
23.09.2025
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳида ўз ишини бошлаган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси умумсиёсий мунозараларида нутқ сўзлади.
Сессия раиси Анналена Бербок бошчилигида ўтказилаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо давлатлар етакчилари – Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Да Силва, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон ҳамда бошқа мамлакатлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида иштирокчиларни БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей анжумани –80-сессияси билан самимий қутлади. Мазкур йиғилиш шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда ўтаётгани, бу эса Ташкилот фаолияти ва унинг келажагига янгича ёндашувлар билан қарашга чорлаётганини қайд этди.
– Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда, – деди Ўзбекистон раҳбари.
Президентимиз Бош котиб Антониу Гутерришнинг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун БМТни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлади, мамлакатимиз Келажак учун пактга қатъий содиқлигини тасдиқлади.
Ўзбекистон етакчиси замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтиришга чақирди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистондаги Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳанг ҳолда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар жараёнига батафсил тўхталди. Таъкидланганидек, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсати олиб борилмоқда.
– Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир, – деди Президент.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилгани таъкидланди. Бу, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини ўзгартирилаётгани, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этилаётгани, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилинаётгани, кичик бизнес ҳар томонлама ривожлантирилаётгани ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратилаётгани туфайлидир.
Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қаралмоқда.
Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклиф этилди.
Илғор соғлиқни сақлаш тизимини яратиш хусусида сўз юритар экан, мамлакатимиз етакчиси БМТ бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан болалар саратони ва бошқа оғир касалликларга қарши курашга бағишланган юқори даражадаги тадбир ўтказилишини айтди.
Гендер сиёсатига тўхталиб, давлатимиз раҳбари мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг роли бундан буён ҳам мустаҳкамланишини таъкидлади. Шу маънода, кенг минтақамиз миқёсида Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш муҳимлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қатъий интилишини тасдиқлаб, Президент Ўзбекистон 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Президентимиз шундай деди: «Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди».
Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайгани таъкидланди. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилмоқда, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланди.
– Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда, – деди Президент.
Давлатимиз раҳбари БМТ тузилмалари билан минтақада қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни, жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик борасида фикр юритар экан, Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазиятга тўхталди. Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чақириб, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон ушбу мамлакатда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи экани қайд этилди.
Президентимиз Афғонистон орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
Ғазо секторидаги тобора ёмонлашиб бораётган гуманитар инқироз ҳақида гапирар экан, Президентимиз ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди.
– Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз, – деди у юксак минбардан туриб.
Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солаётганини қайд этиб, Президентимиз бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлади.
Хавфсизлик мавзуси давомида давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишларни қайд этди. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилди. Марказ муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Мамлакатимиз етакчиси бугунги таҳдидларга тўла дунёда глобал транспорт тизимининг заифлиги денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатиб ўтди.
Халқаро транзит коридорларининг хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этишга чақирди.
Ўзбекистон Президенти тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига ҳам алоҳида тўхталди. Қайд этилганидек, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши лозим.
– Биз Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишларни изчил давом эттиряпмиз. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади, – деди давлат раҳбари.
Сув ресурсларининг тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, Президентимиз Ўзбекистонда Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилганини таъкидлади. Мазкур анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси”ни қабул қилиш мўлжалланмоқда.
Экологик ўзгаришларнинг яна бир салбий кўриниши – иқлим миграциясининг кучайиб бораётганидир. Президентимиз ушбу йўналишда аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаганини қайд этди. Шу муносабат билан бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилишга чақирди.
Барчанинг барқарор тараққиётини таъминлаш ҳақида сўз юритилар экан, мамлакатлар ўртасида рақамли ривожланиш ва сунъий интеллектдан фойдаланишда тенгсизликнинг олдини олиш жуда муҳим эканига эътибор қаратди. Шу маънода, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллектнинг амалий ечимлари ва моделларини беғараз алмашишга қаратилган Халқаро ҳамкорлик механизмини яратиш таклиф этилди.
– Яна бир устувор масалага алоҳида тўхталмоқчиман. Эртанги кунимиз, дунёнинг тақдири ва фаровонлиги ўсиб келаётган ёш авлод қўлида. Ёшларимизнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш долзарб вазифамиздир, – деди Президентимиз.
Шу муносабат билан “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи илгари сурилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон жамиятда бағрикенглик сиёсатини изчил амалга оширар экан, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш бўйича саъй-ҳаракатларини фаол давом эттиради. Яқин ойларда минтақа учун ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилади. Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказилади.
Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори экани, халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссасини қўшишга доим тайёрлигини таъкидлади.