26.11.2025
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам фахрийлар, устоз ва мураббийлар, азму шижоатли ўғил-қизларим!
Ҳурматли меҳмонлар!
Бугун сизлар билан Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган мана шу муаззам Олимпия шаҳарчасида Президент Олимпиадасига старт беряпмиз.
Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган, бутун юртимиз ёшларини Олимпия ҳаракатининг эзгу ғоялари асосида бирлаштираётган ушбу спорт байрами барчамизга муборак бўлсин!
Азиз дўстлар!
Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратяпмиз. Сўнгги саккиз йилда бюджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга ошди; тренерларнинг ўртача маоши 7 баробар кўпайди; 250 дан зиёд йирик спорт объектлари янгидан қурилди, 100 га яқин объект реконструкция қилинди; маҳаллаларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда 2 мингга яқин спорт майдончалари барпо этилди, уларнинг сонини ҳар йили 500 тага ошириб боряпмиз; 14 та олимпия ва паралимпия марказлари тўлиқ замонавий инфратузилма билан таъминланди.
Бу ишларимиз юртимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиши ва спорти юксак даражада ривожланган давлатлар қаторидан жой олиши учун мустаҳкам замин яратмоқда. Жумладан, Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мард ва баҳодир спортчиларимиз чинакам жасорат кўрсатиб, 13-ўринни эгаллаганликлари ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Ана шундай зафарли юришнинг давоми сифатида жорий йилда ёшларимиз Жаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Айниқса, ўғил-қизларимиз жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд натижаларга эришгани юртимизнинг халқаро Олимпия ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини яққол кўрсатиб турибди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани халқимиз 34 йил кутган тарихий воқеа бўлди.
Шу кунларда шахмат бўйича жаҳон кубоги ярим финалида бир пайтнинг ўзида 2 нафар шахматчимиз қатнашди. Ҳозиргина хушхабар олдик. 19 ёшли халқаро гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров Ҳиндистонда ўтаётган мазкур нуфузли турнирда ғалаба қозониб, жаҳон кубогини қўлга киритди. Энди у жаҳон тожи учун даъвогарлар турнирида иштирок этади ва бундай натижалар бутун халқимизни албатта қувонтиради.
Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг спорт тарихини ана шундай юзлаб иродаси мустаҳкам, жасур ва матонатли, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ўғил-қизларимиз яратмоқда.
Бундай қаҳрамон спортчиларимизга шон-шарафлар бўлсин! Уларнинг боши узра Ватанимиз байроғи ҳамиша мағрур ҳилпираб турсин!
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Албатта, эришилган натижалар ўзимизники. Энг муҳими, изланиш ва ҳаракатдан тўхтаб қолмаслигимиз керак.
Дунёда барча соҳалар қатори спортда ҳам қандай кескин кураш ва рақобат кечаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Бу эса нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёргарлик тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Бу ишларни энг қуйи бўғин бўлган маҳалладан бошлаш учун жорий йил беш босқичли оммавий спорт мусобақалари тизимига 15 миллион аҳоли қамраб олинди.
Адаптив спортга берилаётган эътибор туфайли сўнгги уч йилда параспортчилар сони қарийб 7 карра ошиб, 70 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар оммавий спортга жалб этилди.
Соҳани рақамлаштириб, шаффоф тизим яратганимиз ҳисобидан барча 10 мингта мактаб ва 9 мингта маҳалладаги ўғил-қизларимиз ўз салоҳиятини намоён қилиш имконига эга бўлди.
Энди энг иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинларини бошлаяпмиз.
Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди.
Вилоят ҳокимлари ўзлари бош бўлиб, жойларда энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизларимизни Президент Олимпиадасига олиб келди. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлади. Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг асосийси, улар терма жамоаларга тўғридан-тўғри йўналтирилади.
Аъло даражадаги тайёргарликни давом эттириш учун улар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилинади ҳамда ҳар бирига стипендия берилади.
Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар йили ўтказиладиган Президент Олимпиадаси янги иқтидорларни кашф қилиб, самарали селекция тизимига айланади.
Келгуси йилдан бошлаб сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, Президент Олимпиадасидаги спорт турлари 20 тага етказилади.
Спорт вазирлиги, Олимпия қўмитаси, спорт федерациялари Президент Олимпиадасининг ҳар бир босқичига халқаро спорт талабларини тўлиқ татбиқ қилади; юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш учун тренерларни замонавий методология ва ёндашувлар асосида ўқитиш тизимини йўлга қўяди; мусобақа натижаларини очиқ ва шаффоф баҳолаш учун ҳакамларнинг салоҳиятини ошириб боради.
Вилоят ҳокимлари спорт турларидан келиб чиқиб, спорт мактаблари ва тўгаракларидаги шароитларни яхшилаб, замонавий инвентарлар билан тўлиқ таъминлайди; ҳар йили камида 10 тадан маҳаллада замонавий спорт залларини қуриб, хусусий спорт клубларининг бошқарувига беради.
Хабарингиз бор, келгуси йил 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионати ҳамда 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилади.
Бугунги тадбиримиз бўлиб ўтаётган ушбу муҳташам Олимпия шаҳарчаси, жойларда барпо этилаётган замонавий спорт инфратузилмалари мана шундай нуфузли халқаро турнирларни юксак савияда ташкил этиш учун катта замин яратмоқда. Бундай йирик мусобақалар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, катта маҳорат мактаби бўлади, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатидаги халқаро обрў-эътиборини янада оширади.
Президент Олимпиадаси тизими эса ҳеч шубҳасиз, бундай мусобақаларга жавоҳир спортчиларни танлаб олишга, хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари учун ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини кўпайтиришга хизмат қилади.
Келгусида уларнинг орасидан Баҳодир Жалолов, Улуғбек Рашидов, Диёра Келдиёрова, Акбар Жўраев каби жаҳон ва Олимпия чемпионлари албатта етишиб чиқишига ишонаман.
Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Донишмандлар айтганларидек, иродаси кучли инсон, халқ ва миллатни енгиб бўлмайди.
Айниқса, спорт қандай буюк куч, қандай юксак ўрнак ва намуна эканини бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган сиз, ҳурматли спортчиларимиз, соҳа фахрийлари, устоз-мураббийлар яхши биласиз.
Агар сизлар ўзингиздаги катта тарбиявий салоҳият ва ҳаётий тажрибани ёшларимизга сингдирсангиз, уларни билимли ва ақлли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга ҳисса қўшсангиз, сизлардан халқимиз ҳам, Президент ҳам миннатдор бўлади. Чунки турли зарарли ғоя ва таъсирлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ёш авлодимизни ҳар томонлама соғлом этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Мен бу борада спортни тарбиядан, тарбияни эса спортдан айри ҳолда тасаввур этолмайдиган сиздек ҳурматли спортчилар, фахрийларимиз ва устоз-мураббийларга таянаман.
Азиз спортчи ўғил-қизларим!
Ҳеч қачон унутманг, сизлар мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган Президент Олимпиадаси қатнашчиларисиз. Ана шундай ном билан тарихга кирасиз. Ушбу юксак мақомга муносиб бўлиб, барчангиз маҳорат, ҳалоллик ва жасорат намуналарини кўрсатасиз деб ишонаман.
Спортнинг мураккаб ва масъулиятли йўлида зиммангизда ҳали азиз Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, уни жаҳонга тараннум этишдек буюк вазифалар турибди.
Ана шундай улуғ ва муқаддас бурчни адо этишга ҳозирдан тайёр бўлинг!
Изланиш, ўрганиш ва чиниқишдан ҳеч қачон тўхтаманг!
Доимо шижоат ва қатъият билан, дадил олға босаверинг!
Бу йўлда давлатимиз, Президент сизлар учун барча зарур шароитларни яратиб беради.
Барчангизга омад ва зафарлар ёр бўлсин, азиз фарзандларим!


