар академиясида қўшимча таълим инфратузилмалари фойдаланишга топширилди. Махсус вазифаларни бажарадиган бўлинмалар учун ҳарбий хизматчилар тайёрлайдиган ўқув марказини ташкил этиш жараёни ниҳоясига етказилмоқда.
Миллий гвардиянинг Ҳарбий-техник институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.
Жанговар тайёргарликнинг модернизация қилинган, мослашувчан тизимини жорий этиш билан уйғун ҳолда, Қуролли Кучларнинг янги ташкилий тузилмага ўтказилиши миллий армиямизнинг жанговар тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини бир неча баробар оширди.
Бугунги кунда бизнинг ҳарбийларимиз ўзларининг профессионал тайёргарлик даражаси бўйича жаҳондаги етакчи мамлакатлар армияларининг ҳарбий хизматчиларидан асло қолишмаслигини сўзда эмас, амалда исботламоқда. Халқаро ҳарбий ўқув мусобақаларида, армиялар ўртасидаги ва спорт беллашувларида Ўзбекистон вакиллари ўзларининг маҳорати, руҳан бақувватлиги, ғалабага бўлган иродасини намоён этмоқда, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари эканликларини яққол кўрсатмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси бутун Ўзбекистон халқида, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда.
Миллий армиямизни қурол-яроғ ва бошқа зарур воситалар билан таъминлашга қодир бўлган мудофаа-саноат комплексимизни янада ривожлантириш бўйича вазифалар босқичма-босқич ҳал қилинмоқда.
Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи ва жанговар ўқ-дорилар ишлаб чиқарадиган корхонанинг модернизация қилингани ва техник қайта жиҳозлангани бунга яққол мисол бўла олади, уларда қайта ташкил этилган илмий-техник салоҳият эса мазкур тармоқларда илмий-ишлаб чиқариш кластерларини шакллантиришнинг асосига айланиб бормоқда.
Иқтисодиётнинг тўлақонли мудофаа секторини шакллантириш бўйича амалга ошираётган ишларимиз яқин истиқболда нафақат миллий армиямизни қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, балки қўшимча иш ўринлари яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификация қилиш имконини ҳам беради.
Халқ ва армия ўртасида ишончли кўприкка айланган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятида муайян ютуқлар кўзга ташланмоқда. Ушбу секторлар ташкил этилганидан буён “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган шиор остида ҳарбий инфратузилмаларни модернизация қилиш ва тўпланиб қолган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ҳарбий шаҳарчалар замонавий қиёфага эга бўлди, моддий таъминот хизматлари соҳасига аутсорсинг тизими жорий этилди. Ўтган уч йил давомида 8 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар оилаларини қулай ва шинам квартиралар билан таъминлаш учун 275 та кўп қаватли уй-жой барпо этилди, ҳарбий хизматчиларнинг аёллари учун қарийб 600 та янги иш ўрни яратилди, 1 минг 900 нафар ҳарбий пенсионер ишга жойлаштирилди.
Армиямиз униб-ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва она юртга муҳаббат, миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, шонли тарихимизни чуқур билиш руҳида тарбиялаш борасидаги ишларга фаол киришганини алоҳида қайд этишни истардим. “Ватанпарвар” ва “Фахрийлар” сингари ташкилотлар, шунингдек, Мудофаа вазирлиги қошидаги Жамоатчилик кенгаши ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашни янада кучайтириш ҳамда уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш бўйича ғоят зарур бўлган ишларни биргаликда давом эттиради, деб ишонаман.
Шу ўринда Қуролли Кучлар фаолияти устидан фуқаролик назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидламоқчиман. Бугунги кунда мамлакатимиз парламенти ўзининг кенгайтирилган ваколатлари доирасида “Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги қонун ва мудофаа соҳасидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини назорат қилмоқда. Ўтган йили Олий Мажлис Сенати томонидан Қуролли Кучларнинг қурилиши ва ривожланиши, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташига доир долзарб масалалар юзасидан ҳарбийлашган вазирлик ва идоралар раҳбарларининг маърузалари бир неча бор эшитилганини таъкидлаш лозим.
Қадрли юртдошлар!
Жаҳондаги вазият шиддат билан ўзгариб, дунёнинг айрим минтақаларида аҳвол кескинлашиб, халқаро терроризм ва экстремизм хавфи ортиб бораётгани биздан халқаро ва минтақавий вазиятни ҳар томонлама таҳлил ва прогноз қилишни, мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар тайёргарлиги ва салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни кўришни талаб этмоқда.
Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаш, қўшинларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, жанговар тайёргарликни ташкил этиш самарадорлигини ошириш, Қуролли Кучларни энг янги қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа-саноат комплексини ривожлантириш бўйича фаол олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш зарур.
Биз юқори малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш, ўқув-тарбия жараёнларига илғор хорижий тажрибаларни, педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилишга бундан буён ҳам биринчи даражали аҳамият қаратамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари!
Ушбу қутлуғ байрам кунларида ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш арафасида ўз ҳаёти эвазига дунё халқларининг озодлиги ва эркинлигини сақлаб қолишга эришган ғолиб аждодларимизга юксак ҳурмат ва эътибор кўрсатиш қанчалик муҳим эканини барчамиз ҳар қачонгидан ҳам чуқур ҳис этиб,
бу борада катта амалий ишларни амалга оширмоқдамиз.
Сиз, ҳурматли ҳарбий хизматчиларга – аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийларига Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилишдек шарафли вазифани адо этишда мустаҳкам соғлик, улкан муваффақиятлар, куч-ғайрат, оилаларингизга эса янги – 2020 йилда файз-барака ва бахт-саодат ёр бўлишини тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони