27.08.2017
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифини Ҳазрати Хизр мажмуасидаги мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ислом Абдуғаниевич қабрига гул қўйиб, ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилиниб ўтганлар хотираси ёд этилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасида олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Маълумки, ушбу мажмуада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жуда катта ҳажмдаги қурилиш, ҳудудни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида мажмуа лойиҳаси такомиллаштирилиб, мақбара гранит ва мармар билан қопланди. Мақбара пештоқи ва унга туташ айвон миллий нақшлар асосида безатилиб, унга Қуръони Карим оятлари билан бирга Ислом Каримовнинг ҳикматли сўзлари битилди. Президентимиз мажмуада олиб борилаётган ишларни мантиқий якунига етказиш, зиёратчиларга тегишли шароитлар яратиш, унга ёндош қабристонни обод қилиш бўйича ўз тавсияларини берди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Мажмуа қошида очилиши мўлжалланаётган Халқаро илмий марказ қурилиши билан танишди. Ушбу марказ Имом Бухорий ва бошқа мутафаккир алломаларимизнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги бебаҳо илмий-маънавий меросини тўплаш, ўрганиш уларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш билан шуғулланади. Мамлакатимиз раҳбари бу ерда ёшларга ислом дини тарихи, таълимоти энг мукаммал ўқув режа ва дастурлар асосида ўқитилиши зарурлиги, бу марказ жаҳонда аждодларимизга муносиб равишда ўз ўрнига эга бўлиши кераклигини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёевга мажмуа атрофида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини реконструкция қилиш, янги турар-жойлар бунёд этиш, зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратиш, ободонлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шавкат Мирзиёев амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар лойиҳаларини такомиллаштириш, ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича қурувчи ва мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.
Шунингдек, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, сайёҳлик борасида янги йўналишлар очиш каби истиқболдаги муҳим масалалар муҳокама қилинди. Талеб Рифаи мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва самимий қабул учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи давом этмоқда.