02.12.2025
Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида жойлашган “Кўк сарой” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда савдо соҳасида замонавий хизматлар кўрсатиш, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жиззах шаҳридаги 3,5 гектар майдонда фаолият юритаётган “Кўк сарой” мажмуаси савдо ва маиший хизмат соҳасида вилоятдаги энг йирик объектлардан биридир.
Бу ерда 300 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган. Натижада 800 дан зиёд иш ўрни яратилди, жумладан, эҳтиёжманд тоифадаги 100 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Мажмуада йирик савдо тармоқларининг филиаллари, 10 та йирик маҳаллий ва хорижий бренд ишламоқда, 250 та савдо дўкони, фуд-корт ва болалар майдончаси жойлашган. Кўрсатилган хизматлар ҳажми йилига 223 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Эътиборлиси, мажмуада кутубхона ва китоб дўкони ҳам ташкил этилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи сифатида 1 мингта савдо шохобчасини ўз ичига олган, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган уч қаватли “Экобозор” қурилиши режалаштирилган. Натижада 2 мингта янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз мажмуа фаолияти билан танишиб, ташриф буюрганлар билан самимий мулоқот қилди. Хизматларни комплекс ёндашув асосида янада ривожлантириш, бундай марказларни бошқа ҳудудларда ҳам кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.


