icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Балиқчилик тармоғини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди

11.06.2026

Президент Шавкат Мирзиёев балиқчилик тармоғини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Балиқчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим йўналиш ҳисобланади. Дунёда аквакультура жадал ривожланмоқда. Илк бор етиштирилган балиқ ҳажми табиий сув ҳавзаларида овланган балиқ миқдоридан ошиб кетди.

Юртимизда бу соҳани ривожлантириш учун катта имкониятлар бор. Ўзбекистонда 173 минг километр дарё ва канал ўзанлари мавжуд. Сув ресурслари чекланган бўлишига қарамасдан, мамлакатимиз Марказий Осиёда балиқ етиштириш ҳажми бўйича етакчи ўринда турибди. 2025 йилда 206 минг тонна балиқ етиштирилган.

Сўнгги йилларда аҳоли сони ўсиши билан оқсилли маҳсулотларга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда. Балиқ эса иқтисодий жиҳатдан самарали, парҳезбоп ва аҳоли саломатлиги учун фойдали озуқа манбаидир. Шу боис, оддий кўл балиқчилигидан сувни тежайдиган, қайта айлантирадиган ва интенсив технологияларга асосланган тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди.

Тақдимотда 329 та табиий сув ҳавзаси ва сув омбори ҳамда улар атрофидаги 163 минг гектар ер майдонларини ижарага беришнинг янги, шаффоф тизимини жорий қилиш, интенсив балиқчилик ва наслчилик хўжаликларига ҳар йили зарур миқдорда сув етказиб бериш кафолатланиши лозимлиги қайд этилди.

Бугунги кунда интенсив усулда балиқ етиштириш ҳажми умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизидан ошмаяпти. Ваҳоланки, бундай технологиялар ҳосилдорлик ва даромадни бир неча баробар оширади. Агар мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинса, балиқ етиштириш ҳажмини 5 баробар ошириш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Соҳада янги технологияларни жорий этиш ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёпиқ сув айланма тизимини ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, наслли она балиқларни импорт қилиш учун субсидия ажратиш, қуёш панелларини ўрнатиш учун субсидия бериш ва айланма маблағ учун имтиёзли кредитларнинг фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш лозимлиги таъкидланди.

Балиқчилик хўжаликларига кредитлар ажратиш, миллий ва хорижий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларини қисман қоплаш механизмлари жорий этилади.

Ушбу имкониятлар ҳисобига кейинги йилда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннадан ошириш чораларини кўриш топширилди.

Тақдимотда наслчилик ва илмий ёндашув масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Сифатли чавоқ ва яхши генетика юқори ҳосилдорликнинг асосий шарти экани таъкидланди. Шу боис, карп, лаққа, форель, осётр каби балиқ турларининг наслини яхшилаш, янги зотларни маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича ишлар йўлга қўйилади.

Келгуси йилдан тоғ олди ҳудудларида йилига форель ва осётр балиғи етиштириш қувватларини яратиш режалаштирилган. Балиқчилик илмий-тадқиқот институти учун Оҳангарон дарёси бўйида тажриба-синов майдони ташкил этилади. Миллий карп зотини яратиш бўйича хорижий грантлар жалб этилади.

Соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Аграр университетда Астрахан давлат техника университети ва Хитойнинг Далян океан университети билан ҳамкорликда балиқчилик ва аквакультура бўйича қўшма факультет очиш таклифи кўриб чиқилди.

Балиқчилик тармоғини рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Сувдан фойдаланиш ҳолати, ер майдонлари, ноқонуний балиқ овлаш, солиқ тўловлари, овланган балиқ маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирган ягона электрон платформани яратиш таклиф қилинди. Соҳага сунъий интеллект технологияларини жорий қилишни кенгайтириш орқали харажатларни қисқартириш ва маҳсулдорликни ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 

Президентимиз таклифларни маъқуллаб, соҳани қўллаб-қувватлаш чораларини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

Мутасаддиларга балиқчилик тармоғини замонавий технологиялар, илмий ёндашув ва самарали бошқарув асосида ривожлантириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли дастурхонига арзон, сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан топшириқлар берилди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • «Ўзбекистон — 2030» стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo