11.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланди. Пойтахт туманлари ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ иқтисодий йўналишларга ихтисослашиши лозимлиги қайд этилди.
Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида йирик логистика мажмуаларини ташкил этиш, марказий туманларда замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш, Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис соҳаларига инвестицияларни фаол жалб қилиш учун катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга эришиш учун ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан инвесторларнинг масалаларини идорама-идора юрмасдан, бевосита жойида ҳал этишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашади. Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича шу куннинг ўзида асосланган таклифлар Президент Администрациясига киритилади.
Келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Олмазор туманида маҳалла ва кўчаларни комплекс ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилди.
Айниқса, Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар яхши натижа бергани қайд этилди. Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилди. Бу ерда яшовчи 5,5 минг нафар аҳоли учун замонавий ва қулай муҳит яратилди.
Ушбу тажрибани Олмазорнинг яна 8 та кўчаси ва пойтахтнинг бошқа туманларига кенгайтириш белгиланди. Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, 400 та маҳаллани “Қичқириқ” намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йилга мўлжалланган 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.
Пойтахтнинг тарихий қисми – Эски шаҳар ҳудудини комплекс ривожлантириш учун хорижий компанияларни жалб қилган ҳолда 1 ноябрга қадар ягона концепция ва аниқ лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш топширилди.
Хизматлар соҳасидаги имкониятларни кенгайтириш мақсадида давлат идораларига тегишли бинолардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бугун Тошкентда умумий майдони 765 минг квадрат метр бўлган 497 та маъмурий бино мавжуд. Бўш ва самарасиз фойдаланилаётган майдонларда савдо, сервис, хусусий тиббиёт ва таълим хизматларини йўлга қўйиш учун тадбиркорларга шароит яратилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини ҳам янги бизнес лойиҳалари билан боғлаш зарурлиги таъкидланди. Биргина Олмазор туманида қиймати 100 миллиард сўм бўлган 52 та давлат объекти савдога чиқарилмоқда.
Шаҳар муҳитини инсон саломатлиги ва қулайлиги нуқтаи назаридан ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қичқириқ маҳалласида 2,5 километр сойбўйи ҳудудида экосайилгоҳ ва 12,5 километр пиёдалар йўлаги барпо этилган. Пойтахтдаги канал ва катта ариқлар бўйида шундай сайр ҳудудларини кўпайтириш, жумладан, Бўзсув канали бўйлаб 20 километрлик узлуксиз пиёдалар йўлагини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилади.
Маҳаллаларда кичик бизнес ва хизматларни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар ишга солинади. Тошкент шаҳрида бизнес бошламоқчи бўлган тадбиркорлар учун гаровсиз кредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмга оширилади.
Олмазор туманида шу имкониятлар ҳисобидан йил якунига қадар 300 нафар янги тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ва 1 мингта иш ўрни яратиш, пойтахт бўйича эса 10 минг нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Мискин ва Иброҳим ота маҳаллаларидаги 305 гектар саноат зонаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ерда иш ўринларини ҳозирги 35 мингтадан 100 мингтага, экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш салоҳияти мавжуд. Тадбиркорларга саноат ипотекаси, кредит ва лизинг каби молиявий воситалар таклиф этилади.
Бандлик масаласини ҳал этишда меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Олмазордаги иш берувчиларга 5 мингга яқин турли малакадаги ходимлар керак.
Шу боис, Олмазор касбий кўникмалар марказида ахборот технологиялари ва илғор инновациялар йўналишида 400 ўринли техникум, мавжуд биноларда замонавий касб-ҳунар марказлари ташкил этилади. Германия билан 500 кишига мўлжалланган тил курслари, Чехия ва Словакия учун тиббиёт ходимларини мақсадли тайёрлаш лойиҳалари йўлга қўйилади. Шунингдек, ривожланган давлатлардан 20 та йирик рекрутинг компаниясини жалб қилиш белгиланди.
Ёшлар шаҳарчасидаги 42 гектар майдонда IT-парк, юқори технологияли саноат ва таълим объектларидан иборат инновацион кластерни ташкил этиш ишлари бошланади.
Олмазорнинг таълим ва илмий салоҳиятини тўлиқ ишга солиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 75 минг нафар талаба таҳсил олмоқда.
Талабаларнинг ўқиши ва яшаш шароити, бандлиги, ижтимоий таъминоти, маданий ҳаёти ва хавфсизлигини қамраб оладиган яхлит бошқарув тизими йўлга қўйилади. 7 та олийгоҳга қарашли 41 та талабалар ётоқхонасида истиқомат қилаётган қарийб 18 минг нафар ёш учун муносиб шароит яратиш мақсадида алоҳида Дирекция ташкил этилади.
Талабалар шаҳарчасидаги Вазиятлар маркази орқали олийгоҳ ва ётоқхоналарга кириб-чиқиш ҳамда давоматни онлайн назорат қилиш тизимини йил якунигача пойтахтнинг бошқа туманларига, келгуси йилда эса мамлакатдаги барча олий таълим муассасаларига жорий этиш топширилди.
Мактабгача таълим қамровини ошириш бўйича ҳам қўшимча вазифалар белгиланди. Олмазорда бу кўрсаткич ҳозир 67 фоизни ташкил этмоқда. 441-сонли боғчада мавжуд 385 ўринга қўшимча 450 ўринли янги бино қуриш тажрибаси асосида йил якунига қадар камида яна 5 та шундай лойиҳани бошлаш белгиланди.
Пойтахтда кунига 1,5 миллионта транспорт воситаси ҳаракатланаётгани ҳисобга олиниб, тирбандликни фақат йўлларни кенгайтириш ҳисобига эмас, интеллектуал транспорт тизимларини жорий этиш орқали ҳам ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишда амалий ишларни йил якунига қадар бошлаш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Олмазорда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича йўлга қўйилган янги иш услуби натижалари ҳам таҳлил қилинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси профессор-ўқитувчиларининг терговчилар билан ҳамкорлиги ва талабалар учун дуал таълим тизими профилактика ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Натижада тумандаги 64 та маҳалланинг 13 тасида жиноят содир этилмаган, криминоген вазияти оғир маҳаллалар қолмаган, аёллар иштирокидаги жиноятлар 22 тадан 10 тага камайган. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни кескин камайтириш бўйича Олмазор тажрибасини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Энергетика ва коммунал инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини тизимли давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Олмазор мисолида кўриб чиқилган ёндашув ва вазифалар пойтахтнинг барча туманларига бирдек тегишли экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларнинг белгиланган вазифалар ижроси бўйича ахбороти тингланди.


