
10.10.2025

Ҳурматли ҳамкасблар!
Анъанавий илиқ қабул ва бугунги саммитимизни ажойиб тарзда ташкил этгани учун Тожикистон Республикаси Президенти, ҳурматли Эмомали Шарипович Раҳмон шаънига билдирилган самимий миннатдорлик сўзларига қўшиламан.
Тожикистоннинг МДҲга самарали раислигини, бу даврда мамлакатларимиз ўртасидаги кўптомонлама шериклик янги суръат билан ривожлана бошлаганини алоҳида қайд этишни истар эдим.
Глобал сиёсат ва иқтисодиётда мураккаб, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган жараёнлар кечаётган шароитда, халқаро институтларнинг роли заифлашиб бораётган бир вазиятда МДҲ ўзининг барқарорлиги, самарадорлиги ва зарурий тузилма эканини намойиш қилишда давом этаётганини таъкидламоқчиман.
Ўн йиллар давомида яратилган механизмлар ва йўлга қўйилган мулоқотлар туфайли иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар масалаларга оид барча жабҳалар бўйича яқин ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Биз МДҲ доирасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, табиий шерикларимиз бўлган мамлакатлар билан амалий ҳамкорликнинг самарадорлигини оширишдан манфаатдормиз. Шу муносабат билан Ўзбекистон кўптомонлама муносабатларни чуқурлаштириш бўйича билдирилган баҳо ва таклифларни қўллаб-қувватлайди.
Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий шерикликни кенгайтириш биз учун, ҳеч шубҳасиз, устувор йўналишдир. Жаҳон иқтисодиётида вазият ёмонлашиб, протекционизм кучайиб бораётгани, барқарор тараққиётга янги таҳдидлар пайдо бўлаётганини ҳисобга олганда, бу алоҳида муҳим аҳамиятга эгадир.
Таъкидлаш зарурки, ўтган йили Ўзбекистоннинг МДҲдаги шериклари билан савдо айланмаси ҳажми 11 фоизга ўсди. Ўзаро савдода ўсиш ҳажми жорий йилда ҳам таъминланмоқда.
Бундай кўрсаткичлар тармоқлараро кооперацияни чуқурлаштириш ва мамлакатларимиз ўртасидаги инвестиция оқимларининг кўпайиши билан бевосита боғлиқдир. Жадал ҳамкорлигимиз суръатларини сақлаб қолиш мақсадида мавжуд ресурсларни янада тўлиқ ишга солиш ҳал қилувчи масала, деб ҳисоблаймиз.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни қуйидаги устувор масалаларга йўналтиришни таклиф этамиз.
Биринчидан, савдо айланмасини кучайтириш учун янада қулай шарт-шароитларни шакллантириш.
Бу ўринда сўз алоҳида товарларни, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнида тартиб-таомил ва талабларни соддалаштириш ва миллий бозорларга кириш, жумладан, давлат харидларида иштирок этиш ҳақида бормоқда.
Мамлакатларимиз бозорларини ўзаро мос ҳолда кенгайтириш муҳимдир. Шу муносабат билан МДҲ Иқтисодий кенгаши доирасида ташқи конъюнктура ўзгаришларига тезкор жавоб бериш ва савдо оқимлари йўналишини ўзгартириш бўйича механизмларни ишга тушириш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, техник тўсиқлар ва мувофиқликни баҳолашга оид ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги битимлар лойиҳаларини келишиш борасидаги ишларни фаоллаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчидан, транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни истар эдим.
Афсуски, МДҲ маконида транспорт тармоғида амалдаги йўлакларнинг ўтказиш самарадорлигини пасайтирадиган муаммоли ҳолатлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Барча транспорт турлари билан интеграциялашган ахборот-логистика марказларини яратишни замоннинг ўзи талаб этмоқда, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, юк ташиш инфратузилмасини модернизация қилиш учун хусусий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш муҳимдир. Шу муносабат билан транспорт соҳасида давлат-хусусий шериклик масалалари бўйича МДҲ мамлакатлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Учинчидан, ўзаро инвестицияларнинг ўсишини рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш.
Ҳамкорлик бўйича тўпланган ижобий тажрибани ҳисобга олиб, мамлакатларимизда махсус иқтисодий ва саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга оид “йўл харитаси”ни тайёрлашни таклиф этаман.
Бизнесни жалб этган ҳолда кооперацияни чуқурлаштириш ва инновацион стартапларни илгари суриш МДҲнинг Венчур платформасини яратишга хизмат қилади.
Келгуси йили Тошкент “ИННОПРОМ” кўргазмаси доирасида мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи компанияларининг кенг иштирокида МДҲ инновацион саноат форумини ўтказишга тайёрмиз.
Агар ҳамкасбларимиз маъқуллашса, МДҲ Иқтисодий кенгашига қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга кўрсатма беришни таклиф этаман.
Тўртинчидан, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда МДҲдаги шерикларимиз билан анъанавий ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, жумладан, атом электр станциялари қурилиши соҳасида қатор йирик стратегик лойиҳаларни амалга оширяпмиз.
Биз, МДҲ мамлакатларида энергетика секторини инновацион ривожлантириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тарафдоримиз.
Бешинчидан, рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида эътиборга моликдир.
Жорий йилнинг август ойида Самарқандда ташкил этилган “МДҲда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форум кооперация борасида ўзаро қизиқиш ва имкониятлар ўсиб бораётганини кўрсатди.
МДҲ бўйича шерикларимизнинг бу соҳадаги фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз ва Амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўптомонлама режа ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Биз илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳасида қўшма дастурларни кенгайтиришдан манфаатдормиз.
Мамлакатларимизда таълим сектори ва меҳнат бозори жадал ривожланаётганини ҳисобга олиб, Дипломлар, малака ва академик дастурларни ўзаро тан олиш тўғрисида янги давлатлараро келишувни тайёрлаш, Профессионал стандартлар ва малака талабларини уйғунлаштириш механизмини жорий этиш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Кун тартибига инновацион экотизимларни шакллантириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш учун Ёшлар лабораториясини яратиш масаласини киритган ҳолда, МДҲ Ёшлар форумини Хивада қабул қилишга тайёрмиз.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Бугун мамлакатларимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигига нисбатан умумий хавф-хатар ва таҳдидлар ҳақида кўп айтилди.
Ташқи сиёсат идоралари ва махсус хизматлар йўналишлари бўйича тизимли ва яқин алоқаларни давом эттириш муҳимдир. Бу ўринда сўз ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ахборот алмашиш ва қўшма тадбирларни ўтказиш ҳақида бормоқда.
Ҳамдўстликнинг жанубий чегаралари ҳақида сўз юритар эканмиз, Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятни унутмаслигимиз керак. Ушбу мамлакатда иқтисодий ва ижтимоий инқироз чуқурлашиб бораётганини ҳисобга олсак, унинг ҳудудидан бўладиган хавф-хатар ва таҳдидлар сақланиб қолмоқда.
Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлайман.
Шу муносабат билан ушбу мамлакатда йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда биргаликда иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Биз ҳурматли Сергей Николаевич Лебедевни Ҳамдўстлик Бош котиби лавозимига қайта тайинланишини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Сўзимнинг якунида Туркманистон Президенти, ҳурматли Сердар Гурбангулиевич Бердимуҳамедовга МДҲда раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан муваффақиятлар тилайман.
Ишончим комил, ушбу учрашув ва қабул қилинаётган қарорлар ўзаро манфаатли кўптомонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга имкон яратади, халқларимиз ва мамлакатларимизнинг равнақи ва фаровонлиги йўлидаги умумий мақсадлар ва вазифаларимизга эришишга хизмат қилади.