icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Ўзбекистон Президенти ЮНЕСКО доирасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди

30.10.2025

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 30 октябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларини маданиятлар ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган меҳмондўст Ўзбекистон заминида самимий қутлади. Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларига, барча делегацияларга конференцияда иштирок этаётгани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Президентимиз сўзининг аввалида бу галги сессия сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилаётганини таъкидлади.

– Бундай нуфузли форумнинг мамлакатимизда ўтказилаётганини Ташкилотга аъзо давлатларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончининг ёрқин ифодаси деб қабул қиламиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон етакчиси ташкилот ўзининг 80 йиллик фаолияти давомида таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида глобал ҳамкорликни, ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган нуфузли халқаро институтга айланганини қайд этди.

Шу маънода, халқларнинг миллий ўзига хослиги, уларнинг маданий меросини сақлаб қолиш, турли динлар ўртасида яқин мулоқотни мустаҳкамлашда ЮНЕСКОнинг роли ортиб бораётгани таъкидланди.

– Анжуманимиз инсониятнинг тарих солномасига гуманистик ғоялар, нодир билимлар, цивилизациялараро мулоқот маркази сифатида кирган Самарқанд шаҳрида ўтказилаётганида чуқур рамзий маъно бор, – деди мамлакатимиз етакчиси.

Давлатимиз раҳбари илм-фан, адабиёт ва маданият бешиги бўлган Самарқанднинг буюк меросини ёдга олди. Хусусан, Коперник ва Кеплер кашфиётларига асос бўлган машҳур юлдузлар жадвали яратилган Мирзо Улуғбек расадхонасини эслатиб ўтди. Президентимиз меҳмонларни Буюк ипак йўли дурдонаси, тинчлик ва халқлар дўстлиги диёри бўлган Самарқанд руҳидан баҳраманд бўлишга чорлади.

Геосиёсий кескинлик ва ҳарбий низолар ноёб ёдгорликлар ва маданий меросга зиён етказаётгани, билим ва рақамли технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал тенгсизликни кучайтираётгани қайд этилди.

Ўзбекистон раҳбари бундай мураккаб шароитда ЮНЕСКОнинг асосий вазифаларини бажариш учун бирдамликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистон ташкилотнинг эзгу мақсадларига содиқлигини, конструктив ҳамкорлик учун очиқ майдон сифатида Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк бўлиб хизмат қилишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз ЮНЕСКО билан 2027 йилгача мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастурини амалга оширмоқда. Унинг доирасида буюк мутафаккир ва арбоблар – Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод юбилейларига бағишланган тадбирлар ўтказилди, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси каби илмий муассасалар ва адабий ёдгорликлар, жумладан, “Алпомиш” достонининг тарихий саналари кенг нишонланди.

Бутунжаҳон мероси шаҳарлари – Хива, Бухоро, Шаҳрисабз ва Самарқандга Зарафшон-Қорақум йўлаги бўйидаги ёдгорликлар қўшилди. Ғарбий Тянь-шань ва Турон чўлларининг табиий ҳудудлари минтақанинг ўзига хос биохилма-хиллигини акс эттиради.

Президентимиз Ўзбекистоннинг йигирмага яқин номоддий мероси – “Шашмақом”, Катта ашула, “Лазги” рақси, аския санъати, миниатюра, Наврўз байрами, атлас ва адрас тўқиш анъаналари ЮНЕСКО эътирофига сазовор бўлганини эслатди. Ташкилот шафелигида "Шарқ тароналари", мақом санъати, бахшичилик, ҳунармандчилик ва этноспорт фестиваллари ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” каби ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда ЮНЕСКОнинг кафедралари ва ҳамкор мактаблари фаолият юритмоқда, Тошкент ва Фарғона шаҳарлари Таълим шаҳарлари глобал тармоғига киритилган. Шунингдек, юзлаб маданий мерос объектлари замонавий технологиялар ва халқаро стандартлар асосида реставрация қилинди.

Президентимиз Самарқанд конференцияси доирасида қўшимча тадбирлар – Бухорода замонавий санъат биенналеси, Тошкентда Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази очилиши, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини топшириш маросими, музейлар соҳасида сунъий интеллектни қўллаш масалалари бўйича конференция ўтказилаётганини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон олий таълим соҳасидаги квалификацияларни тан олишга оид Глобал конвенцияга қўшилади.

Давлатимиз раҳбари ЮНЕСКО фаолиятининг асосий йўналишларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Инклюзив таълимни ривожлантириш ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш устувор йўналиш экани таъкидланди. Президентимиз ЮНЕСКОнинг алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини яратиш ва Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф қилди. Ўзбекистон ЮНЕСКО шафелигида “Сунъий интеллект – мактаб” пилот лойиҳасини амалга ошириш ва Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар форумини ташкил этишга тайёр.

Ўзбекистон етакчиси номоддий маданий меросни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлади. Халқ оғзаки ижоди, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотлар каби ноёб мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида таъсис этилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.

19 ноябрь санасини Халқаро ҳужжатли мерос куни деб эълон қилиш, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасида Рақамли мерос халқаро институтини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбари 2027 йилда Бухорода ЮНЕСКОнинг ижодий шаҳарлар тармоғи доирасида Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати бўйича халқаро конгресс ўтказишни таклиф этди.

Президентимиз гендер тенгликни илгари суриш ва хотин-қизларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш мақсадида ЮНЕСКОнинг Хотин-қизлар етакчилиги академиясини ташкил этиш ҳамда Самарқандда дунёнинг барча қитъаларидан таниқли тадқиқотчилар, санъат намояндалари, педагоглар ва новаторлар иштирокида Таълим, маданият ва илм-фан соҳаларидаги хотин-қизларнинг глобал форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.

Иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашиш ҳам долзарб масала сифатида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари иқлим ўзгариши маданий меросга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаб, “ЮНЕСКОнинг экологик пойтахти” глобал ташаббусини таъсис этиш, шунингдек, ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш тўғрисидаги резолюциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Ўзбекистон Хива шаҳрида шу мавзуда халқаро симпозиум ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Виртуал маконда нотўғри маълумотлар тарқалишига қарши курашиш, жамоатчилик фикрини ҳимоя қилиш ва камситишларга қарши курашиш ҳам устувор йўналишлар қаторида. Президентимиз Болалар маданий контенти халқаро фестивалини ўтказиш ва ЮНЕСКОнинг медиасаводхонликни ривожлантириш бўйича комплекс стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

Давлатимиз раҳбари динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, радикализм ва исломофобияга қарши курашиш, ислом маданияти ва маърифатини бутун дунёда тараннум этиш кераклигини таъкидлади: “Бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”.

Ўзбекистондаги ноёб лойиҳалар – Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари салоҳиятидан фаол фойдаланиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти форум ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, ўзаро ишонч ва глобал шерикликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни илгари суришда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди.

– ЮНЕСКОнинг боқий анъана ва қадриятларидан куч олаётган “Самарқанд руҳи” умумий тараққиёт сари янада бирлашишга ундайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари анжуман иштирокчиларига муваффақият ва самарали фаолият тилаб, тадбирнинг тинчлик, дўстлик ва ўзаро англашув тимсоли бўлган Самарқанд шаҳрида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади.

Бу Ўзбекистоннинг юксак халқаро нуфузи ва цивилизациялар мулоқотини ривожлантириш, ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ҳамда инсоният маданий меросини асраб-авайлашга қўшаётган ҳиссасини тасдиқлайди.

Очилиш маросими якунида Ўзбекистон ва хориж санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Унда симфоник оркестр, хор жамоаси ва миллий ансамбль ижросида ўзбек мумтоз куй-қўшиқлари ва жаҳон мусиқасининг сара асарлари замонавий талқинда янгради.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo