26.01.2026
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассамблеяси иштирокчиларини қабул қилди.
Учрашув аввалида Осиё Олимпия кенгашининг янги сайланган президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний давлатимиз раҳбарига Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қилингани учун миннатдорлик изҳор этди.
Спортни ривожлантириш “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.
Ўзбекистон халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришишга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни амалга оширишга тайёрлиги қайд этилди.
Тадбир якунида Президентимиз спортни ривожлантириш ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусалламга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Дўстлик” орденини топширди.


