icon
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
  • Ўзб
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Ижтимоий тармоқлардаги
расмий саҳифалар

  • social-icons Telegram
  • social-icons Facebook
  • social-icons Instagram
  • social-icons Twitter
  • social-icons Youtube
icon

Сайт бўйича қидирув

icon
image_logo
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти
  • Президент
  • Воқеалар
  • Ҳужжатлар
  • Администрация
  • Медиатека
  • Боғланиш
  • O‘zb
  • Рус
  • Eng

Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш
Маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича вазифалар белгилаб берилди

14.10.2025

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 14 октябрь куни маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Кейинги йилларда маҳалла институтини ислоҳ қилиш ва уни халқ ҳаётига яқин, самарали тизимга айлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди.

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди. Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари булардан самарали фойдаланиб, натижа кўрсатаётган маҳаллалар кўплиги, лекин айримлари ягона жамоа бўлиб ишлаб кетишни ҳалигача ўрганмаганини кўрсатиб ўтди.

– Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига борганим вилоят ҳокимлари, республика, вилоят, туман раҳбарлари, “еттилик”ни кўзини очиб, уларни сифат ва компетенцияни оширишга ундаши керак, – деди Президент.

Ўтган ҳафта имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Ўзбекистон руҳи кириб бориши керак бўлган 33 та туман ва 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди.

Бу туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан, 330 та маҳалланинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга қаратилади. Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм берилади.

Умуман, бу дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Вилоят ҳокимларининг ўзи ҳам 2 тадан, туман ҳокимлари эса 1 тадан оғир маҳаллани белгилаб, уларга 5 миллиард сўмдан йўналтириши, яна 236 та маҳалла аҳолиси турмушида кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бир ой олдин “Ташаббусли бюджет” бўйича янги қарор қабул қилиниб, маҳаллада одамларнинг ўзи фаол бўлиб бошлаган лойиҳаларга кўмак берадиган тизим жорий қилинди. Бунда қайси маҳаллада аҳоли йўл, сув, мактаб, боғчани таъмирлашни бошлаган бўлса, харажатининг ярмини давлат кўтаради. Бу мақсадлар учун келгуси йилда яна 1 мингта лойиҳага 500 миллиард сўм ажратилади.

Президентимиз бу борада яна бир янгиликни эълон қилди. Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўланганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилади.

Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “Ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.

Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилади.

Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади.

Умуман, ушбу манбалар ҳисобидан келгуси бир йил учун 2 мингта маҳаллага қўшимча 8,5 триллион сўм маблағ берилади.

Туман ҳокимлари ушбу имкониятлардан унумли фойдалани, “маҳалла еттилиги” билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Масалан, Нориндаги Шўрариқ маҳалласи атрофидаги яна 6 та маҳаллага хизмат кўрсатадиган марказга айланмоқда. Бундан руҳланиб, ўнлаб тадбиркорлар турли лойиҳаларни илгари сурди. Ушбу маҳаллаларга архитектор ва урбанист жалб қилингани натижасида 7 та маҳалла қиёфасини бутунлай ўзгартириш учун имконият пайдо бўляпти.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Ислоҳотлар штаби билан бирга биринчи босқичда 33 та туман ва 330 та маҳаллада ишларни ана шундай ёндашув асосида йўлга қўйиш топширилди.

Йиғилишда маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб ва уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Маҳаллаларга 2 минг квадрат метргача бўш давлат объектларини аукционга чиқариш ваколати берилган. Эндиликда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси бўш турган 5 минг квадратгача бўлган давлат мулкини аукционга чиқариши мумкин бўлади. Сотувдан тушган маблағнинг 70 фоизи маҳалланинг ўзида қолади ва инфратузилмага сарфланади.

Шу билан бирга, маҳалла биноларини замонавий сервис объектига айлантириш учун тадбиркорларга қўшимча енгилликлар берилади.

Жумладанг, шаҳар ва вилоят марказида тадбиркорлар томонидан қурилиб, пастки қаватида “маҳалла еттилиги” жойлашадиган бинолар 3 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади. Қишлоқ жойларда эса бу имтиёзлар 7 йил бўлади. Бино эгаси бўлган тадбиркорлар ушбу муддат давомида фойда ва айланмадан солиқни 50 фоиз пасайтирилган ставкада тўлайди.

Йиғилишда маҳаллалардаги ижтимоий муҳит ва ёшлар тарбияси бўйича ечим топилиши керак бўлган бир қатор масалалар кўрсатиб ўтилди.

Масалан, оилалар ажримлари, алимент тўлашдан бўйин товлаш, оиласи ва болаларини кредит қарзлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учраётгани, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг салбий оқибатлари барчани – ҳокимлар, “маҳалла еттилиги”, нуронийлар, бутун жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солиши кераклиги қайд этилди.

Оила қуриш бу – нафақат ўзи, балки турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги катта масъулият эканини ёшларга тушунтириш, ажримларда тарафлар, айниқса, фарзандлар оғир моддий аҳволга тушишининг олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузишнинг афзалликларини тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан бутун республикада тозалик ва озодалик ойлиги эълон қилиниши белгиланиб, ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига, ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига тегишли топшириқлар берилди.

Эндиликда “еттилик”, маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд қилиш ташаббуси билан чиқса, туман ҳокими 10 сотихгача ер майдони ажратиб бериши белгиланди. Ҳокимлар ва “еттилик” бунинг устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиши, бу ерлар бошқа мақсадларга бериладиган бўлса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Мутасаддиларга “еттилик” фаолиятини комплекс баҳолайдиган тизимни ишга тушириш топширилди.

Туман ҳокимлари йил якунига кўра яхши ишлаган 10 та “еттилик”нинг барчасини мукофотлаш, уларга қўшимча устамалар беришни йўлга қўяди. Бундан буён “еттилик” ходимлари билан ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида йиғилиш ўтказиш тақиқланиши белгиланди.

– Ислоҳотларимизнинг остонаси бўлган ҳар бир маҳаллага Янги Ўзбекистон нафасини олиб кириш, энг аввало, “маҳалла еттилиги”нинг ягона жамоа бўлиб ишлашига бевосита боғлиқ, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда мутасаддилар ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, маҳалла раислари билан мулоқот қилинди.

logo-icon
Ўзбекистон РеспубликасиПрезиденти

Маълумотлардан фойдаланилганда www.president.uz га ҳавола кўрсатилиши шарт

© 2025 Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган

Президент
  • Мақом
  • Таржимаи ҳол
  • Мукофотлар
Воқеалар
  • Янгиликлар
  • Мажлислар
  • Ҳудудларга сафарлар
  • Хорижга ташрифлар
  • Хорижий делегациялар билан учрашувлар
  • Нутқлар
  • Табриклар
Ҳужжатлар
  • Фармонлар
  • Қарорлар
  • Фармойишлар
  • Тараққиёт стратегияси
  • Ташаббуслар
Администрация
  • Администрация тўғрисида
  • Раҳбарият
  • Қуйи ташкилотлар
Медиатека
  • Фотогалерея
  • Видеогалерея

Боғланиш

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг

Ишлаб чиқилган:uzf-logo