icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Парламентлараро Иттифоқнинг XII Ёш парламент аъзолари бутунжаҳон конференцияси иштирокчиларига

04.09.2026

Ҳурматли парламент аъзолари ва конференция иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Бугун сиёсат майдонига ўз сўзи, ўктам овози билан дадил кириб келаётган сиз – ёш парламентарийларни ушбу нуфузли тадбир муносабати билан самимий қутлаш ва эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят мамнунман.

Минг йиллардан буён тамаддунлар, халқлар ва ғояларни бирлаштираётган кўприк – кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига хуш келибсиз!

Юқори мақомдаги анжуманнинг мамлакатимизда илк бор ўтказилаётганини Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ислоҳотларга халқаро ҳамжамият берган юксак баҳо деб қабул қиламиз.

Бугунги мулоқот ўтган йили Тошкентда ташкил этилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси сингари жонли мулоҳазалар, янги ғоя ва илғор ташаббуслар илгари суриладиган анжуманга айланади деб ишонаман.

Азиз меҳмонлар!

Самарқанд халқаро анжумани дунёда глобал зиддиятлар чуқурлашиб, беқарорлик ва уруш ўчоқлари кўпаяётган мураккаб бир паллада ўтмоқда.

Иқлим ўзгариши, иқтисодий тенгсизлик, ижтимоий беқарорлик ва маънавий инқироз бутун инсоният тараққиётига ғов бўлаётгани сир эмас.

Шу жиҳатдан мазкур конференция кун тартибига “Нотинч даврларда барча учун инсон ҳуқуқлари, адолат ва қадр-қимматни тиклаш” мавзуси киритилгани долзарб аҳамиятга эга.

Таассуфки, сайёрамиз бўйлаб 500 миллиондан зиёд болалар ва ёшлар қуролли можаролар ҳудудида яшамоқда, ҳар беш нафар ёшдан бири, қизларнинг ҳар уч нафардан иккиси таълим олиш имконидан маҳрум қолмоқда.

Шундай қийин шароитда дунё ёшларининг энг фаол, интилувчан қатлами сифатида майдонга чиқаётганингиз таҳсинга сазовор.

Қадрли дўстлар!

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ёш авлодга ғамхўрлик қилиш, уларнинг билим ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган.

39 миллионлик аҳолининг қарийб 56 фоизини ёшлар ташкил этаётгани узоқ муддатли ёндашув, кенг қамровли ечимларни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.

Сўнгги йилларда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларимиз натижасида ёшларимизнинг баркамол ўсиши, глобал рақобат муҳитида муносиб ўрин эгаллаши учун улкан имкониятлар яратилди.

Юртимизда ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги – манзилли ва вертикал тизими йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.

Дунёдаги юқори 100 таликка кирадиган етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз сони 3,5 минг нафардан ошгани, илмий даражага эга ёш олимларимиз улуши икки баравар ортгани бизни мамнун этади.

Ёшларнинг тадбиркорлар сафидаги улуши 35 фоизга етгани ҳам улар иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганидан далолат беради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламентлари бўлажак халқ вакиллари учун тажриба мактабига айланди.

2024 йилги сайловда 200 га яқин ёшлар вакиллик органлари аъзоси этиб сайлангани ҳам сиёсий ҳаётимиздаги янгиланишлар самарасидир.

Бу каби ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган дунёнинг 10 та етакчи давлати қаторидан жой олди.

Шунингдек, Глобал ёшлар тараққиёти индексида энг тез ривожланаётган мамлакат деб топилди.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Парламентлараро Иттифоқ доирасида ёшларнинг давлат ҳамда жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган Ёшлар ва келажак авлодлар тўғрисидаги Самарқанд резолюцияси қабул қилинишини олқишлаймиз.

Шу билан бирга, ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга доир илғор тажрибамиз билан ўртоқлашиш учун махсус платформа тақдим этишга тайёрлигимизни билдирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни келгуси йил Ўзбекистонда ўтказиладиган “Авлодлар мулоқоти” халқаро ёшлар конгрессига таклиф этаман.

Қадрли навқирон етакчилар!

Сизларнинг сиймонгизда Янги Ўзбекистоннинг хайрихоҳ дўстлари, бирдамлик ва ҳамкорлик элчиларини кўрамиз десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ишончим комил, анжуман доирасидаги мулоқот ва мунозаралар очиқ, конструктив руҳда ўтади, Самарқандда тасдиқланган ҳужжатлар глобал тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, туганмас ғайрат-шижоат ва масъулиятли фаолиятингизда янги зафарлар тилайман!


Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo