23.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев Балиқчи туманидаги “Chinobod real biznes” корхонасининг балиқ етиштириш лойиҳаси билан танишди.
Мамлакатимизда балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва унга замонавий технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, кичик майдонларда интенсив усулда юқори ҳосил олиш муҳим аҳамиятга эга.
“Chinobod real biznes” корхонасида ана шундай замонавий тизим йўлга қўйилган. Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июлдаги балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид фармони асосида амалга оширилган. Корхона водийдаги балиқчилик хўжаликларининг форель чавоғига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 30 миллиард сўмни ташкил этади. Корхонада 30 та иш ўрни яратилган.
Икки гектар майдондаги замонавий мажмуада йилига 200 тонна балиқ гўшти ва 2,5 миллион дона балиқ чавоғи етиштирилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 50 миллиард сўмни ташкил этади.
Интенсив технологиялар қўлланилиши натижасида икки гектар майдонда анъанавий усулдаги 100 гектарлик ҳавзалар билан тенг ҳажмда маҳсулот етиштириш имконияти яратилган.
Мажмуада икки миллион литр ҳажмдаги сувни табиий усулда тозалаш имконини берувчи лаборатория ҳам ташкил этилган. Унда сув сифатини яхшилайдиган хлорелла сув ўти етиштирилади. Ушбу экологик тоза тизим балиқ етиштириш самарадорлигини яна 15-20 фоизга оширишга хизмат қилади.
Корхонанинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қуёш панеллари ҳисобидан тўлиқ қопланади. Балиқ етиштириладиган ҳовузлардан чиққан фосфор, аммиак ва кальций каби табиий моддаларга бой сув ҳам исроф қилинмай, экинларни суғоришга йўналтирилади. Шу тариқа мажмуада ресурслардан қайта фойдаланишнинг яхлит тизими яратилган.
Корхона Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонга йилига 2 миллион дона форель чавоғи экспорт қилади. Йиллик экспорт ҳажми 2 миллион доллар, бюджетга тушум эса 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Лойиҳа аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда. Балиқчи туманидаги Сарвул маҳалласида 20 та хонадон корхона билан кооперация асосида форель етиштириб, қўшимча даромад олмоқда.
Мажмуада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ҳам йўлга қўйилган. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти билан ҳамкорликда “Балиқчилик ва паррандачилик амалиёт маркази” ташкил этилган. Бу ерда талабалар назарий билимларини ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамлаб, амалий кўникма орттирмоқда.
Давлатимиз раҳбари бундай юқори самарали лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Мутасаддиларга кичик майдонларда интенсив усулларни қўллаш орқали маҳсулот ҳажмини бир неча баробар ошириш бўйича ушбу тажрибани кенг оммалаштириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш юзасидан топшириқлар берилди.


