27.01.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди.
Мамлакатимизда интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини рўёбга чиқаришнинг амалий жиҳатлари, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтган йилнинг октябрь ойида биринчи кам қувватли реактор биноси учун пойдевор қўйиш ишлари бошлангани мамнуният билан қайд этилди. Электр станцияни лойиҳалаштириш ишлари давом этмоқда.
Бундан ташқари, ўтган йили “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали негизида атом энергетикаси ва ядро технологиялари бўйича илғор муҳандислик мактаби ишга туширилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда ядро технологияларини қўллаш, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, фанни ривожлантириш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.


