29.01.2026
Анқара шаҳрига расмий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған Ҳатай вилоятида мамлакатимиз томонидан барпо этилган “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Тадбирда давлатимиз раҳбари уч йил олдин содир бўлган вайронкор зилзила қардош турк халқи учун оғир синов бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон ушбу фожиали даврнинг дастлабки кунлариданоқ Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсата бошлади.
Қисқа фурсатда 100 нафар ўзбекистонлик қутқарувчи ва 70 нафар тиббиёт ходими фалокат содир бўлган ҳудудга етиб борди. Қидирув-қутқарув ишлари натижасида 18 киши қутқарилди, 200 нафарга яқин жабрланганлар вайроналар остидан чиқарилди. Дала шифохонаси 4 минг нафар беморга тиббий ёрдам кўрсатди.
Президент Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан зилзила оқибатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунга қадар мамлакатда 455 мингдан ортиқ уй-жой қурилди.
Ўзбекистон, ўз навбатида, қисқа муддатларда Ҳатай вилоятининг Арсуз туманида 300 дан зиёд тўлиқ жиҳозланган хонадон, жами 24 та кўп қаватли уйдан иборат барча зарур инфратузилмага эга замонавий турар жой мажмуасини барпо этди.
Туркия Президенти ушбу мажмуа нафақат жабрланган оилалар учун янги уй, балки ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг ёрқин намунаси эканини таъкидлади.
Етакчилар лойиҳани амалга оширишда иштирок этган қурувчилар, муҳандислар, ишчилар ва барча ҳамкорларга самимий миннатдорлик билдирдилар.
Давлат раҳбарлари янги хонадонлар калитларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширдилар.
Шунингдек, Президентлар Истанбулнинг Бекиркёй туманида ўзбек мактаби қурилишини бошлаб бердилар. Мазкур даргоҳ Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўлади.
Янги ўқув маскани Туркияда яшовчи ўзбек оилаларининг фарзандларига ўз она тилида таълим олиши билан бирга миллий қадриятлар, маданият ва анъаналарни сақлаб қолиш имконини беради.
Томонлар ушбу мактаб икки қардош халқ ўртасидаги ришталар янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилиши, ёш авлод учун муҳим таълим ва тарбия марказига айланишига ишонч билдирдилар.


