icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисида

12.11.2025

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсадида қарор қиламан:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4–6 ноябрь кунлари АҚШга ташрифи давомида “С5+1” саммити доирасида Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Америка томони билан келишган ҳолда АҚШ Президенти вакили ҳамраислигида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини (кейинги ўринларда – Кенгаш) ташкил этиш бўйича келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилсин.

3. Белгилансинки, Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланади:

(а) стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;

(б) Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЕТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;

(в) тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;

(г) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;

(д) мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.

4. Ташқи сиёсий ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили (кейинги ўринларда – маслаҳатчи-элчи) лавозими киритилсин. Белгилансинки:

(а) маслаҳатчи-элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади;

(б) маслаҳатчи-элчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.

5. Маслаҳатчи-элчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

(а) Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш;

(б) Ўзбекистон томонидан Кенгаш ишини комплекс мувофиқлаштириш.

6. Инвестиция-савдо блокини мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш, Кенгашнинг масала ва лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек, маслаҳатчи-элчиси фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:

(а) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда уч ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ходимлари штат бирлигини кўпайтириш тўғрисида таклиф киритсин;

(б) бир ой муддатда АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очиш масаласини ишлаб чиқсин, бунда географик қамровни таъминлаш учун контингентга АҚШ тармоқларининг асосий хаблари билан ишловчи ходимлар ва мутахассисларни киритсин ҳамда  ватандошлар йирик диаспоралари энг кўп тўпланган ҳудудларни (Филадельфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) ҳисобга олсин. 

7. АҚШнинг барча штатларида яшаб келаётган ўзбек диаспоралари билан самарали ҳамкорлик моделини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш – АҚШ ҳудудида янгидан ташкил этилаётган консулликларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгилансин.

8. Белгилансинки, 2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий корхоналарнинг устав фондини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш) учун АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентлар операциялари – Ўзбекистон Республикасидаги банкларда резидентлар ҳисобларидан пул маблағларини ўтказиш, АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш чекловларсиз, резидентлар ҳисобларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур банд талабларидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар киритсин.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда даромадни ошириш мақсадида Кенгашга энг фойдали ва юқори ликвидли, шу жумладан, АҚШда жойлашган активларга йўналтириш учун мамлакатнинг инвестиция активлари ва валюта захиралари тузилмасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда: 

(а) икки ҳафта муддатда Америка томони билан биргаликда доимий офиси АҚШда бўлган Кенгашнинг ижро органи ходимлари доимий штатини, шу жумладан, АҚШ мутахассисларидан иборат таркибда шакллантириш масаласини ўрганиб чиқсин; 

(б) йигирма кун муддатда Ўзбекистон томонидан Кенгашнинг регламенти ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш учун киритсин;

(в) бир ой муддатда:

(i) Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркибини, шу жумладан, унга Америка ишбилармонлик ва инвестиция ҳамжамияти нуфузли вакилларини жалб қилган ҳолда тасдиқлашга киритсин;

(ii) Америка томони билан Инвестицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

12. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo