30.08.2017
Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 14 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланган
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолиятини тартибга солишдан иборат.
2-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бундан буён матнда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, у тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини, мазкур ҳуқуқлар ва қонуний манфаатларга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) томонидан риоя этилишини таъминлайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобот беради.
4-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Тайинланиш куни ўттиз ёшга тўлган, олий маълумотли, давлат тилини биладиган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятда ёхуд тадбиркорлик фаолиятида тажрибага эга бўлган, бевосита тайинланишидан олдин камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил этиб тайинланиши мумкин.
5-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимига мос келмайдиган фаолият
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўзининг сиёсий партияга аъзолигини ўз вазифаларини бажараётган даврда тўхтатиб туриши ёки тугатиши шарт. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил илмий, педагогик ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
6-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, ошкоралик, очиқлик, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигидан иборатдир.
7-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат:
тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;
тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш амалга оширилаётганда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилишини ўрганиш;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсири самарадорлигини баҳолаш;
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш.
8-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳуқуқлари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг давлат органлари томонидан оғишмай ижро этилишини ўрганиш;
тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширувларини ўтказишнинг қонунийлиги мониторингини амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш фактларининг олдини олиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар киритиш;
тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда огоҳлантиришлар эълон қилиш;
қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш;
давлат органлари ва ташкилотлардан ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан статистик, таҳлилий материалларни, хулосаларни ва бошқа ахборотни сўраш ҳамда олиш;
давлат органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиш;
зарур бўлган ҳолларда, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун давлат органларининг, илмий муассасаларнинг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассисларини жалб этиш, ишчи гуруҳлар тузиш;
тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинаётган, айбланаётган ва ҳукм қилинган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашиш учун қамоқда сақлаш жойларига, жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9-модда. Огоҳлантириш
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда эълон қилинади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил огоҳлантириш тўғрисида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга хабар қилишга ҳақли.
10-модда. Тақдимнома
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.
Тақдимнома кечиктирмай кўриб чиқилиши ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн беш кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилиниши лозим.
11-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мажбуриятлари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз фаолиятини амалга оширишда:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилаётган фаолиятига аралашмаслиги;
давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига тўсиқларни вужудга келтирмаслиги;
давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши;
арз қилувчиларни шикоятларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабардор этиши шарт.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
12-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектларининг шикоятларини ва бошқа мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади.
Тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келадиган иқтисодий низоларни, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, оилага, меҳнатга доир ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишга тааллуқли шикоятлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг кўриб чиқиш доирасига кирмайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил судларнинг, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, тергов, суриштирув ва жазони ижро этиш органларининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқмайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шикоятларни кўриб чиқаётганда ўз ваколатлари доирасида:
масалани унинг моҳиятига кўра ҳал қилиши;
арз қилувчи ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиши;
шикоятни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга юбориши;
арз қилувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириши;
сабабини албатта кўрсатган ҳолда шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам кўриши мумкин.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга шикоят берган шахс, шунингдек Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан ўзига ахборот тўплаш ва уни таҳлил этиш ёки эксперт баҳоси бериш вазифаси топширилган шахсларнинг бундай ҳаракатлар учун таъқиб қилиниши ёки ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номига тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича гумон қилинаётган, айбланаётган ёки ҳукм қилинган ва қамоқда сақлаш жойларида, жазони ижро этиш муассасаларида турган вакиллари томонидан юборилган шикоятлар, шунингдек маъмурий қамоққа олинган ҳамда махсус қабулхонада сақланаётган шахсларнинг шикоятлари улар сақланаётган жойларнинг маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай юборилади. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига дарҳол етказиб берилади.
Давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мурожаатига ёзма шаклда жавоб юбориши, шунингдек сўралаётган маълумотларни, ҳужжатларни ва материалларни тегишли мурожаат қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан ошмаган муддатда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тақдим этиши шарт.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг мурожаатига жавоб мурожаат бевосита қайси давлат органи раҳбарига йўлланган бўлса, ўша давлат органи раҳбарининг ёки унинг ўринбосарининг имзоси билан юборилади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тадбиркорлик субъектларининг бошқа мурожаатларини кўриб чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
13-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг шикоятларни кўриб чиқиш якунларига доир хулосаси
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил қайси давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг, унинг мансабдор шахсининг қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузган бўлса, ўша давлат органига ёки бошқа ташкилотга, унинг мансабдор шахсига тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини тиклаш юзасидан ўз хулосасини юборади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг хулосасида қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:
ишнинг давлат органи ёки бошқа ташкилот ёхуд мансабдор шахс томонидан ниҳоясига етказилиши зарурлиги;
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қарорини асослантириш зарурлиги;
давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ёхуд мансабдор шахснинг қўшимча қарор қабул қилиши кераклиги.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг хулосасида бошқа тавсиялар ҳам бўлиши мумкин.
14-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш шартлари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.
Шикоят беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тикланиши мумкин.
15-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят юридик шахс томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.
Электрон шаклда берилган шикоят қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.
Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар унга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.
Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.
16-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ҳисобдорлиги
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолатига доир ахборотни Ўзбекистон Республикаси Президентига тизимли асосда тақдим этади.
17-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамиятининг институтлари билан ҳамкорлиги
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида ўз фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўз ваколатлари доирасида ҳамкорликни амалга оширади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича мавжуд материаллар тўғрисида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ахборот алмашувини, шу жумладан электрон шаклдаги ахборот алмашувини амалга оширади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳлар ва комиссиялар фаолиятида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида, шунингдек мазкур соҳада ижтимоий шерикликни қўллаб-қувватлаш учун Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳузурида Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича комиссия тузилиши мумкин. Комиссияни Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил бошқаради.
18-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашиш
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга унинг фаолиятида кўмаклашиши, у томонидан сўралаётган, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига доир сўровлари, хулосалари, таклифлари ва тавсияларини кўриб чиқиши, шунингдек Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қонуний талабларини бажариши ҳамда кўриб чиқиш натижалари ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида белгиланган муддатда уни хабардор қилиши шарт.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
19-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг дахлсизлик ҳуқуқи
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини, алоқа воситалари ва ҳужжатларини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзгатилиши мумкин.
20-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил лавозимдан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:
у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма равишда ариза берган тақдирда;
у қонунга кўра Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ваколатларини амалга оширишга мос келмайдиган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
у соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил вазифасини бажаришга узоқ вақт мобайнида қодир бўлмаган тақдирда;
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
у ўз мажбуриятларини мунтазам равишда, узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда.
21-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўринбосари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган ўринбосари бўлади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги вакил тайинлангунига қадар унинг вазифасини ўринбосари вақтинча бажариб туради ва ана шу даврда унга нисбатан Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил учун белгиланган кафолатлар татбиқ этилади.
22-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девони
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фаолияти Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг девони (бундан буён матнда Вакил девони деб юритилади) томонидан таъминланади.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўринбосари бир вақтнинг ўзида Вакил девонининг раҳбаридир.
Вакил девони ходимлари Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари учун белгиланган тиббий хизмат кўрсатиш, моддий рагбатлантириш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.
Вакил девонининг тузилмаси ва унинг ходимларининг штат бирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Вакил девони юридик шахс бўлиб, ўз ҳисоб-китоб варағига ва бошқа ҳисобварақларга, ўз номи ёзилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.
Вакил девони тўғрисидаги низом Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан тасдиқланади.
23-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ва Вакил ўринбосарининг ижтимоий ҳимояси
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил - мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси ўринбосарига, Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг шўъба мудирига тенглаштирилади.
24-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг халқаро алоқалари
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида хорижий мамлакатларнинг худди шундай институтлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, чет давлатларнинг миллий органлари ва бошқа муассасалар билан халқаро хамкорликни амалга оширади.
25-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Вакил девони фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
26-модда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонун хужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
28-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев