15.11.2025
Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари 2024 йилда таъсис этилган Олий давлатлараро кенгаш формати ўзининг долзарблиги ва самарадорлигини кўрсатганини таъкидлади.
– Муносабатларимиз бугунги кунда энг юқори – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Томонлар ҳамкорликнинг янги йўналишларини, икки томонлама салоҳиятдан фойдаланиш йўлларини батафсил муҳокама қилдилар ва Ўзбекистон – Қозоғистон шериклигини кенгайтиришга сезиларли туртки берадиган бир қатор қарорлар қабул қилдилар.
Ўзаро савдонинг барқарор ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш ва бизнес учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етгани мамнуният билан қайд этилди. Бу кўрсаткични 2030 йилгача 10 миллиардга етказиш мақсад қилинган.
Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилган, савдо ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами шакллантирилган, “ЎзКазТрейд” компанияси таъсис этилган, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилган.
Мамлакатимиз етакчиси саноат кооперацияси соҳасида эришилган катта муваффақиятларни қайд этди.
Ташриф доирасида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази ҳамда 1,3 миллиард долларлик қатор муҳим лойиҳалар ишга туширилади. Бундан ташқари, умумий қиймати 8 миллиард доллардан зиёд бўлган, жумладан, кимё, геология, инфратузилма, логистика, агросаноат ва кўплаб бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган кенг кўламли Саноат кооперацияси дастури тайёрланди.
Транспорт ва логистика соҳасида тизимли шериклик устувор йўналиш сифатида қайд этилди. Янги транспорт йўлакларини, шу жумладан, “Учқудуқ – Қизилўрда” йўналишини яратиш, Ақтау, Қуриқ ва Хоргос портларида юк ташишни рағбатлантириш бўйича биргаликда ишлаш зарурлиги қайд этилди.
Энергия ресурсларини ташиш ва қайта ишлаш, энергияни тежаш, “яшил” технологиялар ҳамда ахборот технологияларини жорий қилиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
Сув-экология соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади. Томонлар ташриф доирасида Трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги битим имзоланишини олқишладилар.
Етакчилар гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутишини қайд этдилар. Жорий йилда Олмаота ва Остона шаҳарларида қўшма маданий тадбирлар – “Лазги” балети, рассомлар кўргазмаси, адабиётчилар форуми ва ёшлар фестивали, шунингдек, Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари ва Тошкент шаҳрида Остона кунлари муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилди.
Фан ва таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни давом эттириш, олий таълим муассасалари ўртасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Қўшма сайёҳлик йўналишларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг тарихий қадамжолари, бой маданий ва маънавий меросини оммалаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, музокаралар кун тартиби юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, энергетика, транспорт ва маданият вазирларининг ҳисоботлари тингланди.
Давлатлараро олий кенгашнинг иккинчи йиғилиши якунида бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди.


