15.09.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи чоғида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошларимиз билан учрашди.
Норасмий муҳитда ўтган самимий суҳбат давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар ва уларни ҳаётга фаол татбиқ этишга ватандошларимиз қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор илғор таклифларни илгари сурдилар.
Миллий иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқлари ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни илгари суриш, миллий тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Хусусан, Корея Республикасида Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудида турли маданий тадбирларни ўтказиш ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун ватандошларимизга миннатдорлик билдириб, уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини, энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Ўзбекистон етакчиси учрашувда қатнашган профессорлар, тадбиркорлар, фаоллар ва талабаларга ўқишда ва касбий фаолиятда муваффақиятлар тилаб, давлатимиз улар билан мулоқотга доимо очиқлиги, ватандошларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини алоҳида қайд этди.
Ўз навбатида, учрашув иштирокчилари Президентимизга ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва орзу-ниятларни рўёбга чиқариш учун яратилаётган янги имкониятлар учун самимий миннатдорлик билдириб, ўз билим ва ғайратини Ватанимиз фаровонлиги ва равнақи йўлида сафарбар этишга ҳамиша тайёр эканлигини айтдилар.


