07.05.2026
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини янада яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Сўнгги йилларда аҳолига қулай, хавфсиз ва экологик тоза жамоат транспорти хизматини кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги уч йилда пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий электробус ва автобуслар олиб келинди. Брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам йўналиш йўлга қўйилди.
Натижада ҳар куни йўналишга чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етди. Кунлик қатновлар сони 2022 йилдаги 18 мингтадан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошди. Шу орқали 4,8 мингта янги иш ўрни яратилди.
Тақдимотда жамоат транспортини янада ривожлантириш бўйича навбатдаги вазифалар кўриб чиқилди. Урбанизация жараёнлари тезлашаётгани, пойтахт ва вилоят марказларига туташ ҳудудларда аҳоли ҳаракати кескин кўпайгани сабабли шаҳарларга киришда қатновлар 30 фоизга ошгани қайд этилди.
Шу муносабат билан шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш таклиф қилинди. Бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Назарбек, Шифобахш сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Умуман, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида 79 та шундай йўналиш ташкил этиш режалаштирилган.
Пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларини ўзаро боғлаш мақсадида “электропоезд – автобус”, “электропоезд – метро” каби қулай тарифларни жорий этиш таклиф қилинди.
Қолаверса, вилоят марказларида жамоат транспорти ҳаракат таркибини янгилаш зарурлиги таъкидланди. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳудудларда яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобусларга эҳтиёж бор. Шу боис, замонавий автобуслар олиб келишни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш, кредит линияларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди. Жумладан, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна 2 йилга узайтириш таклиф қилинди.
Тақдимотда автобус ҳайдовчилари учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда айрим ҳайдовчилар меъёрдан ортиқ ишлаётгани хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Ўтган йили пойтахтнинг ўзида ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракатлари ва муомаласи юзасидан аҳолидан 1 минг 670 та шикоят келиб тушган. Автобуслар иштирокида 109 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Шу муносабат билан брутто-шартнома тизимини такомиллаштириш, бир автобусга тўғри келадиган ҳайдовчилар сонини 2 нафардан 3 нафарга ошириш, ҳаракат хавфсизлиги ва хизмат маданиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Жамоат транспортида бажарилган иш ҳажми ва сифатини баҳолаш учун ҳар бир вилоятда диспетчерлик марказлари ташкил этилган. Бунинг натижасида ҳаракат жадвалига мувофиқ бажарилаётган қатновлар улуши 90 фоизга етди.
Энди ушбу тизимларга сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали йўловчилар оқимига мос равишда автобуслар ҳаракатини ташкил қилиш таклиф этилмоқда. Бу бир йўловчини ташиш таннархини 10-15 фоизга қисқартириш имконини беради.
Давлатимиз раҳбари жамоат транспортини ривожлантиришда аҳоли сони кўп шаҳарлар билан бирга туризм марказларини ҳам қамраб олиш зарурлигини таъкидлади.
Самарқанд ва Наманганни аҳолиси бир миллионлик шаҳарларга айлантириш бўйича белгиланган мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур ҳудудларда аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий “яшил транспорт” йўналишларини кўпайтириш бўйича аниқ мастер-режалар ишлаб чиқиш топширилди.
Охирги йилларда Хива шаҳрига туристлар оқими 3 карра кўпайгани, бу эса қулай жамоат транспортига эҳтиёжни кескин оширгани қайд этилди. Шу боис, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон каби йирик туризм масканларида ҳам жамоат транспортини ривожлантириш дастурини бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президентимиз жамоат транспорти аҳоли кундалик ҳаёти сифати, шаҳарлардаги ҳаракат маданияти, экология ва иқтисодий фаоллик билан бевосита боғлиқ муҳим соҳа эканини таъкидлаб, мутасаддиларга транспорт хизматлари қулайлиги ва хавфсизлигини ошириш, йўналишларни агломерация тамойили асосида кенгайтириш, соҳада рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича аниқ топшириқлар берди.


