30.06.2026
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29 июндаги фармони ва қарорига мувофиқ, ўз билими, истеъдоди, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ ёшлар “Келажак бунёдкори” медали ва“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган эди.
30 июнь – Ёшлар кунида Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида ана шу мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Давлатимиз раҳбари юртимиз ёшларининг ҳар бирида катта салоҳият, истеъдод ва иқтидор борлигини қайд этди.
– Сизлар ўз даврида буюк кашфиётлари билан дунё цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг “ақл чироғи” бўлган буюк аждодларимизнинг муносиб ворисларисиз. Албатта, ворислик фақат фахрланиш эмас, ворислик бу улкан масъулият ҳамдир!
Аждодларимиз инсоният тараққиёти учун қандай буюк ишлар қилган бўлса, сизлар Янги Ўзбекистонда янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратадиган куч бўлишингиз керак! – деди Шавкат Мирзиёев.
Шундан сўнг Президентимиз ёшларга давлат мукофотларини топширди.
– Бутун халқимиз номидан бугунги давлат мукофотлари соҳибларини яна бир бор табриклайман. Мазкур юксак эътироф сизларни янги марралар сари етакласин! Сафингиз янада кенгаяверсин! – деди Ўзбекистон етакчиси.
Мукофотланган ёшлар давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, бундан буён ҳам ўз билими, меҳнати ва ташаббуслари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.


