icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

05.03.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қоплаш даражасини яхшилаш, технологиялар трансфери орқали фармацевтика ва биотехнология соҳасини ривожлантириш, янги технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришда тўлиқ қиймат занжирини яратиш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсадлар

1. Қуйидагилар 2026 йилда фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:

(а) ишлаб чиқариш ҳажмини 8,5 триллион сўмга етказиш;

(б) қиймати 1 миллиард АҚШ доллари бўлган истиқболли инвестиция лойиҳаларини шакллантириш;

(в) 800 миллион АҚШ долларлик янги инвестиция лойиҳаларини бошлаш;

(г) маҳсулот ва хизматлар экспортини 300 миллион АҚШ долларига етказиш;

(д) 350 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш;

(ж) “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудини кенгайтириш орқали минтақадаги биотехнология ва фармацевтика илмий тадқиқот ва ишлаб чиқариш хаби – “BioPharma City”га айлантириш.

II. Тармоқ корхоналарини қўллаб-қувватлаш чоралари

2. Фармацевтика тармоғида рақобатбардош ва сифатли фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида:

(а) оригинал дори воситаларининг патент муддати тугагандан сўнг 1 йил ичида ушбу дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ишлаб чиқарувчиларга “технологиялар трансфери” харажатларининг 50 фоизи, бироқ 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми ёки маҳсулотни яратишдаги илмий тадқиқот харажатларининг 50 фоизи, бироқ 100 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

(б) 2027 йил 1 январдан бошлаб “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти – GMP” миллий сертификатига эга бўлган корхоналарга уларнинг ишлаб чиқариш линияларида ушбу сертификат амал қилиш муддати даврида белгиланган тартиб ва қоидалар асосида биологик фаол қўшимчаларни ишлаб чиқаришга рухсат берилади.

3. Белгилансинки, 2026 йил 1 июндан бошлаб:

(а) қуйидагилар Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади:

(i) дори воситаларини ишлаб чиқарувчиларга EU GMP, US FDA GMP расмий сертификатларини жорий қилишда, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг преквалификациясини олишда хорижий консалтинг хизматлари ҳамда EU GMP, US FDA GMP сертификатлари учун харажатларнинг 50 фоизи, лекин 50 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган қисми;

(ii) илмий-тадқиқот институтлари ва таълим муассасалари томонидан яратилган Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқарувчиларга ушбу дори воситаларини саноат миқёсида ишлаб чиқариб, реализация қилгандан сўнг рўйхатдан ўтказиш, клиник синов ва биоэквивалентлик тадқиқотлари харажатларининг 80 фоизи, лекин 8 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда;

(б) мазкур Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ юқори технологияли дори воситаларини ишлаб чиқаришга қаратилган янги инвестиция лойиҳаларини 3 йил муддатда фойдаланишга топшириб, саноат миқёсида ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектларига 2 йил муддатга лойиҳа доирасида жалб қилинган кредитлар бўйича кредит фоиз харажатлари Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда компенсация қилиб берилади:

(i) фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, лекин 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;

(ii) хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 4 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда.

4. Белгилаб қўйилсинки:

(а) 2026 йил 1 июндан бошлаб фармацевтика ва бошқа ишлаб чиқарувчи корхоналарга, истисно тариқасида, Солиқ қўмитаси ахборот дастури орқали операторларга тақдим этиладиган маълумотга кўра солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда қарздорлик мавжуд бўлганда, қарздорлик суммаси ушбу миқдордан юқори бўлган ҳолатларда эса қарздорлик шаклланган кундан бошлаб ўн кун муддатда давлат харидларида иштирок этишга рухсат берилсин;

(б) 2026 йил 1 сентябрга қадар маҳаллийлаштириш даражасидан қатъи назар, белгиланган тартибда маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификатга эга бўлган фармацевтика ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналарга электрон кооперация портали, ишлаб чиқарувчилар экотизими, маҳаллий аукцион савдолари ва “миллий дўкон”да ушбу маҳсулотларни реализация қилишга рухсат берилади.

5. Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги икки ой муддатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга мазкур Фармоннинг 4-бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

III. Имтиёзлар

6. Белгилаб қўйилсинки:

(а) фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ёки уларни қайта ишлашга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари 2040 йилга қадар инвестиция лойиҳалари бошланган санадан эътиборан 3 йил муддатга инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган ер участкалари бўйича ер солиғи, инвестиция лойиҳалари фойдаланишга қабул қилинган кундан бошлаб 3 йил муддатга инвестиция лойиҳалари доирасида фойда солиғи ҳамда қурилган кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк солиғидан озод этилади;

(б) фаолиятини доимий муассаса орқали амалга оширмаётган норезидентларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни ишлаб чиқаришда қўлланадиган технологиялар трансфери ва бренд номи учун роялти кўринишида олинадиган даромадлари бўйича, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фойда солиғи ставкаси 2030 йил 1 январга қадар 5 фоиз миқдорида қўлланади.

7. Белгилансинки, мазкур Фармоннинг 6-банди “а” кичик бандида назарда тутилган солиқ имтиёзлари ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларини реализация қилишдан ёки доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ёхуд уларни қайта ишлашдан олинган даромадлар улуши солиқ тўловчининг жами даромади умумий ҳажмида камида 60 фоизни ташкил этганда қўлланилади.

Бунда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан солиқ органларига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланган сана ва уни фойдаланишга топшириш санаси тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиб борилади.

8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда Солиқ кодексига мазкур Фармоннинг 6-бандидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёки давлат тиббиёт муассасаларига инсонпарварлик ёрдами сифатида амал қилиш муддати қисқалиги сабабли бепул бериладиган яроқлилик муддати тугашига 6 ойдан кам бўлмаган муддат қолган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар солиқ солиш мақсадида бундай юридик шахсларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлари деб эътироф этилади. Бунда:

(i) ушбу бандга мувофиқ бериладиган ва чегириб ташлаш учун қабул қилинадиган дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг қиймати ҳақиқий ишлаб чиқариш ёки харид таннархидан келиб чиқиб, унга савдо устамасини киритмаган ҳолда аниқланади;

(ii) дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг қийматини ошириб кўрсатиш, топширилган мол-мулкнинг сохталиги, такроран айланиши ёхуд белгиланган тартибга риоя қилмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда, тегишли қиймат солиқлар, пенялар қўшимча ҳисобланган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари қўлланган ҳолда харажатлар таркибидан чиқариб ташланади;

(б) 2026 йил 1 апрелдан бошлаб биологик фаол қўшимча ва косметика воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги “2022–2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–55-сон Фармонининг 5-бандида назарда тутилган божхона имтиёзлари татбиқ этилади.

10. Солиқ кодексининг 305-моддасига мувофиқ импорт қилинган товарларни, шу жумладан, референт нарх қўлланадиган дори воситаларини олиб киришда ҳақиқатда тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси билан уларни реализация қилиш қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи суммаси ўртасидаги ижобий фарқ иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади ва фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан чегириб ташланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

IV. Молиялаштириш манбалари

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 январдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–13-сон Фармони 6-банди билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратилиши белгиланган 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 январдаги ПҚ–14-сон қарори 7-бандида белгиланган мақсадларга йўналтирилсин.

12. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги 2026–2027 йилларда мутаносиб равишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги ПФ–5707-сон Фармони 7-бандида белгиланган Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг жами 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг илмий тадқиқот маркази, фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини текшириш лабораторияси ва виварий биноларини қуриш ҳамда жиҳозлаш ишларини жадаллаштириш мақсадида 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 йил муддатга йиллик 4 фоиз ставкада жалб қилиш чораларини кўрсин.

13. Белгилансинки:

(а) фармацевтика корхоналари томонидан мазкур Фармоннинг 11-бандида кўзда тутилган хомашё ва асбоб-ускуналарни харид қилишда импорт контрактлари мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро консалтинг компаниялари томонидан экспертизадан ўтказилади;

(б) мазкур Фармоннинг 12-бандида назарда тутилган кредит маблағларини Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига қайтариш Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси томонидан амалга оширилади.

14. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида “Pharm Service” давлат муассасаси ходимларининг мамлакатимиз ва хорижда малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, малака ошириш курсларига хорижий мутахассисларни жалб қилиш учун Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан маблағ йўналтиришга рухсат берилсин.

V. Фармацевтика маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини ошириш

15. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2028 йил 1 январдан бошлаб:

(а) биологик фаол қўшимчаларга рухсатнома беришда Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари (HAACP) тизими жорий этилганлиги талаб этилади;

(б) биологик фаол қўшимчалар мажбурий рақамли маркировкалашдан ўтказилади.

16. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчилик соҳасини ривожлантириш” лойиҳасини Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириш борасидаги қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3790-сон қарорига мувофиқ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобидан харид қилинган, бироқ Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан фойдаланишга эҳтиёж бўлмаган синов ускуналари, ёрдамчи воситалар ва лаборатория мебелларини Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига баланс қолдиқ қийматида беғараз ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Бунда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки олдидаги қарзни қайтариш, фоизларни тўлаш ва қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатлар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси томонидан солидар тартибда амалга оширилади.

VI. Фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва илм-фанни ривожлантириш

17. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг:

(а) Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ва “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтлари негизида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институтини (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш;

(б) Институтнинг асосий вазифаларини 2-иловага мувофиқ тасдиқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

18. Белгилансинки:

(а) Институт Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ва “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

(б) Ўзбекистон кимё-фармацевтика илмий-тадқиқот институти, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ва “Шарқ табобати” илмий-тадқиқот институтларининг амалдаги молиялаштириш манбалари, штат бирликлари, мол-мулки ҳамда бошқа товар-моддий бойликлари Институтга ўтказилади;

(в) Институт тузилмаси ҳамда унинг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари орқали молиялаштириладиган штат бирликлари сони Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тасдиқланади.

19. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда тажриба-синов тариқасида Фармацевтика техник университети билан ўзаро интеграция асосида ўқувчиларни ҳаёт фанлари асосларига ўргатиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таълим дастурларини (кейинги ўринларда – ҳаёт фанлари дастурлари) жорий қилсин:

(а) Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб (кейинги ўринларда – мактаб)нинг ўқув жараёни 5 йиллик дастурлар асосида STEM модели бўйича ташкил этилади. Бунда дастлабки 3 йилда устуворлик ўқувчиларда кимё, биология, физика, математика ва инглиз тили бўйича фундаментал билимларни шакллантиришга, кейинги 2 йилда эса табиий фанлар асосида бошланғич тайёргарликни таъминлашга қаратилади;

(б) мактабнинг 10-11-синф ва Фармацевтика техник университети (кейинги ўринларда – университет)нинг тегишли бакалавриат йўналишларининг 1-курс ўқув режалари ўзаро интеграция қилинади. Бунда олийгоҳнинг ўқув режасига оид фанлар (кейинги ўринларда — олий таълим фанлари) ўқувчиларнинг танлови асосида қўшимча ўқитилади;

(в) олий таълим фанлари университетнинг профессор-ўқитувчилари томонидан ўқитилади ва ушбу жараёнга оид барча харажатлар ушбу университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади;

(г) қуйидаги талабларни бажарган мактаб битирувчиларига университетнинг тегишли таълим йўналишида 2-курсдан тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилади:

(i) IELTS сертификати (6,5 балл) ёки Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан тақдим этиладиган В2 сертификат ҳамда университетнинг йўналишига қараб биология ва кимё фанларидан бири бўйича энг камида B+ даражадаги ҳамда унга тенглаштирилган сертификатга эга бўлиш;

(ii) олий таълим фанлари бўйича академик кўрсаткичларни (Academic Performance) ўрнатилган талаб бўйича ўзлаштирганлик.

VII. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

20. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудини кенгайтириш мақсадида унга туташ ҳудуддан қўшимча 100 гектар ер участкаларини белгиланган тартибда ажратиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачиларига ва мулкдорларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика мақсадли жамғармаси ҳисобидан қоплаш, шунингдек, ер участкалари учун қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини лойиҳа ташаббускорлари томонидан 5 йилгача бўлган муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилсин.

21. Фармацевтика соҳасида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни жадаллаштириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, салоҳиятли хорижий инвесторлар ва халқаро брендларни жалб қилиш мақсадида Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ва қўшимча ажратиладиган 15 та штат бирлигидан иборат бўлган юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фармацевтика саноати лойиҳа офиси ташкил этилсин. Бунда Фармацевтика саноати лойиҳа офиси ходимларига Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

22. Фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш ва илмий тадқиқот жараёнларини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

24. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

25. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан синов ускуналари, ёрдамчи воситалар ва лаборатория мебелларини “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасасига ўтказишда қарз маблағи билан боғлиқ мажбуриятларни қайтариш юзасидан ҳуқуқ ва талабларни ўтказиш тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.

26. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул этиб соғлиқни сақлаш вазири А.А. Худаяров ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.А. Азизов белгилансин.

27. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo