10.12.2025
Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида фидокорона ва машаққатли меҳнати билан ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган барча деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
– Сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги беқиёс ишларингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор, – деди Президентимиз.
Жорий йилда халқимизнинг 3,5 миллиондан зиёд вакили меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалигида катта марраларга эришилди. Пахтачиликда миришкор деҳқон ва фермерларимиз томонидан 875 минг гектар ерда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди.
Ғаллакорларимиз бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратди, ўртача ҳосилдорлик эса 85 центнер бўлди. Шоликорларимиз жорий йил 268 минг гектарда шоли экиб, 1 миллион 340 минг тонна ҳосил олди, ўртача ҳосилдорлик 50 центнерга етди.
Уч йилда 155 минг гектар боғ ва узумзор барпо этилди, интенсив боғлар 150 минг гектарга етказилди. Жорий йилда 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, 1 миллион тонна дуккакли ва мойли экинлар етиштирилди.
Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди, йил якуни билан бу кўрсаткич илк бор 3,2 миллиард доллардан ошади. Мева-сабзавотларимиз кириб борган давлатларнинг сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етди.
– Албатта, бундай улкан натижалар ортида деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилиги турибди, десак тўғри бўлади. Уларнинг заҳмати, мард ва олижаноб фазилатлари ҳар қанча эътироф ва эътиборга муносиб, – деди Президентимиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ, соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Президентимиз сўзининг давомида келгуси йил учун соҳа олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Янги агротехнология ёрдамида 76-схема бўйича пахта етиштириш келгуси йилда оммалаштирилиб, 891 минг гектарда тўлиқ шу схема бўйича пахта етиштирилади. Кўсак қурти, гербицид, шўр ва сувсизликка чидамли хорижий навлар экиладиган майдонлар 2 карра кўпайтирилиб, 500 минг гектарга олиб чиқилади.
“Шинжон тажрибаси” асосида 300 минг гектарга чигит экилади. Бунинг учун далаларда томчилаб суғориш технологиясини жорий этишга 2 триллион 600 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади. Ўз маблағидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10 фоизигача қисмини субсидиялашга 250 миллиард сўм берилади.
Бунда пахта етиштириш учун кредит лимитини ярмидан фойдаланган фермерларга ҳам ҳосилнинг 5 фоизигача субсидия берилади.
Маҳаллий янги пахта навларини яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, илмий марказларда 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш асосида пахта уруғчилиги ривожлантирилади. Геномика ва Пахтачилик илмий институтларига фитотрон ва иссиқхона қуриб берилади.
Пахта етиштириш учун биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғини 10-15 фоиз арзон нархда етказиб бериш амалиёти келгуси йилда ҳам давом эттирилади.
Эндиликда пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларнинг алоҳида рейтинги юритилади.
Бунда камида 10 йилдан ортиқ ишлаётган, кредит, лизинг ва солиқдан муддати ўтган қарзи бўлмаган фермерларга рейтингига қараб Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан берилаётган имтиёзли кредит ставкалари янада пасайтирилади. Яъни рейтингнинг юқори поғонасида турган фермерларга кредит ставкаси пахта учун 8 фоиз, ғалла учун 10 фоиз қилиб белгиланади.
Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадаги 1 минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Ушбу мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.
Малакали агрономларни кўпайтириш муҳим экани таъкидланди.
Шу боис, Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, амалиёт ўтайди. Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 миллион сўмдан пул, талабага эса 1,5 миллион сўм стипендия тўланади.
Фермерлар фаолиятига янгиликларни олиб кириб, сифатли уруғ ва нав, замонавий агротехнология ёрдамида ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни қисқартиришга кўмаклашган ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади.
Пахтачиликда механизациялаш даражасини 85 фоизга етказиш учун келаси йил яна 800 та терим машинаси, 450 та кўп функцияли сеялка ва 3 минг дона плёнка йиғадиган машина олиб келиниши белгиланди.
Умуман, пахтачиликдаги ишларни янада жонлантириш учун 2026 йил деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлашга 35 триллион сўм берилади.
Ғаллачиликда ҳам шўр, сувсизлик ва иссиққа чидамли янги навларни яратиш борасидаги изланишлар янада кучайтирилиши таъкидланди. Ўз маблағи ҳисобидан ғалла етиштирган фермерларга пахтадаги каби ҳосилининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
Шунингдек, янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади.
Эндиликда интенсив боғ ташкил қилиш учун 7 йилга 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит берилади. Музлаткичли омбор учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қопланади. Сабзавот экспортчилари ва боғбонларга қадоқлаш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади.
Мева-сабзавотни кўпайтириш учун яйлов, қир ва адирлардан самарали фойдаланиш жуда муҳимлиги таъкидланди.
Шу мақсадда саноатлашган боғ, токзор ташкил қилиш, сабзавот, озуқа экини етиштириш учун адир ерлар қийматининг 1 фоизи миқдоридаги нарх билан аукционда сотилади. Аукцион ғолиблари ерни бошқа одамга қайта ижарага бериши мумкин бўлади ва ижара ҳуқуқи бепул рўйхатдан ўтказилади.
Ҳозирги тез ўзгарувчан шароитда бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳозирда куз-қиш учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захира қилинмоқда. Энди бу ишни йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция тизими жорий этилиши эълон қилинди.
Яна бир муҳим, эътибор қаратиш зарур бўлган масала – гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш.
Келгуси йилда четдан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларга ўз ерида чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача жойда енгил конструкцияли бино қуришга рухсат берилади. Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади.
Чорвачилик лойиҳалари учун кейинги йил Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан олиб келинган ресурслар ҳисобидан 157 миллион доллар йўналтирилади. Ушбу маблағлар чорвадорларга 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоиздан берилади.
Балиқчиликда наслни янгилаш, ҳосилдорликни ошириш ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилинади.
Жумладан, карп ва совуқ сув балиқлари бўйича Венгрия ва Норвегиядаги ҳамкорлар билан Янгийўл ва Бўстонлиқ туманларида 2 та наслчилик маркази ташкил қилинади.
Четдан наслдор она балиқ олиб келиш харажатининг ярми қоплаб берилади. Балиқчилик хўжаликлари инкубация, лаборатория, ёпиқ сув айланма тизимларини импорт қилишда божхона божидан озод этилади. Интенсив балиқчиликни йўлга қўйган хўжаликларга ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра камайтирилади.
Қишлоқ хўжалигидаги субсидиялар шу пайтгача 6 та вазирлик томонидан ажратилаётган эди. Шу боис, барча субсидиялар бўйича молиявий хизматларни бир жойда кўрсатадиган Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди.
Агентлик томонидан келаси йил деҳқон ва фермерларга 2 триллион 200 миллиард сўмлик субсидия берилади. Бунда субсидия ажратиш жараёни ҳозирги 4 босқичдан 2 босқичга, уни олишга кетадиган вақт эса 1 ойдан 15 кунга қисқаради.
Кейинги йилдан ҳосилни ихтиёрий суғурталаш пахта, ғалла ва иссиқхонада етиштириладиган маҳсулотлардан бошланиши белгиланди. Бунда суғурта учун тўловни 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Шу йилнинг ўзида 100 дан ортиқ дрон ёрдамида ер майдонлари ва экинлар мониторинги, илғор агротехник тадбирлар амалга оширилди. Кейинги йил Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродронлар олиб келинади. Ҳар бир вилоятда камида 2 тадан дрон мобил комплекси орқали агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Яна бир масала – республикада экин майдонларидан ўтган 70 минг километр узунликдаги очиқ дренаж ва коллекторлар бор. Агар улар босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилса, экин экиш учун қўшимча майдон очилади, зовурларни тозалаш харажатлари каррасига тежалади.
Шу боис, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, бу мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди.
– Мен бир гапни такрор айтишдан чарчамайман. Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Бугун аграр соҳада 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория, уларда жуда катта салоҳиятга эга юзлаб олим ва илмий ходимлар фаолият юритмоқда.
Бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун “илм-фан – таълим – ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлайдиган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади. Ушбу академия қишлоқ хўжалигидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга масъул бўлади.
Бундан ташқари, 500 нафар илғор фермер, боғбон ва экспортчилар Хитой, Туркия, Голландия, Франция каби давлатларга юборилиб, ўқитилади.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Президентимиз уларнинг қўшимча таклифлари ва фикрларини тинглади.


