23.08.2017
2017 йил 23 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3238-сон қарори
Мамлакатимизда энергетика соҳасини янада ислоҳ килиш, электр ва иссиқлик энергияси, табиий газ, сувдан (кейинги ўринларда энергия ресурслари деб юритилади) оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматларнинг мавжуд эмаслиги энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаяпти.
Иссиқлик таъминоти объектларини модернизация қилишда тизимли камчиликларнинг мавжудлиги, маънавий ва жисмонан эскирган қозонхона асбоб-ускуналаридан фойдаланилаётганлиги энергия ресурсларини самарасиз истеъмол қилишга олиб келмокда.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурини бажариш бўйича ишлар лозим даражада ташкил этилмаган.
Давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш максадида:
1. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Энергия тежаш миллий компанияси” акциядорлик жамиятини (кейинги ўринларда “ЭТМК” АЖ деб юритилади) ташкил этиш ҳақидаги таклифи қабул килинсин.
2. Қуйидагилар “ЭТМК” АЖнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
давлат органлари ва ташкилотларида энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг килиш;
давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклифларни тайёрлаш;
давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш;
давлат органлари ва ташкилотларининг харажатларини макбуллаштириш, товарлар (ишлар, хизматлар) таннархини пасайтириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш ва энергия ресурслари учун харажатларни қисқартириш ҳисобига бюджет ҳамда ўз маблағларини тежаш;
фойдаланиладиган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган техник, технологик, иқтисодий ва бошқа чораларни амалга ошириш.
3. Белгилаб қўйилсинки:
“ЭТМК” АЖнинг устав фонди таъсисчилар ўртасида 1-иловага мувофиқ тақсимланади;
“ЭТМК” АЖ давлат органлари ва ташкилотларида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ягона етказиб берувчиси ҳисобланади;
энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) мажбурий сертификатлаштирилиши шарт;
“ЭТМК” АЖнинг давлат органлари ва ташкилотларида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларни қоплаш улар жорий қилингандан кейин олинган тежаш микдорларидан келиб чиқиб амалга оширилади;
тежаш даражаси тасдиқланганда давлат органлари ва ташкилотларининг “ЭТМК” АЖ олдидаги мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати берилади;
энергия самарадорлиги юқори бўлган ўхшаш товарлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари ва ташкилотларига энергия самарадорлиги паст товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш такиқланади;
“ЭТМК” АЖнинг тўловлари харажатларнинг тўртинчи гуруҳи - бошқа харажатлар бўйича амалга оширилади;
хорижий ва халкаро молия институтларининг маблаглари, тижорат банкларининг кредитлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар “ЭТМК” АЖ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда “ЭТМК” АЖнинг устав фондини шакллантирган ҳолда акцияларни белгиланган тартибда чиқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва таъсисчилар ўртасида жойлаштиришни таъминласин.
5. “ЭТМК” АЖнинг директорига истисно тариқасида юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилишга ҳамда уларга иш ҳақи ва бошқа тўловларни эркин конвертация килинадиган валютада белгилашга рухсат берилсин.
6. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларни танкидий таҳлил қилиш ва уларни оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича комиссия 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
7. Комиссия (М.Х.Салиев) уч ой муддатда:
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шу жумладан, хорижий ва халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича танқидий тахлил ўтказсин;
ўтказилган ўрганиш якунлари бўйича уй-жой коммунал хизматларнинг бюджет харажатлари ва ташкилий-штат тузилмасини оптималлаштириш юзасидан таклифлар тайёрласин;
уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларини оптималлаштириш бўйича таклифлар тайёрласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:
“ЭТМК” АЖ ҳамда Узбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этишнинг шартлари ва аниқ мезонларини белгилайдиган таклифларни киритсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “ЭТМК” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти билан биргаликда уч ой муддатда қозонхона станцияларини хатловдан ўтказсин ҳамда якуни юзасидан Вазирлар Маҳкамасига Қозонхона асбоб-ускуналарини модернизация қилиш бўйича давлат дастури лойиҳасини киритсин.
9. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “ЎзИнжиниринг” Республика лойиҳа институти Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий ва халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилган ҳолда энергия сервис шартномалари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини таъминласин.
10. “Ўзстандарт” агентлиги “ЭТМК” АЖни давлат органлари ва бошқа ташкилотларида энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)ни сертификатлаш юзасидан ягона орган сифатида белгиланган тартибда аккредитация қилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги икки ой муддатда:
Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига энергия сервис шартномасида белгиланган тежаш даражаси тасдиқланганда давлат органлари ва ташкилотларининг “ЭТМК” АЖ олдидаги мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатини бериш тартиби юзасидан таклифларни киритсин;
энергия сервис шартномаларининг амал қилиш даврида коммунал хизматлар учун, шу жумладан, тарифлар ўсишини ҳисобга олиб, илгари назарда тутилган бюджет ажратмалари миқдорини сақлаб қолган ҳолда бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларни молиялаштириш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда “ЭТМК” АЖнинг тузилмасини тасдиқласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги Адлия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва кўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Узбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев