17.06.2026
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг тор доирада ҳамда расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон – Германия ҳамкорлигини янада ривожлантириш, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Президенти Германия Президентининг ўз мамлакати ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини изчил ривожлантиришга ҳамда ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликни илгари суришга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Икки томонлама мулоқот жадал тус олиб, мамлакатлар ўртасидаги алоқалар юксак даражага кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-инвестиция соҳасидаги ҳамкорликда барқарор ижобий суръат кузатилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард доллардан ортиб, жорий йилнинг ўтган даврида яна 5 фоизга кўпайди. Германиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 2025 йилда 2 миллиард долларга етди.
Май ойида Тошкентда бўлиб ўтган Германия иқтисодиёти кунлари ҳамда Германия – Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши 10-йиғилишининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадбирлар якунида 1 миллиард долларлик янги инвестиция ва савдо келишувлари тўплами имзоланди.
Маданий-гуманитар алоқалар изчил мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 400 мингдан зиёд ёшлар немис тилини ўрганмоқда, 2 мингдан ортиқ талабалар Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олмоқда. Ўтган йили илк бор икки мамлакат университетларининг форуми бўлиб ўтди.
Ўтган ҳафта немис университетлари консорциуми билан Самарқандда Ўзбекистон – Германия амалий фанлар университетини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзолангани таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.
Давлат раҳбарлари саноат, энергетика ва “яшил иқтисодиёт”, транспорт ва логистика, тоғ-кон, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканини қайд этдилар.
Етакчилар автомобилсозлик, маиший кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва малакали кадрлар тайёрлаш соҳаларида янги қўшма лойиҳа ва дастурлар ишга туширилаётганини олқишладилар. Тошкентда иккинчи Университетлар форуми ҳамда учинчи Ўзбекистон – Германия тиббиёт форумининг ўтказилиши қўллаб-қувватланди.
Томонлар минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, кўп томонлама майдонларда, шу жумладан, “Марказий Осиё – Германия” формати доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
Германия Федерал Президентининг ушбу ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида янги босқични бошлаб бериши ҳамда икки томонлама муносабатларнинг барча жабҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.


