10.08.2017
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги ПФ-5146-сон фармони
Республиканинг аграр илм-фани салоҳиятини янада ривожлантириш, мамлакатни иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини кучайтириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини рағбатлантириш мақсадида:
1. Белгилаб қўйилсинки:
2017 йил 1 августдан бошлаб собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баробари миқдорида, мухбир аъзолари учун эса - энг кам ойлик иш ҳақининг етти баробари миқдорида ойлик гонорар тўланади;
собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари учун тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.
собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари бир нафар кузатувчи шахс билан бирга бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий- соғломлаштириш муассасаларида ҳамда Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” курорт-соғломлаштириш акциядорлик жамиятининг санаторийларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар;
собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари, мухбир аъзолари ва бир нафар кузатувчи шахс учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмапари федерацияси Кенгаши, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида ҳамда Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги (Россия Федерацияси) “Ўзбекистон” курорт-соғломлаштириш акциядорлик жамиятининг санаторийларига йўлланмалар қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
собиқ Ўзбекистон Қишлок хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришда, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашда уларнинг ролини кучайтириш юзасидан;
собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларининг фан-таълим муассасаларида ва саноат корхоналарида самарали ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳа учун назарда тутилган маблағлар доирасида мазкур Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратсин, 2018 йилдан бошлаб эса ушбу маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 6 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-1693-сонли Фармонининг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев