11.09.2026
Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги Қичқириқ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари ва аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ташкил топганига ўттиз йилдан ошган ушбу маҳаллада 23 та кўп қаватли уй жойлашган. 1 минг 416 та хонадонда 5 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Президентимизнинг 2024 йил 25 июндаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган ўзгаришлар натижасида маҳалла бугун бутунлай янги қиёфа касб этди.
“Обод маҳалла” давлат дастури доирасидаги ушбу лойиҳага маҳаллий бюджетдан 71,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Натижада ҳудуд замонавий “яшил” шаҳарсозлик муҳитини ўзида мужассам этган ҳақиқий экологик маҳаллага айланди.
Энг катта янгиликлардан бири Қичқириқ канали қирғоғи бўйлаб барпо этилган сайилгоҳ бўлди. Унинг узунлиги 2,4 километрни ташкил этади. Сув бўйи ҳудуди аҳоли туну кун ҳордиқ чиқарадиган шинам ва озода масканга айлантирилди.
Бу ерда 12,4 километр узунликда пиёдалар йўлаги ётқизилди, қўшимча яшил ҳудуд ташкил этилди. Сув ҳавзаси устида муҳташам айвон, 14 та шийпон, чархпалак ва фавворалар қурилди.
Бугун маҳаллада 6,5 мингга яқин манзарали ва мевали дарахт парвариш қилинмоқда. Турар жойларнинг ташқи кўриниши ҳам янгиланди. Аҳоли дам олиши учун юзлаб ўриндиқлар, ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Бу ерда ёшлар учун ҳам барча шароит яратилди. 12 та воркаут майдончаси ва 3 та футбол майдони барпо этилди, кутубхоналар фойдаланишга топширилди.
Тадбиркорлик ҳам жадал ривожланиб, 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Янги лойиҳалар ҳисобига 61 та янги иш ўрни яратилди.
Давлатимиз раҳбари шу ернинг ўзида аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағаллик билан ишлаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди.
Қичқириқ маҳалласида ҳам бу борада ўзига хос тизим йўлга қўйилмоқда.
Масалан, маҳалла фуқароси Гулнора Ғойипова кулолчилик тўгараги ва тўқувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Бу ерга маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар жалб этилиб, “Уста-шогирд” анъанаси асосида ҳунар ўрганмоқда.
Шунингдек, ҳудудда республикада биринчилардан бўлиб замонавий минорали автотураргоҳ ўрнатилди. Ушбу 8 қаватли иншоот лифт принципида ишлайди. Марказдаги лифт автомобилни қабул қилиб, уни ўнг ва чап томондаги бўш жойларга жойлаштиради. Натижада атиги бир жуфт машина сиғадиган кичик ер майдонида 16 та автомобилни бемалол сақлаш имкони яратилди.
Бундан ташқари, маданий ҳордиқ чиқариш, турли жамоатчилик тадбирларини ўтказиш ва маҳалла аҳлини бирлаштириш мақсадида шинам амфитеатр ҳам барпо этилди.
Бу ерда мавжуд 2 та давлат мактабгача таълим ташкилотида ҳам кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу муассасалардан бири – 441-боғчада яратилган шароитлар билан ҳам танишди.
Ушбу маскан 1976 йилда қурилган бўлиб, унинг ҳудуди тубдан кенгайтирилди. Муассасанинг бўш турган майдонида жами 450 ўринли 2 та янги бино барпо этилди. Натижада боғчанинг умумий қуввати 835 ўринга етказилди.
Муассасада болажонлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратилган. Болалар иммунитетини мустаҳкамлаш ва нафас йўллари касалликларининг олдини олиш мақсадида махсус туз хонаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, кичкинтойларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун инглиз тили, ментал арифметика, тасвирий санъат, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ҳамда таэквoндо бўйича қўшимча тўгараклар йўлга қўйилмоқда.
Президентимизга муассасада болалар учун яратилган “Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз” махсус интерактив платформасининг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Ушбу махсус интерактив платформа болажонларнинг давлат тилини қизиқарли ўйинлар ва рақамли технологиялар орқали осон ўзлаштириши учун катта имконият яратади. Платформадан машғулот жараёнида болаларда мустақил фикрлаш, ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, касблар билан танишишда ҳам фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, боғчада ташкил этилган йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги фаолияти билан ҳам танишилди. Бу каби тўгараклар фаолиятини бошқа мактабгача таълим муассасаларида ҳам оммалаштириш, болаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятига боғча пайтиданоқ ўргатиб бориш муҳимлиги таъкидланди.


