15.10.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикасига амалий ташрифи якунланди.
Ташрифнинг биринчи кунида давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Етакчилар олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.
15 октябрь куни мамлакатимиз етакчиси Боку шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг еттинчи саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди, технологик ишонч ва сунъий интеллектдан масъулият билан фойдаланиш бўйича Осиё ташаббусини илгари сурди ҳамда иқлим барқарорлиги соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.
Саммит доирасида Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Лаос Халқ Демократик Республикаси Президенти Тхонглун Сисулит, Камбоджа Қироллиги Бош вазири Хун Манет ва Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ань Суан билан алоҳида учрашувлар бўлиб ўтди.
Шунингдек, саммит доирасида бошқа делегациялар раҳбарлари билан суҳбатлашди.
Ташриф якунида Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортда олий мартабали меҳмонни Озарбайжон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шаҳин Мустафаев ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди. Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди.


