14.05.2026
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Хонимлар ва жаноблар!
Авваламбор, анжуманга ташриф буюрган меҳмонларимизни чин қалбимдан қутлаб, барчангизни Осиё хотин-қизларининг иккинчи форуми очилиши билан қизғин муборакбод этаман.
Асрлар давомида илм-фан, маданият ва цивилизациялар туташган боқий ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳрида жам бўлган сиз, азизларга самимий саломимни ҳамда энг эзгу тилакларимни изҳор этишдан мамнунман.
Мазкур форумни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, анжуман ишида фаол иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасаларига, барча халқаро ташкилотларга, Осиё мамлакатларидан ташриф буюрган парламент делегациялари аъзоларига, сенатор ва депутатларга алоҳида миннатдорлик билдираман.
Маълумки, Осиё халқларининг тарихи, маданияти, қадриятлари бир-бирига яқин ҳамда муштарак бўлиб, бу жиҳат минтақада барча соҳаларни ўзаро бирлаштирадиган, турли миллат аёлларини ҳамкорликка чорлайдиган омиллардан ҳисобланади.
Бугун Осиё қитъасида истиқомат қилаётган 5 миллиардга яқин аҳолининг қарийб ярмини аёллар ташкил этади. Биз уларнинг тимсолида нафақат нафосат соҳибаларини, балки мамлакатларимиз тараққиётини жадаллаштириш, халқлар фаровонлигини юксалтириш ва адолатли дунёни барпо этиш йўлидаги улкан бунёдкор кучни кўрамиз.
Сизларнинг юксак профессионал маҳоратингиз, бой билим ва тажрибангиз ҳамда бирдамликка қатъий интилишингиз кенг минтақамиздагина эмас, балки дунё миқёсида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг устувор йўналишига айланди. Зеро, аёлга эътибор – бу, аввало, инсон шахсига, унинг қадрига бўлган юксак эҳтиромнинг олий намунасидир. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш фақат сиёсий вазифа эмас, балки эркин ва фаровон жамият барпо этиш йўлидаги изчил демократик янгиланишларнинг ажралмас қисми ҳамдир.
Сўнгги йилларда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш борасида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал пойдевор яратилди. Янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси аёллар ҳуқуқлари, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг институционал кафолатларини мустаҳкамлади.
Кенг кўламли ислоҳотлар натижасида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партиялар таркибида эса 49 фоизга етиб, Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича халқаро рейтингларда етакчи мамлакатлар қаторидан жой олди. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқ томонидан юритиладиган “Парламентдаги аёллар” рейтингида республикамиз 193 та мамлакат орасида 35-ўринга кўтарилди.
Ижро ҳокимияти тизимида раҳбар аёллар сафининг кенгайиши ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларидаги иштирокининг ортиши давлат томонидан қарорлар қабул қилинишида инклюзивликни таъминламоқда.
Олий таълим муассасалари талабалари орасида аёллар улуши кескин ортгани, жумладан, магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларнинг сони охирги беш йилда 11 каррага кўпайганини ислоҳотларимизнинг муҳим стратегик натижаси деб биламиз.
Айниқса, юртимизда хотин-қизларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш тараққиётнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. 2025 йилда 2,6 миллион нафар хотин-қизнинг даромадли меҳнат билан банд бўлишига кўмаклашилди. Ўзбекистон жорий йилда “Аёл, бизнес ва қонун” халқаро индексида ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 190 та давлат ўртасида 48-ўринни эгаллаганини мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Ҳурматли форум қатнашчилари!
Бугунги мураккаб даврда хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги иштироки ҳамда улушини кескин ошириш, давлат ва жамият бошқарувидаги таъсирини кучайтириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятидан унумли фойдаланиш долзарбдир. Бу борада давлатларимиз тадбиркор хотин-қизлари ўртасидаги кўп қиррали шерикликни кенгайтириш, бизнес форумлар ва халқаро тренинглар ўтказиб борилишидан манфаатдормиз.
Шунингдек, мамлакатларимиз ишбилармон аёллари имкониятларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ўргатувчи, янги стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватловчи платформа ташкил этиш таклифини илгари сурамиз.
Эртага бутун дунёда “Халқаро оила куни” кенг нишонланади. Шарқ давлатларида жамиятнинг мустаҳкам пойдевори, қўрғони бўлган оилавий қадрият ва анъаналарини безавол сақлаш сўнгги йилларда тобора долзарб масалага айланиб бормоқда. Мазкур форум доирасида мамлакатларимиздаги оила институтини тадқиқ этиш бўйича илмий муассасалар тармоғини шакллантириб, энг илғор тажрибаларни ўзаро алмашиш албатта ўзининг кутилган самарасини беради.
Умуман олганда, мазкур форум келгусида Осиёда барча даражада қарорлар қабул қилиш жараёнида аёлларнинг ролини оширадиган сермаҳсул мулоқот майдонига айланиши шубҳасиз. Шу маънода ушбу анжуман доирасида сизлар барқарор тараққиётни таъминлаш борасида янги ташаббус ва эзгу ғояларни фаол илгари суришингизга қатъий аминман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва омад, шарафли фаолиятингизда зафарлар, форум ишига муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти


