icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Муҳим минераллар хомашё базаси кенгайтирилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади

15.06.2026

Президент Шавкат Мирзиёев саноат учун муҳим минераллар хомашё базасини ривожлантириш ҳамда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан тақдимот билан танишди.

Дунёда технологик металлар ва муҳим минералларга талаб кескин ортиб бормоқда. Электротехника, машинасозлик, авиация, энергетика, тиббиёт ва бошқа юқори технологияли тармоқлар учун зарур бўлган бундай хомашё ва маҳсулотлар иқтисодий хавфсизлик ҳамда саноат рақобатбардошлигининг муҳим омилига айланмоқда.

Мамлакатимизда бу йўналишда катта салоҳият бор. Лекин ҳозирги вақтда Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг асосий фаолияти асосан вольфрам ва молибден ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмоқда. Ваҳоланки, янги конларни ўзлаштириш, бойитиш фабрикалари, гидро ва пирометаллургия заводларини қуриш орқали 28 турдаги муҳим минералларни саноат даражасида ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Тақдимотда ушбу салоҳиятни тўлиқ ишга солиш бўйича 2026-2030 йилларга мўлжалланган режалар кўриб чиқилди. Унга кўра, умумий қиймати 4,2 миллиард долларлик 120 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бу орқали тармоқ ҳажмини 2028 йилгача 1 миллиард долларга, 2030 йилгача 2 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди.

Жорий йилнинг ўзида 166 миллион долларлик 12 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Натижада юқори софликдаги селен, теллур ва рений каби 3 турдаги янги металл, кукун металлургияси асосида автодеталлар сингари 21 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳамда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шунингдек, янги қувватлар ҳисобидан юзлаб иш ўринлари яратилади, бюджет тушумлари ва экспорт имкониятлари ортади.

Вольфрам ва молибден бўйича “хомашё – қайта ишлаш – тайёр маҳсулот” занжирини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу орқали фақат концентрат ёки ярим тайёр маҳсулот эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга металл кукунлари, қотишмалар, стерженлар, симлар, саноат учун деталлар ва бошқа тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсад қилинган.

Бунинг учун Чирчиқ шаҳрида “Келажак металлари” технопарки ва R&D марказининг фаолиятини кенг йўлга қўйиш белгиланган. У ерда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, юқори софликдаги металлар ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур шароит яратилади.

Президентимиз технопарк ва унинг резидентларига ер участкалари ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш бўйича қўшимча имтиёзлар бериш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш дастурини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Марказий Осиёда муҳим минераллар бўйича ягона илмий-тадқиқот ва технологик марказни шакллантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Чирчиқ шаҳрида ташкил этилаётган нанотаҳлил лабораторияси геология, кончилик ва металлургия лойиҳалари учун замонавий таҳлил хизматларини кўрсатади. Лаборатория тўлиқ ишга тушгач, бир кунда 1 мингтагача намуна таҳлил қилиниб, 6,5 миллион долларлик импорт хизматлари маҳаллийлаштирилади, яна 4 миллион долларлик хизматлар экспорти йўлга қўйилади.

Соҳадаги лойиҳаларни тезлаштириш учун геология-қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли майдонлар ва конларни халқаро стандартлар асосида баҳолаш, техноген чиқиндиларни қайта ишлаш, хорижий инвесторлар ва технологик ҳамкорларни фаол жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, тармоқда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Геологик маълумотларни ягона рақамли базага жамлаш, қидирув ишларини 3D моделлаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини реал вақт режимида назорат қилиш, бозор таҳлили ва лойиҳалар бошқарувини замонавий платформалар орқали ташкил этиш вазифалари белгиланди.

Соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди. Тошкент давлат техника университети билан дуал таълим тизими йўлга қўйилиб, Технологик металлар комбинатида металлургия ва материалшунослик бўйича 2 та кафедра очилган. Айни вақтда университетнинг 64 нафар талабаси ишлаб чиқариш амалиётини корхонада ўтамоқда. Мутасаддиларга дуал таълим қамровини кенгайтириш, ўқув дастурларини янги лойиҳалар эҳтиёжига мослаштириш ва битирувчиларни юқори технологик ишлаб чиқаришларга йўналтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари муҳим минераллар соҳаси янги саноат тармоқларини шакллантириш, экспортни кўпайтириш, технологик мустақилликни таъминлаш ва юқори малакали иш ўринлари яратишда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Мутасаддиларга 2026-2030 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ижросини қатъий назорат қилиш бўйича топшириқлар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo