icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида

06.02.2026

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

Буюк давлат арбоби ва саркарда, Иккинчи Уйғониш даври – Темурийлар Ренессанси бунёдкори Амир Темур миллий давлатчилигимиз ва жаҳон тарихида беқиёс ўрин тутади.

Мустабид тузум томонидан ноҳақ қоралаб  келинган бу улуғ зотнинг муборак номи ва хотираси мустақиллик йилларида тарихий адолат асосида қайта тикланди. Соҳибқирон Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланиб, ўзликни англаш, анъана
ва қадриятларимизни тиклаш борасида халқимизга улкан маънавий куч бағишлаб келмоқда.

Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилгани, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фондининг фаолияти йўлга қўйилгани, “Амир Темур” ордени таъсис қилингани, юртимиздаги кўплаб кўча ва хиёбонларга улуғ аждодимиз номи берилганини алоҳида қайд этиш лозим.

Мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги босқичи — Учинчи Ренессансга қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Соҳибқирон Амир Темурнинг шахсияти, буюк аждодимизнинг башарият тарихи ва Турон тамаддунидаги ўрни ҳамда темурийларнинг бой ва бетакрор меросини чуқур ўрганиш, юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш мақсадида қарор қиламан:

I. Мақсад

1. Мазкур қарорнинг асосий мақсади буюк аждодимиз асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти,
ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.

II. Ташкилий ва амалий чора-тадбирлар

2.  Фанлар академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Халқаро Амир Темур жамоат фондининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

(а) жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш;

(б) ҳар йили апрель ойини “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш ва унинг доирасида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар ва ҳарбий таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчилар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий тадбирлар уюштириш.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи темурийлар даври тарихини тизимли ўрганиш ва илмий натижаларни кенг тарғиб этиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

(а) жорий йил 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;

(б) Амир Темур ва темурийлар даври тарихи билан боғлиқ туркум китоблар, илмий ва илмий-оммабоп асарларни тайёрлаш ва чоп этиш, шу жумладан:

(i) “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;

(ii) “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси”, “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-альбомларини яратиш;

(в) темурийлар даврига оид, хорижий давлатларда сақланаётган асл ёзма манбалар нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш;

(г)  “Тирик тарих” лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари ёритиб берилган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда намойиш этиш;

(д) Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш.

4. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази  Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2026 йил 1 мартдан бошлаб Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Буюк темурийлар” атамасининг халқаро илмий истилоҳ сифатида жорий қилинишини таъминлаш учун хорижий давлатларда “Буюк темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида тақдимотлар, медиа тадбир ва анжуманлар ўтказсин.

5. Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ташкилий қўмита (А. Арипов):

(а) Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган тадбирларни (кейинги ўринларда – тадбирлар) ўтказиш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб борсин, ташкилий масалаларни тезкорлик билан ҳал этсин;

(б) тадбирлар бўлиб ўтадиган ҳудудларни ободонлаштириш ишларини, техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозланишини таъминласин;

(в) Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган почта маркалари ва конвертлар, тақвимлар ва кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш, эсдалик, кумуш ва олтин юбилей тангаларини муомалага чиқаришни таъминласин;

(г) тадбирларда қатнашувчи чет эллик меҳмонларнинг Ўзбекистонга келиб-кетиши, уларга виза расмийлаштирилиши, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш масалаларини мувофиқлаштирсин;

(д) тадбирлар бўлиб ўтадиган ҳудудларда объектлар ва меҳмонхона фондининг тайёрлигини таъминласин.

7. Тошкент шаҳри ҳокимлиги 2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда, Темурийлар тарихи давлат музейи биносини реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициясини яратиш ишларини амалга оширсин.

III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

8. Ташқи ишлар вазирлиги Фанлар академиясининг буюртмасига асосан тадбирларда иштирок этувчи чет эллик иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикасига кириш визаларининг консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан, зарур ҳолларда, И. Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмасига тадбирларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.

10. Ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари, уларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2026 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo